» » Таълим тизимида ўз фаолиятини олиб бораётган замонамиз қаҳрамони

Таълим тизимида ўз фаолиятини олиб бораётган замонамиз қаҳрамони

21 декабрь 2022 г 791 Комментарии: 0

Д.Садриддинова ҳақида яна бир илиқ ҳушхабар эшитдик. Халқ таълими вазирининг буйруғига кўра вазирликнинг Болаларни ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Д.Садриддинова фаолияти давомида жуда кўплаб ўринли ва ўринсиз танқидларга учради. Ҳаттоки баъзи ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан шахсиятига тегиш ва ҳар хил номақбул билан аташ ҳоллари ҳам кузатилган бўлсада ақиллийлик, босиқлик, мулоҳазалийлик билан зиёли инсон сифатида иш олиб борди ва ҳар бир муоммони ичига кириб, унга ижобий ёндашди.

Д.Садриддинованинг тинимсиз меҳнати эвазига Жиззах вилоят халқ таълими бошқармаси 2022 йилда ўз биносига, ўз уйига эга бўлди. Албатта бунинг ортида куну тун тиним билмай қилган меҳнатлари ва захматлари ётибди. Бу буюк ишларни халқ таълими бошқармаси жамоаси ҳеч қачон унутмайди.

Устоз деганда, ҳар қайси инсон кўнглида чуқур ҳурмат-эҳтиром ва чексиз миннатдорчилик туйғулари, шу билан бирга, ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб, адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси пайдо бўлади.

Бир неча кун олдин Жиззах вилояти халқ таълими бошқармаси ва вилоятдаги бутун педагоглар, устозлар салкам тўрт йил давомида Жиззах вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган Садриддинова Дилфуза Рўзиқуловнани ана шундай эъзоз ва эътироф билан кузатишди.

Д.Садриддинова Жиззах вилоятидаги тўрт йилга яқин фаолияти давомида ҳалоллиги, тизимдаги ходимларга нисбатан талабчанлиги, жонкуярлиги ҳамда изланувчанлиги билан барчанинг қалбидан бирдек жой эгаллади. Энг асосийси, соҳадаги кўп йиллик тажрибаси ва педагогик билимини таълим тизимининг ривожланишига сарф этиб, ўқувчиларнинг билим олиши, ўқитувчиларнинг педагогик фаолиятида янгича руҳ бағишлади.

Фаолиятини “Жаҳолатга қарши маърифат” шиорига қатъий амал қилган ҳолда олиб борган Д.Садриддинова вилоят таълим тизимида бир қанча йиллар давомида ўз ечимини топа олмаган мауммо ва масалаларни ҳал этиб, Ҳурматли Президентимиз томонидан бошлаб берилган “Янги Ўзбекистон” ислоҳотларини вилоятнинг энг чекка ҳудудларидаги таълим масканларигача етиб боришига эришди.

Жумладан, вилоятдаги умумтаълим мактабларидаги олий тоифали ўқитувчилар сони 922 нафардан 1 934 нафарга етказилиб, умумий ўқитувчиларнинг 70,8 фоизи ўз фани бўйича малака тоифасига, 605 нафар (жами педагогларнинг 31,8%) ўқитувчилар халқаро чет тилини билиш даржаси бўйича сертификатларга эга бўлди.

Бу борадаги сайъ-ҳаракатлар Д.Садриддинова томонидан хорижий мутахассисларни умумтаълим мактабларига жалб этиш ишларида ҳам ўз аксини топди.

Битирувчи ўқувчи ёшларнинг олий таълим муассасаларига қабул қилиниш кўрсатгичи, маълум бир маънода, умумтаълим мактабларидаги таълим сифатининг ошишини билдиради. Шу маънода, 2022 йилда 16 534 нафар битирувчидан 6 387 нафари (38,6%) олий таълим муассасаларига қабул қилинган. Бу кўрсаткич, сўнгги 3 йилда 4 баробарга, ёки, 8,2 фоиздан 38,6 фоизга (+29,8%) га оширилди.

Д.Садриддинова томонидан Халқ таълими вазирлигига ҳамда вилоят ҳокимлигига берилган таклифлари натижасида вилоятимизда лой (пахса)дан қурилган 29 та умумтаълим мактабларининг филиаллари бутунлай замонавий лойиҳа асосида қайта қурилиб, бугунги кунда фойдаланишга топширилди.

Д.Садриддинова бошчилигида мазкур мактабларда олиб борилган чора-тадбирлар натижасида 17 та қизил тоифали мактаблар қолди халос. Олис ҳудудлардаги педагоглар учун Жиззах тажрибаси сифатида “Таълимда мобил методик хизмат карвони” ташкил этилиб, натижада бугунга келиб таълим сифати паст кўрсаткичли мактаблар сони 81 тадан 31 тага камайишига эришилди.

Шунингдек, вилоятда мавжуд 22 324 нафар педагогларнинг ичида энг маҳоратли ўқитувчилар танланиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунинг билан бирга, ривожланган хорижий мамлакатларда малакасини янада оширилишини ташкил этиш мақсадида Жиззах вилояти тажрибаси “Маҳоратли педагог” ҳамда “Олтин фонд” лойиҳалари ташкил этилди.

Айтилаётган рақамлар ва маълумотларни барчамиз ҳам кўз билан кўриб, ўзимизда ҳис эта олмаслигимиз мумкин. Лекин, тизимда фаолият юритаётган педагог ўқитувчиларимиз билишади ва бу рақамларнинг ортида туну-кун қилинган машаққатли меҳнат ва чин фидоийлик ётибди.

Шу нуқтайи назардан, Д.Садриддинова чин маънода раҳбарликнинг залворли юкини зиммасига олган зиёли, метин иродали, инсонийлик ва бошқарувчилик хислатларини ўзида уйғун қилган раҳбар сифатида кўз олдимизда муҳрланди.

Албатта, она каби меҳрибон устоз ва тоғдек метинли раҳбар Д.Садриддиновани бир неча сўз билан таърифлаб, фаолиятини таништириш дарёдан бир томчидек бўлади. Шундай бўлса-да, Жиззах вилояти халқ таълими бошқармаси жамоаси ва вилоятнинг барча педагог ходимлари Устозга ўзларининг чексиз ҳурматлари ва миннатдорчилигини билдирган ҳолда, меҳнатлари самарасини жаннатмакон Ўзбекистонимизнинг ривожи, халқимиз ҳаётининг фаровонлиги йўлида хизмат қиладиган келажак авлод ёшлари кўзида, меҳнати ва ютуқларида кўришларини ишонч билан айта оламиз.

Жиззах вилоят халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!