» » Президентимизнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасига муносабат

Президентимизнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасига муносабат

23 декабрь 2022 г 908 Комментарии: 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасини маҳалла тизими ходимлари ҳам катта қизиқиш ва зўр ҳаяжон билан кузатди.

Мурожаатномада кўтарилган барча масалалар, белгиланган вазифалар ўта муҳимлиги билан аҳамиятли эканлигини алоҳида қайд этиб ўтмоқчиман.  Айниқса, Президентимиз томонидан 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим”, деб ном берилиши, юртимизда барча ислоҳотлар замири “Инсон қадри учун” деган тамойилга асосланишини яна бир бор исботлади. Бугун мамлакатимизда илм-фаннинг ривожланиши, юртимизнинг замонавий технологиялар асосида равнақ топишида таълим тизимига эътиборни кучайтириш энг долзарб масала ҳисобланади.

Аслида ҳам, Ватан – остонадан бошланади. Мен бунга “Ватан – аввало кўнгилдан бошланади”, деган қўшимча қилмоқчиман. Ўз киндик қони тўкилган, туғилиб ўсган гўшасини севувчи, шу юрт, шу эл учун фидоийлик кўрсатишга қалбида куч топа олган инсон чинакам ватанпарвардир!

Яна бир жиҳат эса ҳар битта жамиятнинг энг кичик бўғини оила, хонадонлар серфайз, оилалар тинч-тотув бўлса, ўша ерда қут-барака бўлади, деган тамойилдир. Оилалар бирикуви эса – маҳалла.

Бугунги кунда туманимизда 39 та қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари мавжуд бўлиб, якунланиб бораётган йилда туманимизда ҳам ушбу ўзини ўзи бошқарувчи органларга раислар сайлови бўлиб ўтди. Ушбу сайловларда эл таниган, билган, маҳалла ичида обрў-ҳурматга эга бўлган инсонлар раисликка сайланди.

Бугунга келиб, маҳаллалар ободлиги, фаровонлиги учун кўпнинг хизматида бўлишни ҳар биримиз ўзимизга шараф ва бурч деб биламиз!

Мана шуларни ҳисобга олган ҳолда, Юртбошимизнинг кечаги  Мурожаатномасида устувор масала қилиб белгиланган инсон омили, унинг яхши таълим-тарбия олиши, сифатли тиббий хизматдан фойдаланиши, ўзини ўзи банд қилиши, тадбиркорлик билан шуғулланиши, ижод қилиши, ўзи севган касб билан машғул бўлиши, умуман олганда,  ўз тақдирни ўзи белгилаши учун юртимизда барча имкониятлар бор. Ушбу имкониятлардан тўлақонли фойдалана билган ва кечагина ижтимоий кўмакка мухтож бўлиб турган минглаб юртдошларимиз бугун “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”дан чиқиб, ўз йўналишларида маълум ижобий натижаларга эришаяпти.

Бу борада, маҳалла тизимига кириб келган ҳоким ёрдамчилари, Ёшлар масалалари бўйича етакчилар, хотин-қизлар масаласи бўйича раис маслаҳатчиларининг хизматларини ҳам эътироф этиб ўтиш лозим.

Халқимизда “Қарс – икки қўлдан”, деган нақл бор. Дарҳақиқат, Давлат, шахсан муҳтарам Президентимиз, у кишининг жойлардаги ишончли вакиллари бўлмиш вилоят ва туман ҳокимлари, ҳоким ўринбосарлари, секторлар раҳбарлари, маҳалла тизимидаги фаоллар  қанча кўп ҳаракат қилса-да, боқимандачилик кайфиятидан ўзи чиқа олган, ўз тақдири учун бефарқ бўлмаган, фарзандлари турмушини яхшилаш ниятидаги инсонлар аввало ўзлари ҳаракат қилмаса, матонат кўрсатмаса, фойдаси бўлмайди.

Бу нарсани менталитетимизга сингдириш, инсонларда интилиш ҳиссини кучайтириш учун оқсоқолларимиз, маҳалла қўмиталари қошидаги доимий кенгашлар, кайвонилар, намунали оила бошлиқларининг ёшлар билан учрашувлари, “Уч авлод учрашуви”, “Қайноналар мактаби”, “Боболардан ўгитлар” каби мавзулардаги давра суҳбатлари орқали тарғиб ва ташвиқ этилмоқда.

Мурожаатномада халқимиз истиқболи ҳамда мамлакат равнақи учун ҳар бир раҳбар, ҳар бир фуқаро қандай иш тутиши ва юритиши билан боғлиқ вазифалар аниқ ва равшан қилиб белгилаб берилди.

Ҳар соҳага оид масалаларга тўхталиб, аниқ таклиф ва тавсиялар билдирган Президент миллатлараро дўстлик, диний конфессиялар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, ижтимоий бағрикенглик муҳитини яна мустаҳкамлаш учун барча имкониятларни сафарбар этилишини ҳамда бутун дунёда ривожланиб бораётган радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби хатарлар бизни ҳам четлаб ўтмаётганини афсус билан ёдга олиб, барчани огоҳ бўлишга яна бир бор чақирди.

Албатта, Президентимизнинг ҳар бир йўналиш бўйича илгари сурган ташаббус ва таклифлари бугунги шиддаткор давр ва жаҳонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалардан келиб чиққани билан аҳамиятли бўлди. Яна бир эътиборли томони, бу ташаббуслар айни пайтда такомиллаштирилаётган Конституцияда ҳам акс этиши зарурлиги қайд этилди. 

Маълумки, барча ислоҳотларимиз замини ва кўзгуси бу – маҳалла. Жамиятимиздаги барча жараёнлар маҳалла ҳаётида ўз ифодаси ва амалий ечимини топади.

Маҳалла – тинчлик ва осойишталик пойдевори, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарбия қўрғони. Шунинг учун ҳам Президентимиз бундан буён давлат инвестиция дастурлари маҳалла даражасига туширилишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

2023 йилда аҳоли томонидан таклиф берилган сув, электр энергияси, йўл, мактаб каби йўналишлар бўйича лойиҳалар учун қарийб 3 баробар кўп, яъни 8 триллион сўм йўналтирилиши, ҳар бир маҳалла ўзининг кутубхонаси, спорт майдончасига эга бўлиши зарурлиги, маҳалла ўзининг муаммосини мустақил ҳал этиши учун “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилиши, бунинг учун янги йилда 1 январдан бошлаб мол-мулк ва ер солиқларининг бир қисми маҳалланинг ўзида қолиши зиммамизга янада кўпроқ масъулият юклайди.

Президентимизнинг “Албатта, эришаётган барча ютуқларимиз, инсон қадри улуғ бўлган диёр – Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги дастлабки натижалардир. Биз бунёдкор халқимиз билан бирга бундай эзгу ишларни давом эттирамиз ва олдимизга қўйган катта-катта марраларга албатта эришамиз”! деган сўзлари миллионлаб юракларда акс-садо берди.

Мана шу ишонч кайфияти билан янги 2023 йилни қарши олаётган барча юртдошларимизни самимий муборакбод этар эканман, оилаларимиз тинч ва хотиржам, дастурхонларимиз файзли, ўғил-қизларимиз, яқинларимиз соғ-саломат, дуогўй отахон ва онахонларимизнинг умри узун, юртимиз осмони осуда, юртбошимиз омон бўлишини тилаб қоламан!

Парманов Собир Ўралович,

“Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш”

Зомин туман бўлими раҳбари

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!