» » Президент топшириқлари ижрода ва назоратда

Президент топшириқлари ижрода ва назоратда

30 декабрь 2022 г 718 Комментарии: 0

Президентимиз раислигида жорий йилнинг 7 ноябрь куни ўтказилган маҳаллий саноатни янада ривожлантириш борасида мавжуд имкониятлар ва янги захираларни сафарбар этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси доирасида Жиззах вилоятида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Вилоятда 4 минг 454 та саноат корхонаси мавжуд. Айни пайтда улардан 4 минг 19 таси ёки 90,2 фоизи фаолият кўрсатмоқда. Шундан, йирик саноат корхоналари сони 30 тани, кичик саноат корхоналари эса 3 минг 989 тани ташкил этмоқда.

Вилоятда енгил саноат ва тўқимачилик, машинасозлик, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, электротехника, металлургия, тоғ-кон, мебель, қоғоз, кимё ва бошқа турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Сўнги беш йил мобайнида вилоятда янги турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Жумладан, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 25 минг дона енгил автомобиллар, 5 минг тонна қандолат маҳсулотлари, 2 миллион тонна портландцемент, 520 тонна целлюлоза, 500 тонна сендвич панеллар, 222 минг тонна базалть арматуралари ва базалть маҳсулотлари, 3 минг 500 тонна саморезлар ва 10 минг тонна стекловата маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Юртбошимиз раислиги ўтказилган видеоселектор йиғилишида Жиззах вилоятидаги ишлаб чиқариш ҳажмини камайтирган 2 та йирик ҳудудий саноат корхонасининг ҳажмини ошириш кўрсатилган эди.

Дарҳақиқат, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида ушбу 2 та йирик ҳудудий саноат корхонасида 9 миллиард 400 миллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми камайган. Жумладан, Ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Бўстон олами” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамиятидан олинган кредитдан 25 миллиард сўмлик қарздорлик шаклланганлиги сабабли, корхона айланма маблағлари танқислиги вужудга келган. Натижада жорий йил давомида 0,5 миллиард сўмлик ўсимлик ёғи ва озуқа ем маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан (13,4 фоиз) 3 миллиард 200 миллион сўм кам ҳажм қайд этилган.

Бугунги кунда, кўрсатилган амалий ёрдамларга қарамасдан корхона таъсисчилари томонидан мавжуд кредит қарздорлиги сўндирилмасдан келган ва корхона банкрот деб топилиб, кредит гаров таъминотидаги мол-мулклар банк балансига олинган.

Ишлаб чиқариш ҳажмини камайтирган яна бир ҳудудий саноат корхоналаридан бири “Жиззах сув таъминоти” МЧЖ томонидан истеъмолчиларнинг янги сув ҳисоблагичлар ҳамда сувни тежовчи ускуналар билан жиҳозланиши, ҳудудда сув сарфи тежалиши натижасида ҳисобот даврида тармоқлар ва аҳоли хонадонларига 46 миллиард 300 миллион (ўтган йили 52 миллиард 500 миллион) сўмлик ичимлик суви етказиб берилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан (88,1 фоиз) 6 миллиард 300 миллион сўм кам ҳажм қайд этилган.

Мазкур камайтирилган ҳажмлар вилоятда амалга оширилган йирик инвестиция лойиҳалари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳисобидан тўлиқ қопланди. Жумладан, жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида Жиззах шаҳрида фаолият юритаётган йирик ҳудудий корхона “Master Bilding Products” МЧЖ томонидан қўшимча 44 миллиард сўмлик, Ғаллаорол туманидаги “ADM Jizzakh” МЧЖ томонидан қўшимча 709 миллиард 600 миллион сўмлик, Пахтакор туманида фаолият юритаётган “Jizzakh Agritrade” МЧЖ томонидан қўшимча 64 миллиард 800 миллион сўмлик, умумий қийматда 814 миллиард 800 миллион сўмлик қўшимча ҳажмлар ишлаб чиқарилди.

2022 йилда Жиззах вилоятида инвестиция ва экспорт соҳасида ўтган 2021 йилда 307 миллион 800 минг АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилган. Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини тасдиқлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини бошқаришнинг янги ёндашув ва механизмларини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига асосан 2022 йилда 394 миллион 600 минг АҚШ доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилиши белгиланган. 

Январь-октябрь ойлари якуни билан 322 миллион 400 минг АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилди. Йил якуни билан 431 миллион 500 минг АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши кутилмоқда.

2023 йилда 451 миллион 300 минг АҚШ долларилик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитларни ўзлаштириш бўйича прогноз белгиланган бўлиб, бу 2021 йилга нисбатан 147 фоизни, 2022 йил прогнозига нисбатан 114 фоизни ташкил этади.

Жиззах вилояти бўйича 2022 йилда 260 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт прогнози белгиланган. Шундан 215 миллион АҚШ доллари саноат маҳсулотлари ва 45 миллион АҚШ доллари қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари экспортини ташкил этади. Шундан, жорий йилнинг январь-ноябрь ойлари давомида 188 миллион 600 минг АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилди. Бугунги кунда вилоят бўйича 23 турдаги – жумладан, ип-калава, мева-сабзавот, тайёр тўқимачилик, озиқ-овқат, минерал ўғитлар, кимё саноати каби маҳсулотлар экспорти амалга оширилмоқда.

Вилоятнинг экспорт салоҳияти ортмоқда. Жумладан, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар тури ва ҳажми ортди. Экспортёр корхоналар сони 23 тага кўпайди. Энг асосийси, экспорт жуғрофияси кенгайди. Болгария, Македония, Перу, Руминия, Чили, Япония ва бошқа янги хорижий бозорлар ўзлаштирилиши натижасида хорижий давлатлар сони 41 тага етди.

Вилоятда 2022 йилда 4 триллион 900 миллиард сўмлик 417 та ҳудудий инвестиция лойиҳалари ишга туширилиши ва 6 минг 729 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган. Бу борадаги ишлар тизимли амалга оширилмоқда. Инвестиция лойиҳалари асосида кўплаб янги иш ўринлари яратилмоқда. Барча ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда жорий йил якуни билан 10 триллион 338 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб прогноз кўрсаткичлари тўлиқ бажарилиши таъминланади.

Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини тасдиқлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини бошқаришнинг янги ёндашув ва механизмларини жорий этиш тўғрисида”ги қарори ҳамда видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси Жиззах вилояти ҳокимлигининг доимий назоратига олинган.

Абдували Мустанов,
Жиззах вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт
ва камбағалликни қисқартириш масалалари
бўйича биринчи ўринбосари

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!