Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахнинг бир қатор ҳудудларида табиий газдан фойдаланишда қонунга амал қилиш ҳолати бўйича рейд ўтказилди
25 январь 2023 г 431 Комментарии: 0
Совуқ об-ҳавода айрим юртдошларимиз ва “тадбиркорлар”нинг табиий газдан фойдаланишдаги ноқонуний хатти-ҳаракатлари аҳоли хонадонларига табиий газни бир меъёрда етиб бормаслигига сабаб бўлаётир. Бу эса газ таъминоти ходимларига нисбатан норозилик кайфиятини келтириб чиқармоқда.
“Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали ходимлари томонидан ўтказилган назорат тадбири фақат ўзини ўйлаётганларнинг сирини фош этди. Назорат гуруҳи томонидан Жиззах шаҳри “Жиззахлик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги чойхона, умумий овқатланиш жойлари, маиший хизмат объектлари ва аҳоли хонадонлари кўздан кечирилганида, фуқароларнинг табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиб келаётганлиги маълум бўлди.
– Маҳаллада ўнга яқин хонадонда табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланилаётгани аниқланиб, зудлик билан бартараф этилди, тегишли тартибда далолатномалар расмийлаштирилиб, қонун доирасида чоралар кўрилмоқда, – дейди “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали етакчи муҳандиси Музаффар Салимов. – Газ сўрғичларни ноқонуний ўрнатиш оқибатида кекса ота-онаси, ёш боласи бўлган ён қўшниси совуқда қийналиб ўтирганлар бор.
Шунингдек, Зарбдор туманида жойлашган “Z.p” корхонасига қарашли паррандачилик биноси иш бошқарувчи фуқаро Б.Д. томонидан ҳеч қандай шартнома ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларсиз ўзбошимчалик билан юқори босимли газ тармоғига уланиб, ноқонуний равишда фойдаланиб келинган. 376 минг 900 куб метр табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланилгани оқибатида давлат манфаатларига 248 миллион 800 минг сўмлик зарар етказилган.
– Ўғриланган 376 минг 900 куб метр табиий газ – бир кеча-кундузда 16 мингта истеъмолчи хонадонини табиий газ билан ўртача даражадаги босимда таъминлаши мумкин эди, – дейди газ таъминоти филиали етакчи муҳандиси Музаффар Салимов. – Ўғрилик сабабли кўплаб истеъмолчиларга табиий газ меъёр даражасида етиб бормай, аҳоли совуқдан азият чекмоқда.
Назорат тадбирларида маълум бўлишича, газ босимининг ўта юқорилаб кетганлиги сабабли нохуш ҳолатлар ҳам юз берган.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!