Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Сифатли таълим: нималарга эътибор қаратиш зарур?
27 январь 2023 г 1 079 Комментарии: 0
Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида асосий инвестиция таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилиши таъкидланганди. Бундан кўриниб турибдики, мактабларда таълим сифати, жамиятда ўқитувчи нуфузини ошириш, устоз-муаллимларнинг шароитларини яхшилаш 2023 йилдаги энг асосий вазифалардан бири бўлади.
Жорий йил 20 январь куни давлатимиз раҳбари раислигида мактабларда хорижий тиллар ва касб ўргатиш тизимини ривожлантириш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилишда ҳам хорижий тилларни ўқитиш сифатини ошириш ва ўқувчиларни касбга йўналтириш масалалари кенг муҳокама қилинди. Улкан ривожланиш сари юз тутаётган мамлакатимиз ёшлари учун бугун хорижий тилларини билиш муҳим.
Хўш, таълим тизимида, хусусан чет тилларини билиш, касб-ҳунар ўрганиш борасида қандай камчиликлар бор? Мактабларда 1-синфдан 11-синфгача чет тиллари қай даражада ўргатилмоқда ва бу бугунги халқаро талабларга жавоб бера оладими? 11 йил мактабда ўқиган бола чет тилини нега мукаммал ўзлаштира олмаяпти? Ушбу муаммоларни бартараф этиш ва мактаб ўқувчисини касб-ҳунарга йўналтиришда нималарга эътибор қаратиш лозим?
Жиззах вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика университети ҳамкорлигида Зомин туманида ташкил этилган ўқув-семинарда ана шу саволларга жавоб берилди.
Вилоятнинг Зомин, Зарбдор ва Янгиобод туманларидаги мактаб директорлари, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбарлари, университет профессор-ўқитувчилари “Келажак касблари” маркази фаолияти билан танишди.
Шароит ва мутахассислар йўқлиги сабаб ёшларни касбларга қизиқтириш муҳити шаклланмаган, мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келмоқда.
Шундан келиб чиқиб, умумий ўрта таълим мактабларида касб-ҳунар устахоналари ташкил этиш, уларни жиҳозлаш ва зарур ашёлар билан таъминлаш вазифаси қўйилди. Мактаблар қошида ташкил этиладиган “Моно-марказ” фаолияти ўқувчи ёшларни касб-ҳунар, хорижий тил курслари, рақамли технологияларга ўқитишга йўналтирилган.
– Ўтган йиллардаги касб-ҳунар коллежлари фақат диплом беради, деб танқид қилинарди ва бу гапда жон бор, – дейди Жиззах вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Сарвар Назарқосимов. – Аслида, бундай таълим масканларида билим, амалий кўникма, ҳар қандай янгиликни қабул қила олиш ва мослашиш қобилиятларини шакллантириш лозим эди. Минг афсуски, жараён ўқув хоналаридан ташқарига чиқмасди ва ёшларимиз фақат назарий билим билан чекланиб қўя қоларди.
– Сифатли таълим йўлида қўйилган талаб ва топшириқлар ҳамкорликдаги ҳаракатларимиз билан албатта амалга ошади, – дейди Абдулла Қодирий номидаги ЖДПУ ректори, профессор Шавкат Шарипов. – 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб ҳар бир шаҳар ва туманларимиздаги биттадан умумтаълим мактабларида иккинчи хорижий тилни ўқитиш йўлга қўйилади. Ўқувчиларимизни замонавий касбларга ўргатиш бўйича режалаштирилган тажриба-синов мактаблари – Дўстлик, Зомин туманлари ва Жиззах шаҳридаги 10 та мактабда амалга ошириладиган бўлди.
Ўқув-семинарида ёшларни замонавий касб-ҳунар ўрганишидаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида сўз борди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!