Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда қуйи бўғин давлат хизматчилари малакаси оширилмоқда
27 январь 2023 г 475 Комментарии: 0
Жорий йилнинг январь ойидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан барча ҳудудларда қуйи бўғин давлат хизматчилари учун соҳавий қисқа муддатли малака ошириш курслари ўтказилмоқда.
Маълумотларга кўра, мазкур ўқув курсларига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан жами 1 минг 300 нафардан зиёд шаҳар ва туманлар ҳокимликлари мутахассислари жалб этилган.
— Асосий мақсад тингловчиларнинг ўз соҳасида самарали фаолият юритиши учун зарур бўлган сиёсий-ҳуқуқий, касбий билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда кенг жамоатчилик ва аҳоли билан мулоқот қилиш салоҳиятини мустаҳкамлашдан иборат, — дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах филиали раҳбари Эркин Халбутаев. — Мазкур курслардаги мавзулар бевосита қуйи бўғин давлат хизматчиларининг таклифлари ва кундалик меҳнат фаолияти мезонлари асосида шакллантирилган бўлиб, машғулотлар тажрибали амалиётчи мутахассислар ҳамда профессор-ўқитувчилар томонидан олиб борилмоқда.
Жиззах вилоятида ҳам 23 январдан бошлаб 11 февралга қадар олтита йўналиш бўйича ўқув курсларида 176 нафар шаҳар ва туман ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарига бириктирилган бош мутахассислар ўз малакаларини ошириб, синов жараёнларидан ўтишади ҳамда белгиланган намунадаги сертификатларга эга бўлишади.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!