Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Форишда қишлоқ хўжалиги экин майдонларига сувни тежайдиган технологиялар жорий этилмоқда
27 январь 2023 г 577 Комментарии: 0
Фориш тумани ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан туманда қишлоқ хўжалиги тармоқларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан мулоқот ўтказилди.
Мулоқотда Сирдарё – Зарафшон ирригация тизимидаги Ҳавза бошқармаси Фориш туман Ирригация бўлими бошлиғи Бобораҳим Иброҳимов туманда қишлоқ хўжалик тармоқларида сувни тежайдиган технологияларнинг жорий этилиши юзасидан мулоқот иштирокчиларига сўзлаб берди.
Фориш туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 3 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, туманда 2022 йилда 910 гектар майдонга сув тежовчи технологияларни жорий этиш белгиланган эди. “Hilol Nur” хусусий корхонаси томонидан ўз маблағи ҳисобидан 71 гектар боғ майдонларида томчилатиб суғориш технологиялари жорий этилди. 1 дона сув тўплаш иншооти бунёд этилди. “Forish global agro” масъулияти чекланган жамияти томонидан 173 гектар майдонда чорва учун озуқабоп экинлар етиштириш учун томчилатиб суғориш технологияси жорий этилди.
Бундан ташқари “Nurzod” фермер хўжалигида 70 гектар озуқабоп экинлар етиштириш, “Буюк жавоҳир тимсоли” масъулияти чекланган жамиятида 45 гектар майдонда узумзор, 110 гектар бодомзор, “Subhidam baraka nur” фермер хўжалигида 35 гектар узумзор, “Алишер голд стар” хусусий корхонасида 70 гектар узумзор ва боғ, “Lazzat kafolat” хусусий корхонасида 70 гектар узумзор, “Domaine vigne” масъулияти чекланган жамиятида 35 гектар, “Олимлар макони” фермер хўжалигида 10 гектар, “Vegan line Forish lazzati” масъулияти чекланган жамиятида 100 гектар майдонларда томчилатиб суғориш технологиялари жорий қилинди.
Шунингдек, экин майдонларини ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий этиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. “Devoloped kapital” масъулияти чекланган жамиятида чорва озуқаси етиштириш учун 120 гектарда ёмғирлатиб суғориш технологияси ишга туширилди. “Forish agro Nurafshon” масъулияти чекланган жамиятида 200 гектар ерда ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий этиш борасида ишлар олиб борилмоқда.
Мулоқот давомида туманда 2023 йилда ҳам қишлоқ хўжалигига сув тежовчи технологияларни жорий этиш борасида амалга ошириладиган ишлар юзасидан ҳам маълумотлар берилди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!