» » Илмга интилган қиз

Илмга интилган қиз

16 февраль 2023 г 516 Комментарии: 0

Ёшлик инсон умрининг баҳоридир. Ёшликда олинган илм-маърифат тошга битилган битик сингари инсонга абадий йўлчи юлдуз сингари ҳамроҳ бўлиб, ҳаёт йўлини ёритиб туради. Бугун туманимизда илм-фаннинг этагидан тутиб, юритимиз тараққиётига ҳисса қўшаётган ёшларимиз кўпчиликни ташкил этади. Ана шундай илмга чанқоқ ёшларимиздан бири Гулилола Болтаевадир.
Гулилола Болтаева 1997 йилда «Боғдон» маҳалласидаги ибратли оилалардан бири бўлган Хуршид Жўрақулов оиласида таваллуд топди. У дастлаб тумандаги 33-умумтаълим мактабида таҳсил олди. Мактабда ўқиш жараёнида ўзининг илмга чанқоқлиги, қизиқувчанлиги, тиришқоқлиги билан устозлари эътиборини тортди. Таълим масканида турли тадбирларда, жамоат ишларида фаол иштирок этди. 2012 – 2015 йиллар эса тумандаги қишлоқ хўжалик коллежида информатика йўналиши бўйича билим олди.
Гулилола Болтаеванинг мактабда ҳам коллежда таҳсил олиш жараёнида чет тилини, айниқса инглиз тилига бўлган қизиқиши баланд эди. Шу боис таълим масканларида инглиз тилидан ўтиладиган дарс машғулотларидан ташқари ўзи ҳам мустақил равишда инглиз тилини ўрганиб борди.
Илмга чанқоқ қиз касб-ҳунар коллежини тамомлагач ҳужжатларини Жиззах давлат педагогика институтининг инглиз тили ва адабиёти факультетига топширди.
Ҳаракатчанлиги, кўзланган мақсад сари қунт билан интилиши натижасида давлат тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, институт талабаси деган шарафли номга муяссар бўлди. Талабалик кезларида ҳам изланди, ўқиб ўрганди.
Институтни муваффақиятли тамомлагач шу йилнинг ўзида Жиззах давлат педагогика институти магистратурасига кириб, таълим олди.
Билим ва маҳорати устида ишлаган одам албатта қадр топади. Гулилола Болтаева магистратурани битиргач бир йил давомида университетда инглиз тили методикаси бўйича ўқитувчи бўлиб ишлади. 2023 йил 4 январдан доктарантурани «таълим ва тарбия назарияси ва методикаси» йўналиши бўйича доктарант бўлди. Айни кунда у устози педагогика фанлари доктори, доцент Умид Жуманазаров раҳбарлигида инглиз тили бўйича илмий иш олиб бормоқда.
Юсуф Хос Хожиб бобомиз айтганидек, «Заковат бор жойда улуғлик бўлади, билим бор жойда буюклик бўлади». Илм-фан билан шуғулланиш, янги кашфиёт ва ихтиролар яратиш игна билан қудуқ қазишдек гап. Шундай экан, илм йўлини танлаб, ўз орзу истаклари йўлида меҳнат қилаётган бўлажак ёш олима қизимизга омадлар тилаймиз.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!