Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Вазир депутатлар саволларига жавоб қайтарди
17 март 2023 г 418 Комментарии: 0
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди. Унда “Табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масала юзасидан депутатларнинг саволларига фавқулодда вазиятлар вазири А. Қўлдошев жавоб берди.
Қайд этилганидек, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларнинг оқибатларини камайтириш ва самарали бартараф этиш аҳолининг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини таъминлаш, мамлакатни ривожлантиришнинг стратегик мақсадларига эришишда муҳим аҳамиятга эга.
Шу боис мамлакатимизда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, улар содир бўлганида ҳаракат қилиш бўйича яхлит давлат тизими ташкил этилган бўлиб, соҳанинг зарур меъёрий-ҳуқуқий базаси шакллантирилган.
Жойларда “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Президент фармон ва қарорларида белгиланган талаблардан келиб чиққан ҳолда аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишга қаратилган тизиимли ишлар йўлга қўйилган.
Шу жумладан, тошқин сувлари ва сел оқимларини хавф-хатарсиз ўтказиб юборишни таъминлаш, қор кўчиши ва ер кўчкиси ҳодисалари хавфини камайтириш бўйича ҳукумат комиссияси ташкил этилган. Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида вазирлик ва идоралар билан доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, табиий хусусиятли фавқулодда вазиятлар профилактикаси тадбирлари ўтказилган ҳамда хавфли гидрометеорологик ва геологик жараёнлар фаоллашиши мумкин бўлган ҳудудлар ўрганиб чиқилган.
Натижаларга кўра, гидрометеорологик ва геологик хавфли ҳудудлардан 21 та хўжалик — 104 нафар фуқаро доимий, 1 та хўжалик — 7 нафар фуқаро вақтинча кўчирилган, 24 та хўжалик — 101 нафар фуқаро яшаш уйлари атрофида муҳандислик-ҳимоя ишлари олиб борилган. Шу билан бирга, 180 та хўжалик — 571 нафар фуқаронинг муҳофаза, қирғоқ мустаҳкамлаш ишларини амалга ошириш орқали сел ва тошқин сувларидан хавфсизлиги таъминланишга эришилган.
Шунингдек, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тадбирлари доирасида 48 мингта текшириш ва 9 минг 800 та профилактик кўриклар ўтказилиб, тегишли кўрсатмалар берилган. Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини тарғиб қилиш ва бу борада фуқароларнинг саводхонлигини ошириш мақсадида 10 миллион 240 минг 678 нафар фуқароларни қамраб олган ҳолда суҳбат ва йўриқномалар, ходимларнинг фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича шайлигини ошириш мақсадида 58 та қўмондонлик-штаб ўқув машқлари, 1 минг 197 та махсус-тактик ўқув машқлари ўтказилган.
Магистрал газ қувурлари муҳофаза майдонларида мавжуд 2 минг 432 та ноқонуний қурилмадан 1 минг 924 тасини бошқа жойларга кўчириш ёки бартараф этиш юзасидан судга ҳужжатлар тақдим қилиниб, 798 та ноқонуний қурилма бартараф этилган.
“Ҳукумат соати”да депутатлар дарё ўзанлари ва қирғоқбўйи минтақаларини мустаҳкамлаш ҳамда сел ва сув тошқинларининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан саволлар беришди.
Вазирнинг таъкидлашича, техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар профилактикаси йўналишида 46 та йирик сув омбори ҳамда 34 та ГЭСнинг баҳор-ёз ёғингарчилик мавсумидаги сув тошқинини талофатсиз ўтказишга тайёргарлик, техник ва жисмоний хавфсизлик ҳолати ўрганиб чиқилган ҳамда 14 та махсус-тактик ўқув машқлари ўтказилган.
Бундан ташқари, дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш мақсадида вилоятлар ҳокимликлари тасарруфидаги 87 та сув объектида муҳандислик-ҳимоя ишлари олиб борилган. Натижада, 9817 та хўжалик, 5876 гектар экин майдонлари ва хўжалик томорқалари, 50 дан ортиқ ижтимоий соҳа объектлари, асосий ва ички автомобиль йўллари, кўприклар, сув иншоотлари ва бошқа объектларни сел ва тошқиндан муҳофаза қилишга эришилган.
Депутатлар республика ҳудудларининг сейсмик ҳолати ҳамда сейсмик хавфсизликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар билан ҳам қизиқдилар
Қайд этилганидек, бино ва иншоотларнинг сейсмик мастаҳкамлигини баҳолаш ҳамда электрон техник паспортларини шакллантириш мақсадида pasportbino.uz платформаси яратилиб, 157 минг 47 та бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлик бўйича электрон техник паспортлари шакллантирилган.
Хусусан, Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятларидаги станцияларга 20 та акселерометрлар ўрнатилиб, кучли зилзилаларни қайд этиш тармоғи ишга туширилган. Бундан ташқари, “Чорвоқ” ва “Андижон” сув омборлари ҳудудида сейсмикликни мониторинг қилиш мақсадида асбоб-ускуналар ўрнатилган. Ушбу тизим орқали давлат органлари ва аҳолига содир бўлган зилзила бўйича маълумотларни 5-7 дақиқа ичида етказиш тизими йўлга қўйилган.
Қизғин руҳда ўтган “ҳукумат соати”да депутатлар соҳа истиқболига қаратилган қатор таклиф ва тавсияларни беришди. Муҳокамалар сўнгида кун тартибидаги масала юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!