Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Фориш туманида 36 нафар болажонларнинг хатна тўйи ўтказиб берилди
18 март 2023 г 369 Комментарии: 0
Ўлкамизга Наврўз кириб келмоқда.
Ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва мурувват кўрсатиш, табаррук кексаларимизни йўқлаб, дуосини олиш, ногиронлар, ёрдамга муҳтож инсонлар холидан хабар олиш, ҳашарлар уюштириш, юртимизни янада обод қилиш каби савобли ишларимиз Наврўзнинг файзига-файз қўшмоқда.
Фориш туман ҳокимлиги томонидан “Биллур” тантаналар мажмуасида Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан кам таъминланган 36 нафар оилаларнинг фарзандлари учун хатна тўйи ўтказилди.
Фориш туманида истиқомат қилиб келаётган 36 нафар болажонлар учун бугун ўзгача кун бўлди. Уларнинг яқинлари даврасида хатна тўйлари тантана қилинди. Тантаналар мажмуасида болажонлар ва меҳмонлар карнай-сурнайлар садолари остида кутиб олинди.
Эгнига зарбоб тўн кийиб, кулиб турган мурғак қалб эгалари болажонлар, кам таъминланган оилалар фарзандларидир. Уларнинг юзига табассум, қалбига меҳр улашиш ниятида Фориш туман ҳокими Икром Матиев бошчилигида байрам дастурхони ёзилиб, болалар учун манзур ширинликлар билан тўлдирилди.
Тадбирда туман ҳокими Икром Матиев тўй болаларни, уларнинг ота-оналарини ва тадбир иштирокчиларини Наврўзи олам билан табриклади.
Шунингдек, тўй тантанасида маҳалла ва нуронийларни қўллаб қувватлаш бўлими бошлиғининг маслаҳатчиси Холмат Маматов ҳам сўзга чиқиб, тўй болаларни ҳамда тадбир иштирокчиларини Наврўз билан қутлади.
Фориш туман маданият маркази санъаткорлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқ ва жозибадор рақслар даврага файз киритди. Болажонлар, уларнинг ота-оналари, яқинлари дилбар куй-наволарга рақсга тушдилар.
Ҳеч ким меҳр-эътибордан четда эмас. Нуроний отахон-онахонлар томонидан униб-ўсишлари, келгусида давлатимиз, оиласи учун эзгу амалларни бажаришлари тиланиб, дуо қилинди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!