Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда энди шакар ишлаб чиқарилади
24 июль 2023 г 447 Комментарии: 0
Президентимиз раислигида жорий йилнинг 11 июль куни инвестициялар жалб қилишни янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги видеоселектор йиғилишида йил бошида режа қилинган хорижий сармояларни ўзлаштириш вазифаларининг ижроси кўриб чиқилиб, жорий йилги инвестиция ва ҳудудий дастурлар доирасида чет эл сармоясини ўзлаштириш бўйича катта марралар белгиланганлиги алоҳида таъкидланган эди.
Бу борадаги ижобий тажриба сифатида ўтган олти ойда Андижон шаҳри, Булоқбоши, Ромитан, Ғаллаорол, Фориш, Кармана, Давлатобод, Чуст, Каттақўрғон, Сирдарё туманларининг ҳар бири 50 миллион доллардан кўп тўғридан-тўғри инвестиция олиб келингани қайд этилганди.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу топшириқларига асосан Ўзбекистон Республикасининг Миср Араб Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси эҳромлар юртининг шакар ишлаб чиқарувчи йирик корхоналаридан бири – Nile Sugar ижрочи директори жаноб Эмад Фарид билан учрашиб бу масалани атрофлича муҳокама қилди.
Ишчан, дўстона ва ўзаро манфаатли руҳда ўтган ушбу учрашув жараёнида компания томонидан Ўзбекистондаги инвестициявий лойиҳаларга сармоя киритиш, Жиззах вилоятида қанд лавлаги етиштириш ва шакар ишлаб чиқаришнинг тўлиқ цикли лойиҳасини амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.
Хорижлик инвестор жаноб Эмад Фарид Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожлангани, ерлар унумдорлиги, сув таъминоти яхшилиги, хусусий фермерларни бирлаштирадиган ягона давлат тизими кластер мавжудлигидан хабардорлигини таъкидлади.
– Мазкур омиллар Nile Sugar компанияси томонидан мамлакатда шакар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лойиҳасини амалга оширишимизга туртки бўлишига ишончим комил. Компания учун Жиззах вилояти ҳудудида ажратилиши режалаштирилган 52 минг гектар ер майдонида қанд лавлаги етиштириш ва шакар ишлаб чиқаришнинг тўлиқ циклини ўз ичига олган умумий қиймати 500 миллион АҚШ долларига тенг йирик инвестициявий лойиҳани амалга оширишга тайёрмиз, – дейди Nile Sugar ижрочи директори жаноб Эмад Фарид.
Шу ўринда Миср давлати вакилларининг қайд этишича, Ўзбекистонда бизнес бошлаш имкониятлари билан танишиш, Жиззах вилоятидаги ерлар унумдорлигини ўрганиш учун 17-21 июль кунлари Nile Sugar компанияси делегацияси бизнес миссия билан Ўзбекистонда, жумладан Жиззах вилоятида бўлиб турганини ҳам таъкидлаш жоиз.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!