» » Биз ҳамжиҳатликда мустаҳкам оиламиз

Биз ҳамжиҳатликда мустаҳкам оиламиз

31 июль 2023 г 754 Комментарии: 0

Ўзбекистонда ҳар йили 30 июль — Халқлар дўстлиги куни кенг нишонланади. Ушбу ёрқин байрам, энг аввало, одамлар, халқлар, жамиятнинг турли қатламлари ўртасида миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, тотувлик ва халқлар бирлиги – жонажон Ватанимизнинг буюк бойлигидир. Бугунги кунда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилиб, уларнинг барчасини умумий маданият, анъана, урф-одатлар, тилларнинг яқинлиги, кўп асрлик дўстлик ва ўзаро ҳурмат ришталари боғлаб туради.

Серқуёш заминимизга турли мамлакатлардан келаётган меҳмонлар мамлакатимизда халқларнинг миллатлараро муносабатлари юксак даражада эканини – бу ерда барча миллат ва элатларнинг маданияти, тили ва анъаналарига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилаётганини ҳақли равишда таъкидламоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 августдаги қарорига асосан Қозон (Волгабўйи) Федерал университетининг Жиззах шаҳридаги филиали ташкил этилган эди. Бу ерда турли миллат ва элат вакиллари ўз касбий фаолиятларини олиб борадилар. Ўзбеклар, руслар, татарлар, уйғурлар, тожиклар ва бошқа миллат вакилларини ўзаро дўстлик, қардошлик ва бир-бирига бўлган меҳр-муҳаббат бирлаштириб туради.

Ҳаммамизга аёнки, биз ҳамжиҳатликда мустаҳкам оиламиз! Миллати ҳар хил лекин мақсади муштарак халқлар миллий байрамларини ҳамжиҳатликда нишонлаймиз.

Университет филиали билан вилоят рус миллий маданият маркази ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу ерда ҳам ўзбек ҳам рус миллий байрамлари кенг нишонланиб келинмоқда. Айниқса, “Наврўз”, “Мустақиллик”, Ҳайит”, “Масленитса” ва “Янги йил” байрамларини барчамиз ҳамкорликда ўтказамиз. Таъкидлаш жоизки, Қозон (Волгабўйи) Федерал университетининг Жиззах филиалида ўтказилаётган барча тадбир ва байрамларда дўстона муҳит ва ўзаро ҳамжиҳатлик доимо ҳукм суради. Турли миллат ва элат вакиллари ўзларининг ранг-баранг миллий либосларини кийиб, чинакам сеҳрли муҳит яратади.

Қувонч билан айта оламанки, бундай муносабатлар мамлакатимизда миллатлараро дўстлик ва биродарликни, ўзаро ҳурмат муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Елена НAВРУЗОВA,

Қозон федерал университети Жиззах филиали масъул ходими

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!