» » Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Жиззах вилояти ҳокимининг байрам табриги

Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Жиззах вилояти ҳокимининг байрам табриги

01 октябрь 2023 г 390 Комментарии: 0

Қадрли устозлар!

Аввало, сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда устоз деган шарафли номни улуғлаб келаётган барча жиззахликларни умумхалқ байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ушбу қутлуғ айёмни мамлакатимизда кенг нишонлар эканмиз, биринчи навбатда қадрдон мактабимиз, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон муаллимларимиз сиймоси кўз олдимизда намоён бўлади. Биз учун ибрат намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган мўътабар устозлар шаънига энг гўзал сўзлар, эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.

Зеро, ҳазрати Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, дунёнинг бор бойлик ва хазинаси билан ҳам устозларнинг олижаноб меҳнатлари ҳақини адо этиб бўлмайди. Ҳақиқатан ҳам, ҳар бир ёш авлодни ўз фарзандидек ардоқлаб, уларга таълим-тарбия беришдек масъулиятли иш учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар том маънода фидоий касб эгаларидир.

Бизнинг юртимиздан қанчадан-қанча қомусий олимлар, муҳаддису муфаққиҳлар, муфассир ва мутасаввифлар, донишманд ва мутафаккирлар, фан арбоблари етишиб чиққан. Уларнинг исмларини санаб адоғига етмайсан, бизга қолдирган илмий меросларининг эса чек-чегараси йўқ. Хўш, улар бу даражаларга қандай эришдилар? Уларнинг бундай мақом ва мартабаларга эришишининг сабаблари жуда кўп. Аммо улардан бу ҳақда сўраганларида, “Устозимга қилган хизматим ва кўрсатган эҳтиромим туфайли,”  дея жавоб беришган эканлар.

Дунёда шундай касб эгалари борки, уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин. Ўқитувчилар эса ҳаётимиз чароғбонларидир. Ким бўлмайлик, қайси соҳада ишламайлик, барчамизга муаллимлар таълим ва тарбия беришган. Халқимизда "Устоз отангдек улуғ", деган нақл бор. Кимки бу ҳаётда бирор ютуққа эришса, касбидан эъзоз топса, унинг қалбида устозларига, биринчи ўқитувчисига бўлган ҳурмат абадий муҳрланади.

Шунинг учун ҳам Сизлардан таълим ва тарбия олган, ўзини олдингизда умрбод қарздор деб ҳис этадиган барча инсонлар номидан Сизларга ҳар қанча миннатдорлик билдирсак шунча оз. Ҳаёт бор экан, ўқитувчилик касби ўзининг маъно-мазмуни ва олижаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди.

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ўқитувчиларга қарата "Сизларнинг ёшларимиз қалби ва онгига она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини сингдириш, уларни турли таҳдидлардан асраш, комил инсон этиб вояга етказиш йўлидаги беқиёс хизматларингизни барча ота-оналар, жамоатчилигимиз, бутун халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди", деган сўзлари фикримизнинг яққол тасдиғидир.

Биз шу қутлуғ айёмни кенг нишонлар эканмиз, Сизларнинг ёш авлодга билим беришдек мураккаб, аммо шарафли меҳнатингиз учун самимий миннатдорчилик билдиришни ўзимнинг муқаддас бурчим деб биламан.

Азиз муаллим ва мураббийлар!

Бугун юртимизда жуда кўп хайрли ишлар бўлаётганини ҳаммамиз кўриб, кузатиб, бундай яхши кунларнинг иштирокчиси бўлиб турибмиз. Ҳурматли Президентимизнинг оқилона сиёсатлари туфайли мамлакатимиз тараққиётнинг янги поғонасига кўтарилди. Бундай эзгу саъй-ҳаракатлар қаторида таълим-тарбия, илмий-ижодий соҳаларда ҳам катта тарихий воқеалар бўлмоқда. Бундай ўзгаришлардан халқимиз, айниқса, фарзандларимиз жуда ҳам мамнун.

Ўтган беш йил давомида ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуслари билан таълим ва тарбия жараёнларини тартибга солиш мақсадида 105 та норматив ҳужжатлар имзоланди. Жумладан, 2 та қонун, давлатимиз раҳбарининг 37 та фармон ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 66 та қарорлари қабул қилинди.

Мамлакатимизда кейинги етти йилда мактабгача ва мактаб таълими соҳасида мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилди. Бу мамлакатимизнинг  барча ҳудудларида яққол кўзга ташланмоқда. Хусусан, шу йилнинг 26 майида қабул қилинган “Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонига асосан республикамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ўз ўрнига эга бўлган бизнинг вилоятимизда ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганлиги қувонарлидир.

Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўйган ҳозирги кунда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосида барча соҳаларда кенг кўламли ўзгаришлар бошланиб кетди. Мазкур стратегияда белгиланган ислоҳотларнинг муваффақияти, мамлакатимизнинг дунёдаги ривожланган, замонавий давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши, аввало илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг ривожи билан, бу борада бизнинг дунё миқёсида рақобатдош бўла олишимиз билан узвий боғлиқ, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ вилоятимизда биргина мактабгача ва мактаб таълими соҳасида 2030 йилга қадар давлат ва хусусий шерикчилик асосида 400 та мактабгача таълим муассасалари қурилиб, болалар қамрови 100 фоизга етказилади. 750 минг ўқувчилар ўрни яратилади, яъни юзга яқин мактаблар қурилади ва реконструкция қилинади.

Сўнги йилларда Давлат дастурлари доирасида жами 252 та таълим муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ушбу мақсадлар учун жами 519,5 млрд.сўм маблағ ажратилди.

Жорий йилнинг ўзида Дастурлар доирасида  29 та умумий ўрта таълим мактабларида 79,2 млрд. сўмлик, 19 та мактабгача таълим ташкилотларида 44,0 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Жиззах шаҳрида 2 та, Зомин туманида 1 та янги мактаб қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, жорий йилда ўтказилган “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 22 та таълим муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишлари олиб борилди.

Бугунги мактабни замонавий техника воситаларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ва вилоят ҳокимлиги мактабларни энг янги турдаги компьютер техникалари билан мунтазам таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Таълим муассасаларида ўқувчиларнинг  илғор технологиялар асосида сифатли билим олишлари учун вилоят ҳокимлиги томонидан 196 та умумий ўрта таълим мактабларига 3 072 дона замонавий компьютер техникалари етказиб берилди.

Бундан ташқари, 44 та умумий ўрта таълим мактаби электрон доска, 14 та мактаб робототехника воситалари билан таъминланди.

Вилоятдаги 555 та умумий ўрта таълим мактаблари доимий интернет тармоғига уланган бўлиб, шулардан, 444 таси  40 Мбит/с, 111 таси 100Мбит/с тезликда ишловчи интернет тармоғига уланди.

Янги ўқув йилидан касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти жорий этиладиган 13 та умумтаълим мактабларида маҳаллий ҳокимликлар томонидан тўлиқ жиҳозлаш ишлари олиб борилди.

Давр билан ҳамқадам ўқитувчилар, ўз устида доимий ишлаб, таълим соҳасига илғор усулларини олиб кираётган муаллимлар меҳнати ҳеч қачон изсиз кетмайди. Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказиладиган "Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб" танловининг туман (шаҳар) босқичи ғолиблари 1-ўрин учун 100 млн. сўм, 2-ўрин учун 75 млн. сўм, 3-ўрин учун 50 млн. сўмдан пул мукофотлари билан тақдирланди.   

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим" йили деб эълон қилиниши  бежиз эмас. Зеро, бугун ўқитувчиларимиз мажбурий меҳнат ва бошқа ишларга жалб этишдан тўлиқ озод этилди. Иш куни давомида фақат таълим ва тарбия билан шуғулланишлари учун шароитлар яратилди. Ўқитувчиларнинг ойлик маошлари икки баробарга оширилди ва қўшимча рағбатлантириш механизмлари жорий этилди. 117 нафар малакали педагог ходимларни Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг жамғармаси ҳисобидан қўшимча рағбатлантириш йўлга қўйилди. Бунда ҳар бир ўқитувчига 9 ой давомида 5 млн. сўмдан  устамалар тўлаб келинмоқда.

Ҳар қандай билимга мактабгача таълим муассасаларида пойдевор қўйилади. Ҳозирги кунда вилоятимизда 1418 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, уларнинг 235 тасини давлат, 12 тасини хусусий, 1 126 тасини оилавий ва 73 тасини давлат хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этади. Ҳудуддаги 127 207 нафар 3-7 ёшли болалардан 93 564 нафари мактабгача таълимга қамраб олинган. 

 2023 йилнинг биринчи ярмида бола қамрови паст бўлган ҳудудларда 3 325 ўринга мўлжалланган 115 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва 6 та давлат хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилотлари ўз фаолиятини бошлади. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, сўнги 5 йилда мактабгача таълим ташкилотларига қамров фоизи 16,4 фоиздан 73,6 фоизга ошди. Янги мактабгача таълим ташкилотлари барпо этиш ишлари бугунги кунда ҳам давом этмоқда.

Шунингдек, вилоятдаги 555 та умумий ўрта таълим мактабларида    261 616 нафар ўқувчиларга 22 505 нафар ўқитувчилар таълим бериб келмоқда.

Вилоятимизда ихтисослашган мактаблар сонининг йилдан йилга ошиб бораётгани таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Айни пайтда 12 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлари, Жиззах шаҳридаги Президент мактаби, Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаблари фаолият кўрсатмоқда. Мазкур таълим муассасаларида таълим олаётган 4114 нафар ўқувчиларга 449 нафар ўқитувчилар ҳамда 11 нафар хорижий халқаро тоифали мутахассислар таълим беришади.

Қисқа вақт ичида ушбу тизимда яратилган имкониятлар ва шарт-шароитлар ўз натижасини бермоқда. Жумладан, сўнгги 5 йилда умумий ўрта таълим мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари 8,4 фоиздан 38,7 фоизга ошди. 17 нафар ўқувчи Халқаро фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритди. Жумладан, Жиззах шаҳридаги 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб интернати ўқувчиси Дурахшон Алахонов Aл Хоразмий халқаро олимпиадасида 15 ёшгача бўлган ўқувчилар орасида бронза медали соҳиби бўлди. Бундан ташқари, 6 нафар ўқувчиларимиз “Эл юрт умиди” жамғармаси ғолиблари бўлишди.

Вилоятдаги 9 та умумтаълим мактабларида юқори синф ўқувчиларининг қобилияти ва танлови асосида таълим жараёнларини ташкил этиш тажриба-синовдан ўтказилмоқда.

25 та умумтаълим мактабларида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқитиш методикаси ва баҳолаш тизимлари жорий этилди.

Шу билан биргаликда, жорий ўқув йилида янгидан фойдаланишга топширилган 3 та умумтаълим мактабларида ушбу ўқитиш методикаси ва баҳолаш тизимлари жорий этилди ва ўқитувчилар танлов асосида қабул қилинди.  13 та умумтаълим мактабларида иккинчи хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти жорий этилди.

Мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларда ҳафтанинг бир куни “Касбий ривожлантириш куни” жорий этилиб, алоҳида тайёрланган кадрлар томонидан ўқитувчилар ўқитилмоқда.

Президентимизнинг ташаббуслари ва қўллаб-қувват-лашлари билан ўқитувчиларнинг касбий маҳоратларини ошириш, уларга замонавий методикаларни ўргатиш мақсадида 10 нафар хорижий мутахассислар жалб қилинади. Зўр “класс” лойиҳаси доирасида 9 нафар россиялик малакали мутахассислар ўз тажрибаларини вилоятимиз ўқитувчиларига ўргатишади.

Мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларнинг малака тоифасини бериш тартиби такомиллаштирилмоқда.

Ислоҳотлар ўрта махсус касб-ҳунар таълими ва олий таълим тизимида ҳам изчил амалга оширилмоқда. Вилоятимизнинг барча туманларида касб-ҳунар мактаблари ташкил этилди ва зарур техника воситалари, ўқув қуроллари билан таъминланди.

Жиззах шаҳрида 4 та университет ва битта институт фаолият кўрсатмоқда. Олий таълимда ёшлар қамровини ошириш мақсадида Жиззах педагогика университети ҳамда Политехника институтларида кундузги ва сиртқи таълим тизими йўлга қўйилди.

Азиз дўстлар!

Бугун барчамиз узоқ кутган «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳаси куни-кеча бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 45-ялпи мажлисида муҳокама этилиб, қабул қилинди.

Мазкур Қонун таълим соҳасида фаолият юритаётган 640 мингдан зиёд педагог—тарбиячи, ўқитувчи ва мураббийларининг ҳақ-ҳуқуқларини, жамиятдаги обрў-эътиборини юксалтиришга, улар орқали фарзандларимиз таҳсил олаётган таълим даргоҳларидаги муҳитни яхшилашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Давлатимиз раҳбарининг педагогларимиз фаолиятини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор Қарор ва Фармонлари мавжуд бўлиб, улар орқали педагогларни моддий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун шарт-шароит ва ҳуқуқий асослар яратилган. Шунга қарамай, педагогларимизнинг нуфузини ошириш учун ушбу Қонун жуда муҳим эди.

Қонун энг аввало педагогларга ўз касбий фаолияти билан шуғулланишига ғайриқонуний равишда аралашувлардан ҳимояланиш ҳуқуқи берилаётганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Мана шу биргина жиҳат, яъни педагог ўз касбий фаолиятини амалга ошириш чоғида ўз шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиши, педагогнинг нуфузини янги босқичга кўтаради, деб ўйлайман.

Қадрли устоз ва мураббийлар!

Шундай қувончли кунларда таъкидлаш жоизки, Давлатимиз раҳбарининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни" муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Фармонига кўра умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар таълими муассасалари ва олий ўқув юртларининг ўқитувчи ҳамда тарбиячиларидан бир гуруҳи давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлдилар.

Жумладан, «Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси» фахрий унвони билан Жиззах шаҳридаги
3-умумий ўрта таълим мактабининг математика фани ўқитувчиси Дилбар Абдуллаева, «Меҳнат шуҳрати» ордени билан Зарбдор туманидаги 25-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабининг физика фани ўқитувчиси Мухаббат Абсаламова, «Дўстлик» ордени билан Ғаллаорол туманидаги 40-умумий ўрта таълим мактабининг математика фани ўқитувчиси Данабай Куланов, II даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан Жиззах давлат педагогика университетининг бошланғич таълим назарияси ва амалиёти кафедраси профессори Умурзак Жуманазаров, «Соғлом турмуш» медали билан Шароф Рашидов туманидаги 23-умумий ўрта таълим мактабининг мусиқа фани ўқитувчиси Шахноза Бердиева ҳамда «Шуҳрат» медали Пахтакор саноат технологиялари техникумининг махсус фан ўқитувчиси Гузал Субонова ва Жиззах политехника институти академик лицейининг биология фани ўқитувчиси Муқаддас Холбутаеванинг тақдирланганлиги бизга чексиз фахру – ифтихор бағишлайди.

Ҳурматли устозлар!

Устознинг умри - мангу, чунки шогирдлари улар берган билим ва ўгитлар, илм зиёси билан инсониятни чароғон этади. Ҳа, жуда ҳам тўғри фикр. Муаллим - устоз шундай мўътабар зотки, унинг номи ҳам, умри ҳам ҳамиша боқийдир. Қалбимизда унутилмас из қолдирган қадрдон мактабимиз ва унинг бағрида кечган беғубор йилларимиз учун бизга билим берган, инсонийлик фазилатларини ўргатган меҳрибон ўқитувчи ва мураббийларимизни бугунги умумхалқ байрамида яна бир бор қутлайман.

Сиз борсизки, ҳаётимиз нурафшон, эртанги кунимиз — фарзандларимиздан кўнглимиз тўқ. Ўзбекистон фарзандлари чеҳрасидаги нур — бу тинчликнинг нури. Озод диёримиздаги ана шу осуда, фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин. Сиз ўқувчи ва талабаларингиз ҳузурига — синф хоналарига ҳамиша чеҳрангизда ишонч ва табассум билан кириб боринг!

Сизларни 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан вилоятимиз аҳли номидан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. Доимо соғ-омон бўлинг, азиз устозлар! Ёш авлодга зиё нурини таратишдан асло чарчаманг.

                Вилоят ҳокими                                   Э. САЛИЕВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!