» » Зарбдор туманида “Олтин водий” маданият маркази фойдаланишга топширилди

Зарбдор туманида “Олтин водий” маданият маркази фойдаланишга топширилди

09 октябрь 2023 г 322 Комментарии: 0

Сўнгги йилларда мамлакатимизда “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ”, “Обод хонадон” каби истиқболли дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани нафақат ҳудудлар ривожи, балки халқимиз фаровонлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур дастурлар асосида Жиззах вилояти Зарбдор тумани Бўстон шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудуди ҳам обод манзилга айланди.

Хусусан, тумандаги “Олтин водий” маданият маркази қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Бу халқимизнинг маънавиятини юксалтириш, қолаверса, маданият ва санъат муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларнинг амалдаги ифодаси, десак, айни ҳақиқат.

Қарийб 5 млрд. сўм сарфланган ушбу марказда аҳолига маданий хизмат кўрсатиш, ижодий жамоаларнинг миллий қадрият, урф-одат ҳамда анъаналарни ўзида мужассам этган намунали дастурларини шакллантириш учун барча шароитлар яратилган.

Жумладан, халқ ижодиёти ва бадиий ҳаваскорлик санъатини сақлаб қолиш ва ривожлантириш, бадиий ва амалий ижодий жамоалар ҳаваскорлик гуруҳларини ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолияти юритишлари учун барча шароитлар яратилган бўлиб, бу бевосита аҳоли ўртасида маданият ва санъат тарғиботида ҳам муҳим ўрин тутади.

Эътиборлиси шундаки, “Бўстон” шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилаётган ва санъатга қизиқиши баланд нуроний онахонларни янги марказ яна жам қилди. Улар маҳалланинг фольклор жамоасини ташкил этиб, ўз дастурларини янада бойитишмоқда.

— Педагогика соҳасида 40 йил ишлаб нафақага чиққанман, — дейди Улбўсин Маматова. — Бугун ушбу марказда етмишга кирган ва унданам ошган нуронийлар билан бирга ўзимизнинг фольклор жамоаси туздик. Мақсадимиз миллий анъаналаримизни халққа етказиш. Боиси санъат халқиники, уни халққа бериш керак. Олдинлари имкониятимиз йўқ эдида. Энди эса имкониятимиз бор. Бугун мана шундай қулайликларга эга марказ қуриб берилгани бизнинг, ёшларнинг, халқнинг бахти аслида.

Маданият марказининг очилиши зарбдорликларнинг қувончига қувон қўшди. Унда сўзга чиққанлар янги муассаса ҳудудга кўркамлик бахш этиши билан бирга, халқимизнинг асрлар давомида шаклланган юксак маънавий қадриятлари ва меросини асраб-авайлаш, миллий маданиятимизни кенг тарғиб этишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлашди.

Маданият марказига қадам ташлашингиз билан бу ердаги ўзгача муҳитни қалбан ҳис этасиз. Маданият, санъат арбоблари халқимиз суйган санъаткорлар қиёфаси акс этган суратлар ва ўзига хос безалган кошона таассуротларингизни янада оширади.

— Ушбу жойнинг ҳозирги ободликни кўриб, илгариги хароба ҳолати кўз олдимга келяпти, — дейди маҳалла фаоли Қувондиқ Абдураззоқов. — Ободликка нима етсин! Бу ерда турли тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди, бу ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш имконини ҳам беради. Яна бир эътиборли томони шундаки, ушбу марказ билан бирга маҳалла идораси ҳам уйғун жойлашган. Буям бир қулайликда! Одамлар маҳаллага бирор иш билан келса ҳам мана шу марказни кўради, кўзи қувнайди.

Маданият марказида ёшларнинг адабиёт, санъат, шунингдек, билимларини янада мустаҳкамлаши учун барча шароитлар яратилган. Айниқса, рақс, мусиқа тўгараклари орқали ёшлар ўзларининг маданият ва санъат соҳасидаги маҳоратларини бойитиб боришади.

Шаҳарчада санъатга ҳаваси баланд ёшларнинг кўплиги эътиборга олинадиган бўлса, янги марказ орқали маданият ва санъатга ошно тутинган ёшлар сафи янада кенгайиши шубҳасиз. Бундай масканларнинг фойдаланишга топширилиши халқ орасидан иқтидорлиларни кашф қилиш ва рағбатлантириш, аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши учун муҳим ўринга эга.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!