Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда экстремал тоғ туризми бўйича ғолиблар аниқланди
11 октябрь 2023 г 974 Комментарии: 0
Ушбу беллашув олдидан Жиззах шаҳридаги “Uzbеkistan Grand Hotеl” меҳмонхонасида ташкил этилган халқаро ўқув-семинарда мусобақа қатнашчилари ҳамда туризм бўйича маҳаллий ҳокимлик вакиллари иштирок этди. Тадбир давомида Жиззах вилояти туризм бошқармасида хорижий давлатлар билан ҳамкорликда ишлаш бўйича бир қатор англашув меморандумлари имзоланди.
– Бугун ушбу жаҳон чемпионати орқали Жиззах вилоятининг туризм имкониятлари ва салоҳияти билан яқиндан танишдик, – дейди Россия Федерацияси делегацияси аъзоси Ксеня Мубаракшина. – Бахмални Ўзбекистоннинг Швецарияси деб эшитгандим. Менимча, соф, мусаффо ҳавоси, бетакрор ва гўзал табиати, виқорли тоғлари, айниқса, қишлоқнинг очиқ кўнгил ва меҳмондўст одамлари билан Бахмал Швецарияданда юксакроқ эканига гувоҳ бўлдим. Ушбу мусобақада 4 йилдан буён иштирок этамиз, аммо жаҳон чемпионатининг бу галгидек аъло даражада ташкил этилганига биринчи марта гувоҳ бўлишим.
Уч кун давом этган экстремал тоғ туризми бўйича жаҳон чемпионатида жами 24 жамоа таркибида 250 нафардан зиёд хорижий ва маҳаллий ёш иштирок этди. Мусобақа қатнашчилари 4 йўналиш бўйича: пиёдалар масофаси, яккалик, жуфтлик (эстафета), аралаш ва жамоавий ҳолда ўзаро баҳслашди. Мусобақада умумжамоа ҳисобида Россия Федерацияси жамоаси 40 та медал жамғариб, 1-ўринни қўлга киритди. Ўзбекистон жамоаси аъзолари 37 та медал жамғариб, фахрли 2-ўринга сазовор бўлди. Учинчи ўрин 17 та медаль билан Қозоғистон Республикаси жамоаси аъзоларига насиб этди.
Ғолиб, совриндор ва турли номинация соҳибларига Жиззах вилояти туризм бошқармасининг диплом, фахрий ёрлиқ, медаллари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!