Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Коррупция жинояти ва жазо чоралари, унинг квалификация қилишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида
31 октябрь 2023 г 470 Комментарии: 0
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 210-моддасининг субъекти давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мансабдор шахси ҳисобланади.
Пора берувчининг манфаати учун тегишли ҳаракатларни бажариш ваколатига эга бўлмасада, лекин ўзининг эгаллаб турган лавозими мавқеига кўра пора учун ушбу ҳаракатлар бошқа мансабдор шахс томонидан бажарилиши учун чора кўриш мумкин бўлган мансабдор шахслар ҳам ушбу жиноятнинг субъекти деб топилиши лозим.
Пул, қимматбаҳо қоғозлар, моддий бойликлар, шунингдек, пора оладиганга қайтармаслик шарти билан, лекин мулкий моҳиятга молик бўлган (масалан, таъмирлаш, қурилиш, қайта тиклаш ишларини бажариш ва бошқалар) хизматлар пора предмети бўлиши мумкин.
Суд мансабдор шахс томонидан пора берувчининг манфаати учун қайси ҳаракатларни бажариш ёки бажармаслик эвазига пора олинганлигини аниқлаши ва ҳукмда кўрсатиши лозим. Бу ўринда порахўрлик учун жавобгарлик, пора ҳаракат содир қилингандан олдин ёки кейин берилишига боғлиқ бўлмасдан, пора олдиндан келишилганлиги, пора олувчининг манфаати учун бирон-бир ҳаракат бажарилган бўлишидан қатъи назар, келиб чиқишини назарда тутиш лозим.
Мансабдор шахснинг ўз қўли ёки назорати остидаги шахслардан уларни хизмат юзасидан ҳимоялаш ёки қуллаб туриш, ваколати доирасига кирувчи масалаларни ушбу шахслар манфаатларини кўзлаган ҳолда ҳал қилганлиги учун улардан пул маблағлари ёки бошқача бойликлар олишини пора олиш деб баҳолаш лозим.
Бойликлар ёки хизматларни олиш шартлари олдиндан махсус келишилмаган бўлсада, лекин жиноят иштирокчилари пора, пора берувчининг манфаатларини кўзлаб берилаётганлигини англаган ҳолларда ҳам мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари пора бериш ва олиш деб тан олиниши керак. Пора бериш ва олиш учун жавобгарлик ўзганинг мулкини талон-торож, мансаб сохтакорлиги, ҳужжатларни сохталаштириш ва шу каби бошқа жиноятлар билан бир вақтда жиноятлар мажмуи учун жиноий жавобгарликка тортишни мустасно қилмайди.
Агар тасаввур қилинган пора мансабдор шахс томонидан олинмаган ёки олишдан бош тортилган бўлса, пора беришга ҳаракат қилган шахснинг ҳаракатини пора бериш учун суиқасд қилиш каби тавсифлаш лозим бўлади. Аммо пора бериш ва олиш нафақат мансабдор шахснинг ўзи уни олганида, балки унинг ихтиёри ёки унинг топшириғи бўйича уни бошқа шахслар қабул қилганида ҳам тугалланган жиноят ҳисобланади.
Бошқа шахсга пора бериш йўли билан исталган ҳаракат ёки ҳаракатсизликка эришишни таклиф қилган шахс пора берувчи тариқасида жавобгар бўлади, пора учун келишилган ҳаракатни бажаришга келишган ва порани топширган шахс эса пора беришда иштирокчи тариқасида жавобгар бўлиши лозим. Агарда у таклифнинг моҳиятини билган ҳолда порани фақатгина тақдим этса, унинг ҳаракати порахўрликда воситачилик тариқасида тавсифланиши керак.
Пора олувчининг ёки берувчининг топшириғига кўра ҳаракат қилиб пора буюмини бевосита берувчи шахс воситачи бўлишини эътиборга олган ҳолда судлар пора олиш-беришда воситачилик қилишни пора олиш ва беришдан фарқлашлари зарур. Бу ўринда ЖКнинг 212-моддаси бўйича воситачининг ҳаракатини тавсифлашда унинг пора олувчи ёки берувчидан ўз хизмати эвазига мукофот олган-олмаганлигининг аҳамияти йўқ.
Порани бериш ёки олишни ташкиллаштирувчи, бунга йўналтирилган турли хил фаолият юритувчи ёки бўлмаса пора бериш ёки олишда ёрдамчи бўлган ва бир вақтнинг ўзида воситачилик ҳаракатларини бажарган шахс пора бериш ёки олишда иштирокчиликда жавобгар бўлади. Бу ўринда иштирокчининг ҳаракатини тавсифлаш масаласи у кимнинг манфаатини, ким томонидан ва кимнинг пора берувчинингми ёки олувчининг ташаббуси билан ҳаракат қилганидан келиб чиқиб, унинг қасди нимага қаратилганлигини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилиш лозим бўлади. Бундай ҳолларда ЖКнинг 212-моддаси билан қайта тавсифлаш талаб қилинмайди.
Пора олиш, пора бериш ёки пора олиш-беришда воситачилик қилишни такрорийлик белгисига кўра тавсифлаш ушбу жиноятнинг ўзини икки маротабадан кам бўлмаган миқдорда содир этилишини ва улардан ҳеч бири учун шахснинг судланмаганлигини ҳамда жиноий жавобгарликка тортишнинг муддати ўтиб кетмаганлигини тақозо этади.
Мансабдор шахснинг бир вақтнинг ўзида бир неча шахсдан пораларни олиши, башарти пора берувчиларнинг ҳар бири учун алоҳида қилмиш содир этилса, такрорий пора олиш деб тавсифланиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддасига кўра - Пора олиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига шахсан ўзи ёки воситачи орқали қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёхуд мулкий манфаатдор бўлиши — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пора олиш: а) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари ушбу Кодекснинг 211 ёки 212-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан; б) кўп миқдорда; в) тамагирлик йўли билан; г) бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса — беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пора олиш: а) жуда кўп миқдорда; б) уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса — ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ғиёсиддин Ялгашев
Жиноят ишлари бўйича
Жиззах шаҳар судининг раиси
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!