Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Мирзачўлда “Ўзбекистон – бағри кенг диёр” адабиётлар кўргазмаси ўтказилди
16 ноябрь 2023 г 270 Комментарии: 0
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 15 ноябрдаги “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Жиззах вилоятида Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилмоқда.
Бугунги кунда вилоятнинг шаҳар ва туманларида турли миллат вакиллари тинч-тотувликда истиқомат қилиб келмоқда. Жумладан, Мирзачўл туманида қозоқлар, Зомин ва Бахмал туманларининг тоғли ҳудудлари, шунингдек, Арнасой ва Дўстлик туманларида қирғизлар, Фориш, Пахтакор, Янгиобод туманларида тожиклар, Ғаллаорол тумани ва Жиззах шаҳрида рус ҳамда татар миллатига мансуб юртдошларимиз кўпчиликни ташкил этади. Бу халқлар шу даражада ўзаро яқинлашиб кетишганки, турмуши, ҳаёт тарзи, тўй ва маъракалари ҳам бир-бирига ўхшашдир.
Айни пайтда Жиззах вилоятида 6 та миллий-маданий марказ фаолият олиб бораётгани 30 дан зиёд миллат ва элат вакиллари истиқомат қилаётган воҳадаги маънавий ва маърифий муҳитнинг янада соғломлашувида ижобий аҳамият касб этмоқда.
Ҳафталик муносабати билан қатор маданий-маърифий тадбирлар, концерт дастурлари, ижодий учрашувлар ўтказилмоқда. Жумладан, Гагарин шаҳарчасида 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан Мирзачўл тумани ахборот-кутубхона маркази ходимлари томонидан “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” мавзусида бадиий адабиётлар кўргазмаси ташкил этилди.
Эътиборлиси, ушбу кўргазмада нафақат ўзбек, балки рус, қозоқ, тожик ва қирғиз тилларидаги “Жаҳон адабиёти дурдоналари кутубхонаси” туркумидан ўрин олган энг сара асарлар намойиш этилди. Кўргазма туфайли туман аҳолиси ўз она тилларидаги сара асарлардан баҳраманд бўлди.
“Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам турли тадбирлар ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!