» » Ўзбекистон – Татаристон соғлиқни сақлаш кунлари якунланди. Унда қандай натижаларга эришилди?

Ўзбекистон – Татаристон соғлиқни сақлаш кунлари якунланди. Унда қандай натижаларга эришилди?

23 ноябрь 2023 г 256 Комментарии: 0

Аввал хабар берганимиздек, шу йилнинг 10 ноябрь кунидан мамлакатимизда Ўзбекистон – Татаристон соғлиқни сақлаш кунларига старт берилган эди. 

Жиззах вилоятида мазкур акция якунларига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

Унда Татаристон соғлиқни сақлаш вазири М. Миннуллин, шунингдек, икки мамлакатнинг соғлиқни сақлаш соҳаси масъуллари, Татаристоннинг етакчи хусусий тиббиёт марказлари ҳамда йирик фармацевтика корхоналари вакиллари, республикамиздаги ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, тиббий олий таълим муассасалари, ҳудудий тиббиёт масканлари раҳбарлари иштирок этди.

Анжуманда қайд этилганидек, ўзбек ва татар халқлари ўртасидаги дўстлик алоқалари узоқ ўтмишга бориб тақалади. Ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган кўп қиррали муносабатлар, хусусан, тиббиёт соҳасидаги манфаатли алоқалар охирги йилларда жадал ривожланиб бормоқда.

Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил октябрь ойида Россия Федерациясига амалга оширган расмий ташрифи доирасида Қозон шаҳрида Татаристон Республикаси Раиси Рустам Минниханов билан бўлиб ўтган учрашуви ўзаро ҳамкорлик муносабатларига катта туртки берди.

Қолаверса, шу йилнинг август ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг соғлиқни сақлаш вазирлари йиғилиши ва Туркий дунё тиббиёт Конгрессида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири А. Иноятовнинг Татаристон соғлиқни сақлаш вазири М. Миннуллин билан учрашувида ҳам муҳим келишувларга эришилган эди.

Тадбирда Татаристон соғлиқни сақлаш вазири М. Минуллин ва ушбу мамлакатдан келган шифокорлар ҳам сўзга чиқиб, ўзаро ҳамкорлик натижасида икки мамлакат тиббиёт соҳасида улкан натижаларга эришаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон – Татаристон соғлиқни сақлаш кунлари доирасида, энг аввало, оғир хасталиклардан азият чекаётган 140 нафар беморда мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилди. Шунингдек, 200 дан ортиқ маслаҳатлашувлар ўтказилди.

Бундан ташқари, татаристонлик меҳмонлар Ўзбекистон тиббиётидаги трансформация жараёнлари билан танишиб, жойларда аҳоли учун тиббий кўриклар, маҳаллий шифокорлар учун маҳорат дарслари, семинарлар ташкил этилди.

Бунинг учун Татаристоннинг етакчи тиббиёт марказларида ишловчи энг моҳир мутахассислар, кардиология, урология, гинекология, онкология, офтальмология, травматология, педиатрия каби йўналишлар бўйича юқори малакали профессор-олимлар юртимизга ташриф буюриб, ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ўзаро билим ва тажриба алмашди.

Акция доирасидаги аксарият операциялар беморлар узоғини яқин қилиш мақсадида асосан ҳудудларда ўтказилди. Натижада Тошкентдан бошланган қўшма амалиётлар Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё, Андижон, Наманган, Хоразм ва Тошкент вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси каби қатор ҳудудларни қамраб олди.

Анжуманда юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасини трансформация қилиш, тиббий таълимни такомиллаштириш ҳамда фармацевтика саноатини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳозирда бу борадаги амалий ишлар бошлаб юборилди. Жумладан, акция доирасида вилоят тиббиёт муассасалари ҳамда Татаристоннинг етакчи клиникалари, ихтисослаштирилган марказлари ва тиббиёт олий таълим муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик ўрнатилди.

Бундан ташқари, тадбир доирасида Жиззах вилоят перинатал маркази ҳамда вилоятда барпо этилаётган замонавий кўп тармоқли тиббиёт маркази бошқарув тизимида татаристонлик малакали мутахассислар билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек, вилоят соғлиқни сақлаш тизимининг барча бўғинларида меҳнат қилаётган тиббиёт ходимлари учун Татаристоннинг нуфузли клиникаларида қисқа ва узоқ муддатли стажировкалар ва малака ошириш курсларини ташкил этиш бўйича муҳим келишувларга эришилди.

Ўз навбатида, татаристонлик мутахассислар иштирокида келгусида ҳам юртимиз тиббиёт муассасаларида қўшма тадбирлар ўтказиш юзасидан аниқ режалар белгилаб олинди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!