Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллиги муносабати билан вилоят ҳокимининг байрам табриги
08 декабрь 2023 г 519 Комментарии: 0
Азиз юртдошлар!
Аввало, сиз, азизларни, кўпмиллатливилоятимиз аҳлини қутлуғайём–Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан танлаб олинган ҳуқуқий-демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб келаётган Асосий қонунимизнинг миллий тараққиётимиздаги ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида, ғоят оғир ва мураккаб бир шароитда қабул қилинган Конституциямиз берган ҳуқуқ ва имкониятлар туфайли эл-юртимизнинг фидокорона меҳнати билан ўтган даврда ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида улкан ютуқ ва натижаларни қўлга киритдик.
Хабарингиз бор, шу йилнинг 30 апрель куни мамлакатимиз ҳаётида, ҳеч шубҳасиз, том маънодаги улкан тарихий воқеа бўлиб ўтди. Биринчи марта умумхалқ референдуми асосида янгиланган Конституциямизни қабул қилдик.Референдумда юртдошларимиз “Бу – менинг Конституциям”, деб ғурур билан овоз берди.
Референдум кейинги йилларда халқимизнинг сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқараши нақадар юксалганини амалда кўрсатди. Ушбу тарихий танлов орқали халқимиз Президентимиз Ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев бундан олти йил олдин бошлаб берган ислоҳотларга катта ишонч билан қараб, уларни тўла қўллаб-қувватлашини яна бир бор намоён этди. Эл-юртимизнинг ана шундай азму қарори асосида давлатчилигимиз ва иқтисодиётимизни бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратилди .
Конституциямиз лойиҳасини муҳокама қилишдан бошлаб то уни қабул қилгунча бўлган даврда ўтказилган умумхалқ муҳокамаларида миллионлаб ўзбекистонликлар қаторида вилоятимиз аҳолиси ҳам иштирок этиб, юқори сиёсий фаоллик кўрсатди. Референдумда иштирок этишда барча вилоятлар ичида энг юқори кўрсаткичга эришганимизни фахр билан таъкидлашни истардим. Шу нуқтаи назардан қараганда, янгиланган Конституциямизнинг чинакам муаллифи халқимиз бўлди, десам муболаға бўлмайди.
Албатта, халқимизнинг референдумдаги овози, билдирган юксак ишончи барчамизга катта масъулият юклайди, эл-юртимизни рози қилиш учун бизни янги марраларга ундайди, ислоҳотларни жадал давом эттиришга янада катта куч-ғайрат ва илҳом бағишлайди.
Азиз юртдошлар!
Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг давлатимиз, жамиятимиздаги улкан аҳамиятига юқори баҳо берар экан,“Ҳар бир давлат ўз истиқлол ва тараққиёт йўлини танлар экан, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган энг муҳим мақсад ва вазифаларини ўзининг Конституцияси – Асосий қонунида мустаҳкамлаб олади. Бинобарин, ўз халқининг хоҳиш-иродаси, дили ва тилидаги эзгу ниятларига ҳамоҳанг Конституцияга эга бўлган мамлакат ўзи белгилаган юксак марралардан ҳеч қачон оғишмасдан, доимо олдинга қараб боради.Тарихга назар солсак, асрлар давомида шаклланган маънавий-ахлоқий қадриятлар ва инсоннинг табиий ҳуқуқлари цивилизация жараёнлари натижасида Конституция шаклига келганини кўрамиз.Конституция башарият ҳаётида илк бор инсоннинг озод ва эркин яшаш, мулкка эга бўлиш, таълим олиш, меҳнат қилиш, сайлаш ва сайланиш каби ҳуқуқларини, сўз ҳамда эътиқод эркинликларини олий қадрият даражасига кўтарди” деган эдилар.
Дарҳақиқат, кўҳна заминимиз одамлари кўнглида устувор бўлган адолат, ҳақиқат, иймон, олижаноблик, бағрикенглик, мардлик, тантилик каби улуғ хислатлар янгиланган Конституциямиздан муносиб ўрин олди. У умуминсоний ғоялар – тенглик, эркинлик, биродарлик, халқлар ва миллатлараро дўстлик, мамлакат ва дунё барқарорлиги каби энг улуғ ғояларга хизмат қилади.
Бош қомусимиз муқаддимасида;
“Биз, Ўзбекистоннинг ягона халқи,инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга, давлат суверенитети принципларига содиқлигимизни тантанали равишда эълон қилиб,
демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғояларига садоқатимизни намоён қилиб,
инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш борасида ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятимизни англаган ҳолда, давлатчилигимиз ривожининг уч минг йилдан зиёд тарихий тажрибасига, шунингдек жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий меросига таяниб, мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини кўпайтиришга ҳамда ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлашга ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга астойдил аҳд қилиб, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига асосланган ҳолда,Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти, энг аввало, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларини ҳамкорлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик асосида мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга интилиб, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни, кўп миллатли жонажон Ўзбекистонимизнинг фаровонлигини ва гуллаб-яшнашини таъминлашни мақсад қилган ҳолда, ушбу Конституцияни қабул қиламиз ва эълон қиламиз” деган сўзлар битилган.
Ана шундай эзгу мақсадлар баён этилган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси бугунги кунда мамлакатимизда суверен демократик давлат барпо этиш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, иқтисодиётимиз ривожи ва турмушимиз фаровонлигини юксалтиришнинг асосий ҳуқуқий кафолати бўлиб келмоқда.
Қадрли юртдошлар!
Давлатимиз Раҳбарининг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармонида “...янгиланган конституциявий-ҳуқуқий шароитларда мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини такомиллаштириш ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш талаб этилмоқда” деган сўзлар битилган.
Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида янгиланган Конституциямизга таянган ҳолда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот, давлатимиз чегаралари дахлсизлиги, жамиятда қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлаш учун муҳим пойдевор бўлади ва халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун заруршарт-шароитлар яратади.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган асосий йўналиш ва вазифалар эса Конституцияда баён этилган демократия ва инсонпарварлик, халқчилликка суғорилган меъёрларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган бўлиб, Бош қомусимизда мужассам бўлган эзгу ғояларни рўёбга чиқаришнинг ўзига хос механизми бўлиб қолади.
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, рўй бераётган барча ўзгариш ва янгиланишлар асоси, миллий қонунчилигимиз пойдевори бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси жаҳон ҳамжамиятида замонавий демократик қонунчилик намунаси сифатида эътироф этилмоқда.
Янгиланган Конституциямизнинг биринчи моддасида “Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” деб, қатъий белгилаб қўйилганлиги тарихий аҳамиятга эга. Халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан Асосий қонунда муҳрланган бу принциплар – мамлакатимизнинг тараққиёт йўли ва тақдирини, унинг келажагини белгилаб беради.
Давлатимиз Раҳбари “Янгиланган Конституциямиз Учинчи ренессансини барпо этиш йўлида мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади” деб номланган маърузасида “Бугун биз тарихнинг янада масъулиятли ва ҳал қилувчи палласида турибмиз. Мамлакатимиз тараққиётида мутлақо янги даврга қадам қўймоқдамиз. Чунки, янгиланган Конституциямизни қабул қилиш билан биз Учинчи Ренессанс учун ҳуқуқий пойдевор яратдик. Бугун халқимиз интилаётган ана шу буюк мақсадни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшаман, деган ҳар бир юртдошимиз, аввало ушбу пойдеворга таяниб, ҳаракат қилиши лозим.Айниқса, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқаришда, ёшларимиз келажаги учун мустаҳкам замин ҳозирлашда Асосий қонунимиз уларга беқиёс имкониятлар очиб беради” деган эдилар.
Азиз вилоятимиз аҳли!
Вилоятимизни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш, халқ фаровонлигини ошириш, ёшларимиз учун имкониятлар эшигини кенг очиб бериш мақсадида ислоҳотлар йўлидан дадил қадам ташламоқдамиз.
Вилоят иқтисодиёти ўтган олти ярим йилда 1,4 марта ўсиб, 27 триллион сўмдан ошди.Саноат тармоқларида 2 миллиард долларлик 2,5 мингдан зиёд лойиҳа ишга туширилди.Бунинг ҳисобига, саноат ҳажми 2,1 баробар кўпайди, унинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши икки карра ошиб, 20 фоизга яқинлашди.
Энг асосийси, вилоятнинг барча туманларига саноат кириб бориб, маҳсулот ҳажми, янги иш ўринлари ва аҳоли даромади кўпаймоқда. Вилоятда саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида жами 400 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди.
Сўнгги йилларда мактабгача таълим тизимида қамров 16 фоиздан 75 фоизга, олий таълимда эса 14 фоиздан 40 фоизга етгани, албатта қувонарлидир. Вилоят ҳудудида аввал2 та олийгоҳ фаолият юритган бўлса, бугун уларнинг сони 5 тага етди.
Ислоҳотлар даврида вилоятдаги тиббиёт муассасалари сони ҳам кўпайиб, 280 тадан 450 тага ошди.
Жиззахдаги маҳаллаларни обод қилиш мақсадида сўнгги олти ярим йилда 7 триллиондан зиёд ажратилди.Жумладан, 700 километрдан зиёд сув тармоқлари ўтказилиб, 250 минг аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланди.
Шу билан бирга, 6,5 минг оилани қулай ва шинам хонадонлар билан таъминлаш учун 2 триллион сўмдан зиёд имтиёзли кредитлар ажратилди.
Энг муҳими, аҳолимизнинг турмуш шароити кескин яхшиланди,одамларимизда эртанги кунга, ислоҳотларимизга ишончи ортди. Бугун юртдошларимизнинг ҳар бири “ҳаётимда ижобий ўзгариш бўлмоқда”, деб айта олади.
Сиз, азиз Жиззахликлармана шундай улкан ютуқларингиз билан Янги Ўзбекистонни барпо этишга муносиб ҳисса қўшмоқдасиз ва бу билан ҳақли равишда ғурурлансангиз арзийди.
Бош қомусимиздаги “Ўзбекистон - ижтимоий давлат” деган тамойил асосида вилоятда ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, шу орқали одамлар турмуш шароитини яхшилаш энг устувор вазифаларимиздан бири бўлиб қолади.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга бориб Жиззах вилояти аҳолиси 1 миллион 800 мингдан ортиши кутилмоқда.Шу боис, келгуси етти йилда одамларимизга кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар сифатини янада ошириш бўйича пухта режалар ишлаб чиқдик.Хусусан, 400 та янги боғча ташкил этиш ҳисобига, вилоятда мактабгача таълимга бўлган эҳтиёж тўлиқ қопланиб, қамров 100 фоизга етказилади.
2030 йилга қадар, янги мактабларқуриш,мавжудларининг қувватини ошириш, шунингдек, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ҳисобига қўшимча 75 минг ўқувчи ўрни яратилади.Натижада, бирорта туманда 30 нафардан кўп бола ўқийдиган мактаб синфлари қолмайди. Барча мактаблар замонавий компьютер синфи, интерактив доска ва ўқув лабораторияси билан жиҳозланади.
Барча боғча ва мактабларда ўғил-қизларимиз учун фильтрланган ичимлик суви таъминоти йўлга қўйилади.
Умуман, аҳоли саломатлигини асраш масалалари доимо эътиборимизда бўлади.
Келгуси етти йилда 85 та тиббиёт муассасаси қурилади ва таъмирланади. Хусусан, аллергология, урология, нейрохирургия каби 12 та ихтисослашган марказ филиаллари ишга туширилади.Ғаллаорол ва Пахтакорда туманлараро перинатал марказлар очилади.Бундан ташқари, вилоятда болалар юрак жарроҳлиги йўлга қўйилади.
Бунинг ҳисобига, ҳар йили 500 нафардан зиёд юрагида нуқсони бор болаларда мураккаб операциялар ўтказилади.
Одамларимизнинг уй-жойга эҳтиёжини таъминлаш мақсадида, 2030 йилга қадар 25 минг оилага мўлжалланган 500 та кўп қаватли уй барпо этилади.
Вилоятда энг долзарб бўлган ичимлик суви масаласига эътиборни янада кучайтирамиз. Келгуси йилда Зарафшон дарёсидан 160 километр магистрал қувурини тортиш ҳисобига, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Дўстлик, Пахтакор, Мирзачўл туманлари ва Жиззах шаҳридаги 600 минг аҳолининг сув таъминоти тубдан яхшиланади.
Сув таъминоти оғир бўлган 100 та маҳаллада 2 минг километр ичимлик суви тармоқлари ўтказилади. Натижада, 320 минг аҳоли илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланади.
Умуман, 2030 йилга қадар вилоят аҳолисининг марказлашган ичимлик суви таъминоти 90 фоизга етади.
Шу билан бирга, келгуси етти йилда 3 минг километр ички йўллар, 90 та кўприк қурилади ва таъмирланади, бунинг ҳисобига 300 минг аҳолига қулайликлар яратилади.
Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун 31 триллион сўм йўналтирилади. Бундай марраларга эришиш албатта осон бўлмайди.Лекин, меҳнаткаш ва азму шижоатли жиззахликлар бир ишга киришса, албатта, уни охирига етказишига мен кўп марта гувоҳ бўлганман.Шу боис, бу вазифаларни, қанчалик мураккаб бўлмасин, барчамиз биргаликда албатта адо этамиз, деб ишонаман.
Азиз ва муҳтарам ватандошлар!
Кўзлаган марраларимиз қанчалик юксак ва мураккаб бўлмасин, уларга эришиш учун бизда барча имкониятлар бор.Буюк аждодларимиз мероси, халқимизнинг бунёдкорлик қудрати, интеллектуал ва маънавий салоҳияти, унинг меҳнатсеварлик ва тадбиркорлик фазилати бу йўлда бизга куч-қудрат манбаи бўлиб хизмат қилади.
Ишончим комил, сизлар билан, бутун халқимиз билан эзгу мақсадларимизга албатта етамиз. Янги Ўзбекистонни барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, биргаликда қурамиз.
Сизларни яна бир бор Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни билан муборакбод этаман! Улуғ мақсадлар йўлида барча саъй-ҳаракатларингизга барака, ҳаммангизга сиҳат-саломатлик, янги ютуқ ва зафарлар, оилавий бахт-саодат тилайман!
Эътиборингиз учун раҳмат!
Вилоят ҳокими Э. САЛИЕВ
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!