» » Одамлар ислоҳотлар самарасини амалда кўрмоқда (+видео)

Одамлар ислоҳотлар самарасини амалда кўрмоқда (+видео)

04 январь 2024 г 342 Комментарии: 0

Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниев билан суҳбат

                     

Мамлакатимизда кейинги йилларда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилиб, улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманларида ҳам “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган йирик лойиҳаларнинг ижроси таъминланмоқда.  

ЎзА мухбирининг  туман ҳокими Алишер Абдуғаниев билан суҳбатида ўтган йилда амалга оширилган ишлар ва 2024 йилдаги режалар ҳақида сўз боради.  

– Президентимиз бошчилигидаги амалга оширилаётган ислоҳотлар бутун мамлакатимиз бўйлаб барча соҳаларда ўзининг ёрқин самараларини бермоқда. Шу жумладан, Жиззах вилоятининг Зомин туманида ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. 2023 йилда зоминликлар учун қандай эсда қоларли воқеалар бўлди?

– Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар, олиб борилаётган оқилона ва халқпарвар сиёсат самарасида юртимизнинг барча ҳудудларида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун қулай шароитлар яратилмоқда, янги-янги иш ўринлари очилаяпти, – дейди Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниев. – Жумладан, бизнинг Зомин туманимизда ҳам бир қатор эсда қоларли бунёдкорлик ишлари бажарилди. 2023 йил давомида туманимизда 2 триллион 300 миллиард сўмлик 86 та лойиҳа амалга оширилди. Йил бошида жами 13 минг 429 та янги иш ўрни яратишни мақсад қилиб қўйган эдик. Бу кўрсаткични 14 минг 493 тага етказдик ёки режага нисбатан 108 фоизга бажарилди.  

Ташқи инвестиция, савдо ва маҳаллий саноатни ривожлантириш соҳасида 879 та янги иш ўрни яратишни режалаштирган эдик, бу борада 912 та янги иш ўрни яратдик ёки режани 104 фоизга, қишлоқ хўжалигида эса 6 минг 400 ўрнига 6 минг 940 та ёки режага нисбатан салкам 110 фоиз иш ўрни яратдик.

Президентимизнинг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2021 йил 28 апрелдаги “Зомин” туристик-рекреацион зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Зомин аэропорти” қуриб битказилди ва бугунги кунда “Тошкент – Зомин – Самарқанд” ва “Самарқанд – Зомин – Тошкент” йўналиши бўйича бир кунда 4 та рейс амалга оширилмоқда. “Тошкент – Самарқанд” йўналишидаги “Афросиёб” тезюрар поезди туманимиздаги Даштобод шаҳарчасида тўхтаб ўтаяпти. Бу ишлар нафақат сайёҳларга, балки аҳолимизга ҳам қулайлик яратиш мақсадида амалга оширилганини таъкидлаб ўтган бўлардим.  

Барча манбалар ҳисобидан 2023 йилда 3 триллион 574 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.

Инвестиция дастури доирасида ижтимоий объектларда 48 миллиард 600 миллион сўмлик қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари бажарилган бўлса, “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” ва “Қишлоқ  жойларни барқарор ривожлантириш” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 17 та аҳоли пунктида 52 миллиард сўмлик  ичимлик суви тармоқлари тортиш, электр тармоқларини яхшилаш ва ички йўлларни таъмирлаш ишлари бажарилди.  

Шунингдек, туманда 11 та аҳоли пункти ва 12 та умумтаълим мактабида артезиан қудуғи қазилиб, 103,4 километр ичимлик суви тармоғи тортилди, натижада туман аҳолисининг марказлашган ичимлик суви таъминоти даражаси 49,3 фоиздан салкам 60 фоизга етказилди. 150 миллиард сўм маблағ ҳисобига 60 километр йўлларга асфальт қопламаси, 80 километр йўлларга шағал ётқизилди.  

Булардан ташқари, маҳаллий бюджет ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан 30 километрдан ортиқ ички йўлларга шағал ётқизилди, аҳоли пунктларига 5 та артезиан қудуғи қазиб берилди, 6 километр ичимлик суви тармоқлари тортилди.  

Аҳолини уй- жой билан таъминлаш мақсадида 14 та кўп қаватли уй-жой қуриб битказилиши ҳисобига 310 та оила уй-жой билан таъминланди.

Барча хизматлар мужассамлашган савдо хизмати кўрсатиш мажмуаси барпо этилди. Стадион қайта таъмирланди. Соғлом турмуш тарзини амалга ошириш мақсадида тунги ёритгичлар ўрнатилган ҳолда 45 километрлик саломатлик йўлакчалари барпо этилди.

“Осиё тараққиёт банки” томонидан ажратилган 10 миллион АҚШ доллари маблағлари ҳисобига туманимиздаги қишлоқ оилавий поликлиника ва врачлик пунктлари, мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда умумтаълим мактабларининг қўшимча ўқувчи ўрнига зарурати бўлганларига қўшимча қурилиш, таъмирлаш, реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди.

3 йилдан буён қурилаётган лойиҳа қиймати 110 миллион АҚШ долларилик “Жиззах органик” йирик чорвачилик комплексининг қурилиши якунлангани ўтган йилнинг эсда қоларли воқеаси бўлди, деб айтиш мумкин.  

2 йил муқаддам хориждан 6 минг бош зотдор қорамол олиб келган эдик, ҳозир уларнинг сони 10 мингдан ошди.  

Шунингдек, Австралия давлатидан олиб келинган “Доппер” зотли 2 минг 100 бош қўй 4 минг бошга етди. Энг қувонарлиси, ушбу чорвачилик комплекси фаолиятини бошлагач, 1 минг 700 нафар фуқаромиз доимий иш ўрни билан таъминланди. Ҳисоб-китобларимиз бўйича, бу ерда 80 гектар майдонга энг сўнгги русумдаги замонавий молхоналар қурилиб, фойдаланишга топширилган. Буларнинг барчаси гўшт ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида амалга оширилган.  

Бу чорва молларининг гўшти “мармар тусли гўшт” деб юритилиб, гўшт маҳсулоти асосан Тошкент шаҳридаги ресторанлар ва Жиззах шаҳри ҳамда вилоятимиздаги ички бозорларга ҳам чиқарилмоқда.  

Туманимиз ҳудудида амалга оширилган ишлардан ташқари, “Зоминсой” кўнгилочар масканида 150 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилиб, 23 та объект фойдаланишга топширилди. “Зомин туристик рекреацион зонаси дирекцияси” ДУК ҳудудида 205 миллиард сўмлик осма дор йўли ва автомобиллар турар жойи, 49 миллиард сўмлик соғломлаштириш маскани, 84 миллиард сўмлик осма кўприк, 140 ўринли ресторан, 40 ўринли кафе ва никоҳ саройи. 80 миллиард сўмлик 29 та шалъе услубидаги уй, 56 миллиард сўмлик меҳмонхона ходимлари учун 120 ўринли 3 та ётоқхона ва кейтеринг маркази ҳамда ошхона, 94 миллиард сўмлик ичимлик ва оқова сув тармоқлари, 150 миллиард сўмлик электр тармоқлари (подстанция билан) барпо этилди.  

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўз депосини қуриб, у фойдаланишга топшириш арафасида турибди.

Дарвоқе, туманда “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида 569 мингдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчати экилди.  

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 мартдаги “Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида туманда секторлар ишчи гуруҳлари томонидан бириктирилган маҳаллаларда фуқаролар йиғинлари ходимлари, фаоллари ва маҳалладаги меҳнат инспекторига “жамоатчи ёрдамчи” билан биргаликда барча йўналишдаги муаммоларни уйма-уй юриш орқали хотин-қизларнинг мурожаатларини ўрганиш мақсадида хатлов ишлари ўтказилиб, натижада 4 минг 700 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож хотин-қиз аниқланди ва улар “Аёллар дафтари”нинг 6 та тоифасига ажратилди.  

Биринчи тоифага киритилган 1 минг 32 нафар “Ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз аёллар” 100 фоизининг бандлиги таъминланди. 2-тоифа “Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар”нинг 475 нафарига 100 фоиз кредит маблағлари ажратилди. 3-тоифада– “Боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар” 1 минг 539 нафарни ташкил этиб, уларнинг барчасига бир марталик жами 1 миллиард 847 миллион  сўмлик, 4-тоифадаги 973 нафар “Ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар”га жами 1 милилиард 175 миллион сўмлик, 6-тоифага киритилган жами 674 нафар “Қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд хотин-қизлар”га, жами 809 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. 5-тоифага киритилган 7 нафар “Уй-жойга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар”нинг эса 32 миллион сўмлик ижара пуллари 100 фоиз тўлаб берилди.

Булардан ташқари, ижтимоий ҳимояга муҳтож 48 нафар хотин-қизнинг уй-жойлари таъмирлаб берилган бўлса, 6 нафари ўқиш контракт тўловларининг 50 фоизи тўланганлигини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим.

Туманда олиб борилган хатлов ишлари натижасида Зомин аҳолисининг 30 ёшгача бўлганлар сони 92 минг 622 нафарни ёки қарийб 55 фоизини ташкил этди. Давлат ғамхўрлиги ва эътиборини кутаётган ҳамда кўмакка муҳтож 1 минг 42 нафар “оғир” тоифадаги ёшлар бўлиб, улар 21 нафар раҳбарга бириктирилган эди. Ушбу тоифадаги ёшлар билан ишлаш бўйича 1 минг 42 банддан иборат “йўл харита”лари ишлаб чиқилган. Бириктирилган масъуллар томонидан бугунги кунга қадар 1  минг 42 нафар ёшнинг барчаси билан суҳбатлашилганида, уларнинг 530 нафарида муаммо мавжудлиги аниқланган ва бу масалалар салкам 90 фоизга ҳал қилинган.  

Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 7 июндаги “Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори билан Васийлик кенгаши таркиби тасдиқланган бўлиб, бугунги кунда кенгаш “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаб, туман жамғармаси маблағларини мақсадли сарфлаш ҳисобига 2023 йил давомида тумандаги “Ёшлар дафтари”га киритилган 1 минг 732 нафар ёшдан 1 минг 726 нафарининг муаммолари бартараф этилиб, “Ёшлар дафтари”дан чиқарилишига эришилган. Шундан, 631 нафар ёшга  Ёшлар жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 миллиард  361 миллион сўмдан ортиқ ёрдам кўрсатилган.

Маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, жумладан, уларни “Беш ташаббус олимпиадаси”га жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган бешта муҳим ташаббус бугун туман ёшлари ҳаётида муҳим ўрин тутганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.

– 2024 йилда мўлжалланаётган режалар хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

– Зомин туманидаги 110 та қишлоқ ва маҳаллада 175 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Кириб келган янги йилда 39 та инвестиция лойиҳасини амалга оширишни режалаштирганмиз. Жумладан, саноат соҳасида 12 та, хизмат кўрсатишда 19 та, қишлоқ хўжалигида 8 та йирик лойиҳалар амалга оширилади.  

2024 йилнинг биринчи чорагида 80 квартирали кўп қаватли уй- жойларни фойдаланишга топширамиз. “Жиззах органик” йирик чорвачилик комплекси ҳудудида сутни қайта ишлаш заводини 2024 йилнинг 1-чорагида, гўштни қайта ишлаш цехини эса 2-чоракда ишга туширишни режалаштиряпмиз.  

“Зомин” туристик-рекреацион зонасида ҳам қатор янги лойиҳаларни амалга оширишни режа қилиб қўйганмиз.  

Ўтган 2023 йилда Вазирлар Маҳкамасининг топшириғи билан Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Бош прокуратура, Ички ишлар, Иқтисодиёт ва молия ва бошқа мутасадди вазирликлардан тузилган комиссия вакиллари билан туманни тубдан ўрганиб чиқдик.  Туманимизда ҳали кўплаб муаммолар мавжудлиги кўриниб қолди. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида амалга оширилиши лозим бўлган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадидан келиб чиқиб, бир қатор лойиҳаларни бажариш бўйича дастлабки 3 йиллик дастурни ишлаб чиқиб, ҳукуматга тақдим этдик. Унда 2024 – 2026 йиллар давомида муҳандислик-коммуникация соҳасида 187 та лойиҳани бажаришни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Жумладан, улар орасида Аҳолини тоза ичимлик суви, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир ҳамда электр билан таъминлаш, ички йўллар, ижтимоий объектлар қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш каби кенг қамровли лойиҳалар бор.Олис, чекка қишлоқларимизнинг 12 тасида мактабгача таълим ташкилотлари қуриш, 28 та мактабимизга қўшимча ўқувчи ўрни учун бино, 22 та мактабимизга ёпиқ спорт зали ва очиқ спорт мажмуаси, 24 та соғлиқни сақлаш объекти қуриб бериш ишлари режада мавжуд. Шунингдек, 3 та маданий мерос ва спорт объекти, 30 та маҳалла фуқаролар йиғинига янги бино қурилишини режамизга киритганмиз.  

Булардан ташқари, қишлоқ хўжалиги, иригация-мелиорация тармоқлари бўйича 14 та йирик лойиҳа амалга оширилади.

Туман марказининг архитектуравий қиёфасини янада гўзал ҳолатга келтириш мақсадида 23 та объект барпо этилади.  

3 йил давомида қурилиши битказиладиган барча объект сони 370 дан ортиқни ташкил этмоқда.  

Бу бажарилиши режалаштирилган бунёдкорлик ишларидан мақсад халқимизни рози қилиш, фаровонлигини таъминлашдир.  

Абдужалол Қаюмов суҳбатлашди

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!