Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Фориш туманидаги «Аёллар дафтари»дан чиққан тадбиркор
19 март 2024 г 384 Комментарии: 0
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2024 йил 14 март куни Сирдарё вилояти Сайхунобод туманига ташриф буюриб, аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш бўйича аниқ топшириқлар бериб, масъулларга маҳалла кесимида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш вазифасини қўйди.
Бу борада Фориш туманида ҳам аҳоли томорқасидан унумли фойдаланиш, экспортбоп маҳсулот етиштиришни кўпайтириш борасидаги ишлар олиб борилмоқда.
Фориш тумани «Қизилқум» маҳалласида яшовчи Азиза Худойбердиева «Халқ банки»дан 30 миллион сўм кредит олиб, 3 сотих жойда иссиқхона ташкил этди. Ушбу иссиқхонада турли экинлар кўчатларини етиштиришни йўлга қўйган.
Айни кунда иссиқхонада қовун, тарвуз, ҳандалак, ошқовоқ, помидор, булғор қалампири кўчатларини етиштирмоқда. Ушбу етиштирилган кўчатларни маҳалла ҳудудида фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари, қишлоқ хўжалик корхоналари ва аҳолига сотиб 50-60 миллион сўмгача даромад қилади.
Азиз Худойбердиева «Аёллар дафтари»га киритилганди. Унга кўрсатилган ёрдамлар туфайли ўзини ўнглаб олди.
Деҳқончилик қилиб, томорқасини ривожлантириб кам бўлмаяпти. У ўз фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида Шароф Рашидов туманида гулчилик билан шуғулланиб келаётган Шарофат Эргашевадан гул етиштириш сир-синоатларини ўрганиб келган.
Етиштирилган барча кўчатлар сотиб бўлингач улар ўрнида гул етиштирилади.
Излаган, интилиб меҳнат қилган одам кам бўлмайди. Муҳтарам Президентимиз аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш, шу ҳисобдан оилалар даромадини ошириш учун барча шарт-шароит ва имтиёзларни яратиб бермоқда. Ҳар бир оиланинг фаровон бўлиши юртимиз иқтисодиётининг янада ривожланишини мустаҳкамлайди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!