Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида қонун
21 июнь 2024 г 192 Комментарии: 0
Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида қонун
(2024 йил 5 июнь №ЎРҚ-931)
Ушбу Қонуннинг мақсади манфаатлар тўғнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Ушбу қонуннинг амал қилиниши давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига ҳамда ўз устав фондида давлат улуши 50 фоиз миқдорида ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига нисбатан фақат уларнинг давлат харидлари соҳасидаги муносабатларга татбиқ этилади.
Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими – давлат органларида ёки бошқа ташкилотларда меҳнат шартномаси асосида ёхуд сайлаб қўйиладиган ёки тайинланадиган лавозимларда фаолиятни амалга ошираётган бошқарув ходими.
Манфаатлар тўқнашуви – шахснинг (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришга таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келиши мумкин бўлган (эхтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазият.
Яқин қариндошлар – ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғиллар, қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари.
Давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш чоғида махсус бўлинмага маслаҳат сўраб мурожаат этиш, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияда кўрсатилиши керак бўлган маълумотлардан ташқари қўшимча маълумотларни электрон ёки ёзма шаклда тақдим этиш ҳуқуқига эга.
Мавжуд манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда, ўз иш юритувидаги ҳужжатлар бўйича қарор қабул қилингунига қадар ўзининг бевосита раҳбарини ёки махсус бўлинмани ҳолат ҳақида бир иш кун ичида ҳамда бошқа ходимларга нисбатан ўзига маълум бўлган манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бериши шарт.
Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ўзи билан меҳнат шартномаси тугатилган ёки бўшатилган ходими икки йил ичида охирги иш жойида ўзи бевосита ёки билвосита назоратни амалга оширган ташкилотлар ёки уларнинг таркибий бўлинмалари томонидан ишга ушбу ходим меҳнат фаолиятини амалга оширган ташкилотларнинг коррупцияга қарши ички назорат ходимининг хулосасига асосан қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир.
Манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар аниқланганда, битимни бекор қилиш, қарорни ҳамда бошқа ҳужжатни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида давлат органларига ёки бошқа ташкилотларга тақдимнома киритади ёхуд уларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида судга даъво киритади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этмаганлик билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида беённомани тузади ва уни кўриб чиқишлик учун судга юборади.
Ўзбекистон Республикаси МЖТК 1934-модда. Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларини бажармаслик.
Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими қуйидаги ҳолларда мавжуд манфаатлар тўқнашуви ўзига маълум бўлиб қолган пайтдан эътиборан бир иш куни ичида мавжуд манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги белгиланган шаклдаги хабарномани тўлдириши ва ўзининг бевосита раҳбарига ёки махсус бўлинмага тақдим этиши шарт, агар:
яқин қариндошлари бевосита ходимнинг бўйсунувидаги ишга қабул қилинган бўлса ёки ходимнинг ишга фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида ўзига алоқадор шахслар жалб этилган бўлса;
у ўзига алоқадор шахсларга тааллуқли масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда иштирок этаётган бўлса;
яқин қариндоши текширув ўтказилаётган объектда текширув йўналиши бўйича масъул мансабдор шахс сифатида ишлаётган бўлса ёки мазкур текширув объекти унга алоқадор шахс бўлса;
Давлат органлари раҳбари ўз ваколатлари доирасида кўрилган чоралар тўғрисида махсус бўлинмага бир иш куни ичида ахборот тақдим этиши шарт.
Махсус бўлинма кўрилган чораларнинг етарлиги тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун ахборотни уч кун ичида одоб-ахлоқ комиссиясига тақдим этади.
Ташкилотнинг ходими шахсга доир маълумотлари ўзгарган тақдирда, эхтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияни тўлдириши ва ҳар йили 15 январдан кечиктирмасдан махсус бўлинмага тақдим этиши керак.
Махсус бўлинма эхтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хар йилги декларацияни ҳар йили 15 февралгача умумлаштиради ва тахлил қилади, эхтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича чораларни етарлигини таъминлаш учун ҳар йили 1 мартга қадар одоб-ахлоқ комиссиясига таклиф киритади.
Ходим ишга қабул қилинаётганда ёхуд ходим бошқа ишга ўтказилаётганда декларацияни тақдим этгандан кейин, махсус бўлинма текшириш ишларини беш кунлик муддатда амалга оширади.
Манфаатлар тўқнашувини аниқлаш эхтимолий манффаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациядан, давлат харидлари жараёнида олинган таклифлардан, харид комиссияси мажлисларининг баённомаларидан, тузилган шартномалардан, мурожаатлардан ёки хабарлардан, ваколатли орган томонидан ўтказилган текшириш бўйича киритилган тақдимномани ўрганиш орқали амалга оширилади.
Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан маълумотлар тақдим этилгандан кейин ўн иш куни ичида кўриб чиқилади ва бартараф этиш бўйича чораларни кўриш ёхуд ходимни тегишли жавобгарликка тортиш тўғрисида таклиф киритади.
Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган ҳолда қабул қилинган қарорлар ёки тузилган битимлар суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилади.
Коррупцияга йўл қўйилган ҳолда тузилган битим ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, бундай битимни тузиш натижасида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарни ўрни айбдор шахслар томонидан суд тартибида қопланади.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.
Вилоят ҳокимлиги Коррупцияга қарши ички назорат шўъбаси
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!