Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Форишда солиқ қонунчилигидаги янгиликлар тадбиркорларга етказилди
26 декабрь 2018 г 2 288 Комментарии: 0
Яқинда Фориш туман ҳокимлигида Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармаси, вилоят прокуратураси ва билоят божхона бошқармаси ҳамкорлигида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 29 июлдаги "Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги Фармони ижроси ва навбатдаги вазифаларга бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди. Унда тумандаги 300 нафарга яқин тадбиркорлар таклиф этилди.
Тадбирда халқ билан мулоқот, тадбиркорлар иштирокидаги мунозаралар чоғида олинган фикр ва таклифларнинг кўпчилигида, аввало, солиқ сиёсатининг барқарор бўлиши, ҳар йили кутилмаганда эълон қилинадиган турли қарорлар туфайли ўзгариб кетмайдиган, адолатли, тушунарли, энг муҳими, мувозанат сақланган солиқ тизимини шакллантириш масаласи кўтарилганлиги ҳақида гапирилди.
Вилоят ДСБ бошлиғи Абдукарим Ишназаров кун тартибидаги масала юзасидан сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги Фармонининг 2-бўлими б-бандида: "ўтган йил якунлари бўйича йиллик айланмаси (ялпи тушуми) 1 миллиард сўмдан ошган ёки жорий йил давомида ушбу белгиланган чегаравий миқдорга етган корхоналарни умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказилиши борасидаги янгиликларга тўхталиб ўтди.
Унга кўра амалдаги Солиқ кодексининг 355-моддасида ялпи тушум таркибига нималар кириши кўрсатилган. Унга молиявий ҳисобдаги реализациядан ташқари яна баъзи бошқа кўрсаткичлар ҳам киритилган. Ялпи тушум корхоналарнинг банкдаги ҳисоб рақами бўйича оборотлардан аниқланмайди. Масалан, товар (иш, хизмат) учун аванс тарзида тушган, лекин ҳали улар бўйича реализация бўлмаган тушумлар, қарз тариқасида тушган пуллар, устав фондини шакллантириш учун таъсисчилардан тушган пул ва бошқалар солиқ солиш мақсадида ялпи тушумга кирмайди. Мазкур концепцияда солиқ тизимини ислоҳ қилишдаги муҳим устуворликлар ва асосий йўналишлар назарда тутилган. Унда кўриб чиқилган масалалар солиққа оид қонун ҳужжатларида, хусусан Солиқ Кодексида ўз аксини топиши кераклиги таъкидланди.
Учрашувда тадбиркорларни қизиқтирган саволларига батафсил жавоб берилди. Айниқса, бугунги кунда фуқароларнинг мулкни ижарага бериш шартномаларини расмийлаштириш давлат нотариал идоралари томонидан амалга оширилмоқда. 2019 йилдан бошлаб бу хизмат тури давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга ошириш белгиланган.
Жорий этилаётган янги тартибга кўра, эндиликда кўчмас мулк бўйича тузиладиган ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш белгиланди. ДСҚ томонидан бу борада тегишли ишлар амалга оширилиб, "Кўчмас мулк ижара шартномаларини ДСХОда мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисида”ги низом ишлаб чиқилганлиги айтилди.
Ушбу Низомга мувофиқ, кўчмас мулк ижара шартномалари солиқ органларида мажбурий ҳисобга қўйишда шахсни тасдиқловчи ҳужжат ва белгиланган шаклда икки томон ўртасида шартнома тузилиши талаб этилади холос.
Бу фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларидан ортиқча ҳужжатлар талаб қилиш ва сарсон бўлишларига барҳам беради. Ўз навбатида фуқароларнинг Солиқ кодекснинг 192-моддасига асосан дастлабки декларация тақдим этилиши бекор қилинмоқда.
Семинарда солиқ имтиёзларидан унумли фойдаланган тадбиркорлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Сардор Ражабов - Фориш туман ДСИ раҳбари
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!