Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда "Дарахтга нафас беринг" тадбири ўтмоқда
12 июль 2024 г 384 Комментарии: 0
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли яшаш ҳудудларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ва яшил майдонларни кенгайтиришга кўпроқ эътибор қаратиляпти.
Дов-дарахтларни асраб-авайлиш, уларни парваришлаш ва турли салбий таъсирлардан муҳофаза қилиш ҳам шу кундаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Шу туфайли Экология вазирлиги томонидан июл ойи давомида “Дарахтга нафас беринг” аксиясини ташкил этилди. Жиззах вилоятида ўтказилаётган мазкур аксияда давлат назорат органлари билан ҳамкорликда жамоатчилар ҳам иштирок этмоқда.
Дарахтларга осилган чироқлар, реклама баннерлари ва бошқа жиҳозлар дарахтларнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Шунингдек, дарахт шохларига безак учун илинган электр осма чироқлар дарахтларнинг ривожланишига тўсқинлик қилибгина қолмай, электр таъминотининг танқислигига ҳам сабаб бўлади. Ачинарлиси, нафақат Жиззах шаҳрининг марказий кўчаларида, балки бошқа кўпгина хизмат кўрсатиш ва овқатланиш жойларида ҳам бу ҳолатлар яққол кўзга ташланмоқда. Буларнинг олдини олиш мақсадида Жиззах вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан "Дарахтга нафас беринг" тадбирлари уюшқоқлик ўтказилмоқда.
- Дарахтларга реклама баннерларини осиш, унинг остки қисмини бетонлаб ташлаш ёки мих ва электр симлари билан ўраб ташлаш дарахтларга шикаст етказиш каби баҳоланади ва дарахтга етказилган зарарга қараб чоралар қўлланилади, - дейди Жиззах вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси биохилмахиллик бўлими бош мутахассиси Нодир Тоғаев. - Кеча Жиззах шаҳрининг "Иттифоқ," "Обод", "Маданият", "Заргарлик" МФЙлари ҳудудларида ўтказилган мазкур аксияда экология ходимлари билан бирга Миллий Гвардия, ИИБ жамоат тартибини сақлаш бўлими ходимлари ҳам иштирок этди. Тадбир давомида дарахтларга қоқилган электр чироқлари, реклама баннерлари ва видеокамералар олиб ташланди. Шунингдек, бетон қопламалари билан қопланган дарахтларнинг ости бетон ва асфалт қопламаларидан халос этилди.
"Дарахтларга нафас беринг" тадбири июл ойи давомида мунтазам ўтказиляпти. Ўтган давр мобайнида 32 та ҳолатда дарахтларнинг ости бетонланганлиги аниқланиб, бетон қопламалар олиб ташланди. 48 та дарахтга электр симлари ва чироқлари илинганлиги ҳолатлари маълум бўлди. Шунингдек, дарахтларга кўрсатилган салбий таъсирлар натижасида 13 та ҳолатда шикаст етказилганлиги аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан 33 млн. 320 минг сўм миқдорда жарималар қўлланилган. Ўсимлик дунёсига эса 8 млн. 840 минг сўм миқдорида зарар етказилганлиги учун даъво суммалари белгиланган.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!