» » Фотовидеорепортаж:Салоҳияти юксалаётган Фориш тумани

Фотовидеорепортаж:Салоҳияти юксалаётган Фориш тумани

30 июль 2024 г 824 Комментарии: 0

Бугун Фориш тумани нафақат вилоятимизда балки мамлакатимизда ҳам саноатлашган, иқтисоди бақувват туманга айланиб бормоқда.


Фориш тумани ҳокими Икром Матиев оммавий ахборот воситалари вакиллари ва ижтимоий тармоқ вакиллари билан учрашувда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, саноат соҳасини янада юксалтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди.
Маълумки, Фориш тумани азал-азалдан ўзининг ширин-шакар, табиий тоза узумлари билан довруғ таратган. Фориш узумлари довруғини қайта тиклаш, уни янада ривожлантириш борасида ишлар давом эттирилмоқда.

Тадбиркор Камол Холматов раҳбарлик қилаётган «BUYUK JAVOHIR TIMSOLI» масъулияти чекланган жамияти томонидан лойиҳа қиймати 600 миллион сўм бўлган узумнинг қора кишмиш навини кўпайтириш борасида янги узумзорлар барпо этилаяпти.
Йилига 400 минг тонна қора кишмиш навли узум етиштирилиб, шундан 100 минг доллар миқдорида маҳсулот хорижга экспорт қилинади.
Лойиҳа қиймати 30 миллион АҚШ доллари бўлган яна бир янги корхона «ZOMIN KAFEL INVEST» масъулияти чекланган жамияти томонидан бунёд этилмоқда.

Мазкур янги корхона гидроксид, калций ишлаб чиқариш корхонаси бўлиб йилига 300 минг тонна гидроксид кальций ишлаб чиқаради. 15 миллион доллар хорижий инвестициялар жалб этилган. Корхона ҳар йили 1 миллион тонна маҳсулотни хорижга экспорт қилади. Мазкур корхонани ишга туширилиши ҳисобига янгидан 50 та янги иш ўрни яратилади.
Фориш тумани ҳудудида катта захирага эга бўлган базальт тошини қайта ишлаш ва турли қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳалари изчил давом эттирилмоқда.

Бу борада «BASFIBER TRADE» масъулияти чекланган жамияти томонидан базальт тошидан тола ва мато ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Мазкур корхона Чехиянинг «PSP Engineering» компанияси билан ҳамкорликда бунёд этилмоқда.

Лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард 840 миллион сўм бўлиб, хорижий инвестиция 19 миллион 130 минг АҚШ долларини ташкил этади. Корхона йилига 25 минг тонна базальт тошидан тола ва мато ишлаб чиқаради. Корхонанинг ишга тушиши ҳисобига 400 та янги иш ўрни яратилади.

Жорий йилда туманда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва инвесторлар маблағлари ҳисобидан бир қанча замонавий саноат корхоналари бунёд этилмоқда.

Ана шундай корхоналардан бири «JIZZAX SEMENT» масъулияти чекланган жамиятининг цемент ишлаб чиқариш лойиҳасидир.

Ушбу янги цемент заводининг лойиҳа қиймати 1 миллиард 265 миллион сўм бўлиб, тўғридан-тўғри хорижий инвестиция 100 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Корхона тўлиқ қуввати билан ишга тушгач йилиги 1 миллион тонна цемент ишлаб чиқаради ҳамда 120 та янги иш ўринлари яратилади.
Туманда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш мақсадида яна битта «ECO CEMENT» маъсулияти чекланган жамияти ташкил этилиб, йиллик қуввати 810 минг тонна цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги цемент заводи ҳам бунёд этилмоқда. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 145 миллион АҚШ доллари бўлиб, 121 миллион АҚШ доллари хорижий инвестицияни ташкил этади.
Мазкур корхонани ишга туширилиши ҳисобига 200 та янги иш ўринлари яратилиб, тумандаги вақтинча иш билан банд бўлмаган аҳоли ишга жойлаштирилади.
Дарҳақиқат, Фориш туманининг ижтимоий иқтисодий ривожланиши учун улкан имкониятлари мавжуд. Давлатимиз раҳбари бундан беш йил олдин туманга ташрифи чоғида “Ўзи Фориш имкониятлари бўйича энг бой туманлардан бири. Лекин ҳозир бошқа ҳудудлардан бироз орқада. Бу ернинг қишлоқ хўжалиги, геология, қайта ишлаш соҳаларидаги имкониятларини тўғри ишга солса, аҳоли фаровонлиги, маҳаллий бюджетни ошириш мумкин.” деб таъкидлаган эди.

Форишликлар давлатимиз раҳбарининг мазкур иқтибосидан илҳомланиб, белни маҳкам боғлаб, бугун турли соҳаларда қўлга киратаётган улкан ютуқлари билан ушбу сўзларнинг тўғрилигини, дарҳақиқат Фориш тумани кенг имкониятлар майдони эканлигини исботламоқдалар. Ислоҳотлар натижасида Фориш тумани беш йил олдинги дотация олувчи тумандан, ўз-ўзини таъминловчи, қолаверса туман бюджетини ортиғи билан бажариб, қолган маблағлар ҳисобига кўплаб лойиҳаларни молиялаштиришга қурби етадиган иқтисоди бақувват туманга айланди.
Биргина туманнинг инвестициялар жалб қилиш борасидаги ютуқлари ва имкониятларидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, туман яқин орада Республикамизнинг энг ривожланган туманларидан бирига айланади.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати 

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!