» » Айдаркўл соҳилида плоггинг

Айдаркўл соҳилида плоггинг

22 август 2024 г 206 Комментарии: 0

Табиат қўйнида дам олишдан сўнг маиший чиқиндилар – қоғоз салфетка, бир марталик пластик идишлар, елим пакетлар ва озиқ-овқат қолдиқларининг қолиши табиий ва жуда кўпчилик бу чиқиндиларни машина юкхонасига жойламайди.

Натижада тақдир ихтиёрида қолган бу чиқиндилар шамол орқали тарқалади, кўпчилиги сув ҳавзаларига тушиб ифлослантиради. Бу муаммо айниқса, Айдар-Арнасой тизимидаги кўллар атрофида жуда долзарб.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 33 йиллиги олдидан республика «Эcолог»   жамоат бирлашмаси ташаббуси билан Ёшлар ишлари агентлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамкорлигида республика бўйлаб плоггинг тадбирлари ўтказилмоқда. Жиззах вилоятида бу тадбир ўтаётган ҳафтанинг илк кунида Арнасой туманида – Айдаркўл бўйида ўтказилди. Унда Арнасой, Дўстлик туманлари ва Жиззах шаҳридан фаол, уюшмаган ёшлар, эковолонтёрлар  ва экологлар иштирок этишди. Тадбир аввалида Ёшлар агентлиги вилоят бошқармаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасининг улкан байроғи кўл бўйида ёйилди ва дронлар ёрдамида муҳташам байроқнинг суратлари олинди.

-  Плоггинг – чиқиндиларни юриб териш бутун дунёда оммалашган, табиатга кўмак тадбиридир, - дейди вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси волонтёрлар бўлими  бошлиғи Абдураҳмон Раббимов. – Юртимизда ҳам плоггингнинг ёшлар ўртасида оммалашиб бораётгани қувонарли. Бу тадбирда қатнашиб, пластик чиқиндиларнинг ҳар жойда ётиши меъёрий ҳол эмаслигини ёшлар тушуниб етмоқда. Уларни саралаб, қайта ишлашга тайёрлаш орқали экологик тоза жамият барпо этишга ҳисса қўшиш мумкин.

Тадбир иштирокчилари томонидан тўпланган чиқиндилар вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан махсус чиқинди ташиш транспортларида олиб кетилди ва  чиқинди полигонларига жойланди. Тозалик тадбирида фаол иштирок этган ёшлар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!