Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Оддий муаллим
17 сентябрь 2024 г 229 Комментарии: 0
Райҳон ишга отланаётганда қўл телефон устма-уст жиринглади.
— Устоз, байрамингиз муборак бўлсин, «Билимлар куни« билан чин дилдан табриклайман, — гўшакдаги жарангдор овоз муаллимани тўлқинлантириб юборди. — Танидингизми, устоз, шогирдингиз Мухлисаман. Самарқанд тиббиёт институти талабасиман.
— Нега танимас эканман, қизим. Собиқ ўқувчиларимнинг овозини нафас олишидан биламан. Раҳмат сенга, ўқишларингга омад тилайман.
Устоз мактабга юриб эмас, қанот чиқариб учиб бораётгандек ҳис этарди ўзини. Қўлда гулдаста, мактабга ошиқаётган жажжи ўғил-қизлар қўлини кўксига қўйиб, «Ассалому алайкум,устоз!» деб таъзим қилишарди. Юзларидан қувонч ва шодлик порлаб турган болажонларга боқар экан, беихтиёр ёшлиги, болалик йиллари кўз ўнгидан ўта бошлади.
Унинг ёшлиги Хоразмда ўтган. Янгиариқ туманидаги 19-мактабда бошланғич таълим олди. Устози Зуҳра опа жуда меҳрибон, болажон аёл эди. Мавзуларни содда, равон тилда шунчалик маҳорат билан ифода этар эдики, болалар сеҳрланиб тингларди.
Райҳон устозининг яқин ёрдамчиси бўлиб, турли тадбирларнинг ташкилотчиси ва бошловчиси эди. Ёзма ишларни текширишда ҳам ёрдамлашарди. Ўшанда митти қизалоқ қалбида ўқитувчиликка ҳавас уйғониб, шу касбни танлашга аҳд қилган бўлса ажабмас.
Ҳа, инсоннинг ким бўлиши, келажакда қайси касбни танлашига болалигидаги орзу туртки бўлар экан. Йиллар ўтиб Райҳон Давлетова Бухоро давлат педагогика университетининг бошланғич таълим йўналишида таҳсил олди. Тақдир тақозоси билан Жиззахга келиб дастлаб 19-мактабда ишлади, 2023 йилдан 30-умумий ўрта таълим мактабида фаолият олиб бормоқда. Ҳозир у раҳбарлик қилаётган 2-А синфда 35 нафар ўқувчи сабоқ олади.
— Аввало болажонлар билан она-боладек муносабатда бўламан, — дейди қаҳрамонимиз. — Ҳар битта бола ўзига хос бир олам. Уларнинг руҳиятини, қизиқишларини, лаёқатини беш қўлдай билиш зарур. Ҳар бирининг кўнглига йўл топиш учун бола тили билан сўзлашамиз. Дарс жараёнида ўқувчиларни кўпроқ рағбатлантиришга ҳаракат қиламан. Сен ҳаммадан зўрсан, кучлисан деб илҳомлантираман. Чорак юлдузи, мақтов ёрлиқлари билан уларни тақдирлайман. Ота-онасига ташаккурнома бераман. Ўқувчиларимнинг ота-оналари билан телеграмда мессенжер гуруҳи ташкил этганмиз. Видеороликлар орқали улар фарзандлари олган баҳолар билан танишиб боришади. Эртак айтиш ва ўйин методларидан фойдаланаман. «Китобсевар болалар”.”Ким тез ва маъноли ўқийди» мавзуларида танловлар, диктантлар, «Заковат» интеллектуал ўйинлар ўтказамиз. Болалар театри ва музейларга, табиат қўйнига саёҳатлар ўғил-қизларнинг дунёқараши, маънавиятини бойитади. Бундай тадбирлар дарсларнинг қизиқарли бўлиши, ўқувчиларнинг мавзуларни яхши ўзлаштиришига хизмат қилади.
Муаллима салкам ўттиз йилдан буён фаолият олиб бораётган бўлсада, касбдошларидан тажриба ўрганиш, маслаҳат олишни канда қилмайди.”Ҳар куни дарсга бугун иш бошлаётгандек тайёргарлик билан келаман. Кечаги дарс бугунгидан фарқ қилишига, болажонлар қизиқишини оширишга ҳаракат қиламан», дейди қимтиниб. «Камтарга камол» деганлари шу бўлса керак.
Биз суҳбатлашиб турганимизда телефон жиринглади. Баланд овоз қулоғимизга чалинди: «Ассалому алайкум устоз! Мен шогирдингиз Абдушукур Алижоновман. Аввал Полша давлатида, ҳозир эса Германияда дипломатия соҳасида ўқияпман. Менинг шу даражага етишимда сизнинг хизматларингиз катта. Олий ўқув юртини битириб, етук мутахассис бўлиб юртимизга қайтишни ният қилганман. Биз каби шогирдларга сабоқ беришда асло чарчаманг!»
Устоз учун шогирдининг камолини кўришдан зиёд бахт бўлмаса керак. Абдушукур синфнинг аълочи ўқувчиларидан бири эди. У юқори синфларда хорижий тилларни мукаммал ўрганди. Инглиз тилидан хорижий сертификатларни қўлга киритиб, 11-синфни тугатаётганда тўплаган баллари билан 30 та хорижий ва маҳаллий олий ўқув юртларига кириш имтиёзига эга бўлди. Бундай шогирдлари жуда кўп.
— Менинг ўқитувчи касбини эгаллашимга Райҳон опа сабабчи бўлган, — дейди ҳамкасби Марҳабо Ғаниева. — Устознинг дарс ўтиш услуби ўзига хос, ўрганишга арзийди. Шу сабабли тренер ўқитувчи сифатида бошланғич синф ўқитувчиларига вилоят миқёсида семинар-тренинг, маҳорат дарслари ўтади. Ёш педагогларга назарий ва амалий ёрдам беради.
Шоир айтганидек, Амир Темур, Алишер Навоий, Бобурга ҳам сабоқ берган оддий муаллим. Устозга шогирдлар эътирофи, касбдошларининг ишончидан ортиқроқ рағбат йўқ. Муаллим учун яшашдан мақсад, ҳаётнинг мазмуни шу.
Абдусаттор СОДИҚОВ
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!