Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Пахта далалари учун органик деҳқончиликка асосланган янги технология ишлаб чиқилмоқда
08 октябрь 2024 г 148 Комментарии: 0
Қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ўрганиш, жорий йилги пахта ҳосили борасидаги натижаларни кўздан кечириш мақсадида Жиззах вилоятига ташриф буюрган Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг ташрифга оид навбатдаги манзили Зарбдор туманидаги «Шарқ пахта» фермер хўжалигига қарашли пахта далалари бўлди.
Умумий 42 гектар майдонни ўз ичига олган ушбу ҳудуднинг 6 гектарига пахтанинг Хитой навлари 90 схемада, гектарига 100 мингта кўчат қилиб экилган. Вазир ушбу ҳолатни кўздан кечираркан, келгусида экин мавсумида 76 схемадан фойдаланган ҳолда, гектарида 240 минг кўчат экиш борасида ўзининг фикрларини билдирди.
Айтиш мумкин, бугунги кунда қишлоқ хўжалигида янгича ёндашув ва инновацион тажрибалар кенг қўлланилмоқда. Хусусан, юртимиз далаларида ҳам замонавий, стандартлашган агротехник лойиҳаларни татбиқ этиш кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Айни вақтда Тошкент шаҳрида ўтказилаётган «ВИИИ Бутунжаҳон пахта тадқиқот конференцияси»да ҳам бир қатор олимлар томонидан йўналишга оид янги илғор лойиҳалар таклиф этилмоқда.
Масалан, «Карбон кредит» яъни, органик деҳқончиликка асосланган пахта етиштириш технологияси. Ушбу лойиҳанинг афзаллиги шундаки, ғўзапояларни маълум амалиёт асосида тупроқ остида куйдириш ва ундан ҳосил бўлган майда кўмирларни дала майдонларига сепган ҳолда ер унумдорлиги, тупроқ сифати ва экин ҳосилдорлигини ошириш имконига эга бўлиш мумкин.
Вазир, ушбу технология борасидаги таклиф ва ташаббусларини фермер хўжалиги масъулларига билдирар экан, органик пахта етиштириш орқали кўплаб натижадорликларга эришиш мумкинлигини қайд этди. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, органик деҳқончиликни кенг йўлга қўйиш орқали ҳавони зарарли моддалардан ҳимоя қилиш, шунингдек, атмосферани тоза сақлашга эришиш мумкин. Шу билан бирга, экин учун лозим бўлган тупроқ сифати ҳам ортади.
Шу ўринда, вазир келгуси экин даврида хориж навларини плёнка остига олган ҳолда, томчилатиб суғориш ёрдамида етиштириш, бунда тўғри ва самарали ёндашувларни ишлаб чиқиш, ҳосил сифатини оширишга қаратилган агротехник тадбирларни тизимли ташкил этиш ва томчилатиб суғоришда бошқа фермер хўжаликлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали, унумдорликка эришиш борасидаги ўзининг кўрсатмаларини билдирди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!