- Иншоотнинг фойдаланишга топширилишига бағишланган тадбирда тозалик, озодалик ва саришталикни сақлаш орқали халқимиз саломатлигини муҳофаза қилишга, турмуш шароитини яхшилашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самара бераяпти, - дейди вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Ахборот хизмати ходими Замира Абдуллаева.
Президентимизнинг 2017 йил 21 апрелдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар туфайли аҳоли яшаш жойларида тозалик ва озодаликни сақлашда ижобий ўзгаришлар амалга оширилаяпти. Вилоятимиз ҳудудида бу борадаги вазифалар эса вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси қошидаги “Тоза ҳудуд” ДУК зиммасига юклатилган. Сўнгги пайтларда ушбу корхона ва унинг ҳудудий бўлимларининг моддий-техника базасининг мустаҳкамланаётганлиги жойларда суюқ, қаттиқ ва маиший чиқиндиларни ташиб кетиш тартибини самарали йўлга қўйиш, жамоат жойларининг санитария ҳолатини яхшилаш имконини янада оширмоқда.