» » Жиззахда 2 йилликка – иккита бино топширилди

Жиззахда 2 йилликка – иккита бино топширилди

14 декабрь 2019 г 1 551 Комментарии: 0

Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилганлигининг 2 йиллиги арафасида Жиззахда 2 та янги ДХМ биноси фойдаланишга топширилди.

“Обод марказ” дастури доирасида Жиззах вилоятининг ҳар бир тумани қиёфаси янгича тусга кириб бормоқда. Айниқса инфратузилмаси оғир, аҳоли яшаш даражаси паст бўлган туманлар марказлари сўнгги икки йилда таниб бўлмас даражада ўзгарди.

Янги бинолар, истироҳат боғлари, дам олиш масканлари қаторида давлат органларининг реконструкция қилинаётган бинолари бугун аҳолининг муносиб яшаши учун яратилаётган имкониятлар сирасига киради.

Биргина давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида икки йил ичида мисли кўрилмаган натижалар қўлга киритилди. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари Агентлиги ташкил этилганига эндигина икки йил тўлган бўлсада, хизмат турлари кўпайиши натижасида 15 миллиондан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилиши, қисқа фурсатда жаҳонда “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” рейтингида Топ 10 та давлат ичида 8-ўринни қўлга киритилиши, 130 га яқин давлат хизматлари кўрсатиш тизими жорий этилганлиги... Бу натижаларни яна анча давом эттириш мумкин.

Ушбу ютуқлар қаторида бир қанча қулайликларга эга янги бинолар қурилаётгани ҳам бир жойда, марказлашган ҳолда давлат хизматлари кўрсатиш тизимининг йўлга қўйилгани икки йил ичида эришилган ютуқлар сирасига киради.

Бугун ушбу ютуқлар қаторида Жиззахда икки йилликка муносиб туҳфа тайёрланди. Зарбдор ва Янгиобод туманларида Давлат хизматлари марказларининг янги бинолари фойдаланишга топширилди.

Зарбдор туман ДХМ биноси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда қуриб фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ушбу бинода вазирликнинг “Рақамли технологиялар” ўқув маркази ҳам жойлашган. Бу марказ ёшларга ахборот технологиялари йўналишида билимларини ошириш имконини беради.

Марказга кираверишда эса ходимлар хушкайфият билан фуқароларни давлат хизматлари соҳасидаги мурожаатини ўрганиб, тегишли ойналарга йўналтиради. Электрон навбат, инфокиоск, кутиш зали, болалар майдончаси ташкил этилган. Деворлардаги мониторларда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги янгиликлар намойиш этилади.

Шу қаторда марказ ичида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси - зарур шароитлар яратилган ҳолда марказ биносида ўз фаолиятини бошлади. Бундан кўриниб турибдики мурожаатчилар бир вақтнинг ўзида ҳам давлат хизматлари, ҳам ўз фаолиятларида дуч келаётган  муаммолари юзасидан ваколатли органга мурожаат қилишлари мумкин.

Марказ биносида Инвесторлар билан музокара олиб бориш хонаси, ФҲДЁ, адлия бўлими, нотариус хизматлари йўлга қўйилди. Ташриф буюрувчилар учун қулайлик яратиш мақсадида банкомат, тўлов кассаси узлуксиз ишлаши таъминланади.

Тантанали очилиш маросимида сўз олган Зарбдор тумани ҳокими Зафар Рўзиев, Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси масъул ходими Нарзилло Обломуродов, Давлат хизматлари агентлиги Жиззах Вилоят бошқармаси бошлиғи Бобур Умурзаковлар сўзга чиқиб, тантанали маросим муносабати билан йиғилганларни муборакбод этдилар. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги мутасаддиларига ташаккурнома билдирилиб, эсдалик совғалари топширилди.

 

Тантанали тадбирда тизимдаги самарали меҳнатлари учун бир нечта туман ФҲДЁ мудираларига мартаба даражалари топширилди. Очилиш маросимидан сўнг йиғилганлар марказда яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар. ФҲДЁ бўлимида янги оила қураётган ёшларнинг никоҳи расман қайд этилди.

 

***

Шу куни Янгиобод тумани ДХМнинг янги биноси ҳам фойдаланишга топширилди. 

Янгиобод – Жиззах вилоятининг энг чекка чегара туманларидан бири ҳисобланади. Туманда 27 минг 200 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Шу кунгача туман аҳолисига 6200 та давлат хизматлари кўрсатилган. Йил бошидан бери 313 та тадбиркор, 5 та хорижий корхона давлат рўйхатидан ўтказилган.

Туманда “Обод марказ” лойиҳаси доирасида қурилиши тугалланган объектлар, жумладан, истироҳат боғи, тикувчилик мажмуаси, Нуронийлар маркази қаторида янги давлат хизматлари маркази биноси ҳам туман кўркига-кўрк қўшганлиги бор гап. Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Турсунхон Айдарович Худайбергенов иштирок этди. Тантанали маросим якунида меҳмонлар марказ биносида яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар ва ўзларининг эътирофларини билдириб ўтдилар.

Жорий йилда яна 3 та – Фориш, Зомин ва Жиззах шаҳрида Давлат хизматлари марказларида сўнгги пардозлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. 2020 йилда эса барча туманлар марказлари ана шундай замонавий имкониятларга эга биноларга эга бўладилар.

ДХА Жиззах вилояти бошқармаси Ахборот хизмати

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!