» » Янгиободда шундай мактаб бор

Янгиободда шундай мактаб бор

03 октябрь 2020 г 1 094 Комментарии: 0

Жиззах вилоятининг чекка ҳудудида жойлашган кичкина Чаканд қишлоғи ва қишлоқдаги ўрта умумий таълим мактабини фақат Янгиобод туманида эмас, қўшни Тожикистонда ҳам яхши билишади. Боиси шу қишлоқдаги мактабни битирганлар орасидан кўплаб олимлар, етук мутахассислар етишиб чиққан.
Эл-юртнинг обрўси, шуҳрати унинг моддий бойлигидан кўра илм-маърифат, маданият орқали юксалиши тарихда ҳам, бугунги кунда ҳам исботланган. Аҳолиси икки тилда гаплашадиган Чаканд қишлоғида жойлашган 6-умумтаълим мактаби бу ердан етишиб чиққан илмли кишилари туфайли машҳур бўлган. Мактабда 130 нафарга яқин ўқувчи тожик тилида таълим олади.

Тарихий манбаларнинг далолат беришича Чаканд, қадим Суғд таркибидаги муҳим маданий манзиллардан бири бўлган. Қадимда Чакандда мадраса, 6 та масжид бўлганлигини айтишади. Бу ердан етишиб чиққан илмли кишилар атрофдаги қишлоқларда, қўшни туманлардаги мактабларда дарс беришган, масжидларда имомлик қилишган.
photo_2020-10-02_20-00-43.jpg
Қишлоқнинг олис ўтмишидан гувоҳлик берувчи тарихий манбалар анчагина. Бундан йигирма йилча аввал Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институтининг қадимшунослар гуруҳи қишлоқнинг Қўштепа ҳудудида олиб борган қазишма ишлари давомида кўплаб далиллар топишган.

Қишлоқдан топилган тарихий ашёлар археологларнинг бу тепалик табиий эмас, балки аждодларимиз томонидан бунёд этилган қадим қўрғон ўрни, деган илмий тахминларини яна бир бор исботлади. Ҳозир қишлоқ мактаби қошида ташкил этилган мўъжаз музейга ушбу топилмалар ва хонадонларда сақланиб қолган тарихий буюмлар, суратлар қўйилган. Музей халқимизнинг бой тарихий маданияти билан ёшларни чуқур таништиришга хизмат қилаётир.

Қадимда илм маърифатли бўлган чакандликлар ўтган асрда ҳам мамлакатимиз илмий-маданий тариққиётга катта ҳисса қўшган. Қишлоқда етишиб чиққан илмли кишилар қўшни туманлардаги мактабларда муаллимлик қилган.
photo_2020-10-02_20-00-47.jpg
Бу анъана – илм олишга интилиш ҳозирги кунда ҳам давом этаётир. Қишлоқдан кейинги йилларда етишиб чиққан тўрт нафар фан доктори, тўрт нафар фан номзоди турли илмий муассасаларда фаолият кўрсатаётир. Бугунги кунда Янгиободда ва қўшни туманларда чакандлик 40 нафардан зиёд врач, яна бир қанча бошқа соҳалар бўйича мутахассислар ишлаб келмоқда.

– Халқимизнинг “Оққан ариқ оқади” деган мақолида кенг маъно бор, – дейди чакандлик меҳнат фахрийси Бекмурод Холмуродов. – Чакандликлар фарзандини ўқитишни, илмли қилишни ўзларининг бурчи деб билади. Шу боис қишлоқдаги барча оилада олий маълумотлилар бор. Масалан, биз оилада олти ўғил, ҳаммамиз олий даргоҳни битирганмиз. Ўз набватида биз ҳам болаларимизни ўқитдик, улар ҳам фарзандлари таълимига эътибор бермоқда.

Илм-маърифатга муҳаббатни аждодлардан авлодларга етказиб, Чаканднинг эл аро обрўсини кўтараётган маскан эса, шубҳасиз, шу қишлоқ мактаби. Таълим тожик тилида бериладиган мактаб ўқувчиларининг ўзбек тилини мукаммал эгаллашлари, чуқур билим олишлари учун барча имкониятлар яратилган.
photo_2020-10-02_20-00-41.jpg
Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан мактабда бўлиб ўтган маданий тадбирда давлатимиз томонидан ёшларга таълим беришга, айниқса, чекка қишлоқлардаги мактабларнинг шароитини яхшилашга катта эътибор қаратилаётгани эътироф этилди.

Бу икки тилда сўзлашувчи қишлоқдаги мактаб ўқувчиларининг билими фан олимпиадаларида, билимлар мусобақаларида, ҳар йили олий ўқув юртига кираётган ёшлар сонида ҳам ўз ифодасини топган. Ҳозирда 40 нафардан зиёд ёшлар республикамиз турли олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда.– Ўзбекистонда яшаётган барча миллатлар учун яратилган тенг имкониятлардан фойдаланиб ёшларга чуқур билим бериш билан бирга уларни Ватанга муҳаббат, халқларимиз ўртасидаги дўстлик, қардошлик, байналминалчилик анъаналарига ҳурмат руҳида тарбиялашга эътибор қаратиб келаётирмиз, – дейди мактаб директори Мавжуда Тўраева. – Ўқувчиларимиз республикада миллатларо дўстлик ва қардошлик мавзусида турли маърифий тадбирларда, “Ўзбекистон – умумий уйимиз” фестивалларида муносиб қатнашиб келмоқда. Мактабимиз биносини янгилаш манзилли дастурга киритилганидан хурсанд бўлдик. Демак, ёшларимизга таълим-тарбия бериш янада яхшиланади.

Вилоятнинг энг олис ҳудудида жойлашган мўъжазгина Чаканд қишлоғи йил сайин кўркам ва обод бўлиб бораётир. Боғ-роғлар кенгайиб, одамларнинг турмуш фаровонлиги ўсмоқда. Шу кичкина қишлоқнинг кичкина мактабини битириб чиқаётган ёшлар мамлакатимиз тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқда.
Т. БЕКНАЗАРОВ, Ж. ЁРБЕКОВ (сурат)
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!