Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Матбуот анжуманида Жиззахда ичимлик суви нархи нима сабабдан ошганлигига изоҳ берилди
12 декабрь 2020 г 2 493 Комментарии: 0
Бугун “Жиззах cув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Зокир Мамарасулов иштирокидаги матбуот анжуманига таклиф этилган ОАВ вакиллари учун бир қатор қизиқарли фактлар ҳақида маълумот берилди.
Маълумки, ноябрь ойидан вилоятимизда ичимлик суви истеъмоли учун нархлар кўтарилди. Бу халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йиғилишида тасдиқланган ва фуқароларга бу ҳақда маълум қилингач, турли тушунмовчилик ва норозилик кайфиятидаги изоҳлар ижтимоий тармоқларда билдириб ўтилган эди.
Қарорда кўрсатилишича, 1 м3 ичимлик сувининг аҳоли истеъмоли учун 2500 сўм, юридик ва улгуржи ташкилотлар истеъмоли учун 3500 сўм, 1 м3 оқова сув аҳоли истеъмоли учун 1000 сўм, юридик ва улгуржи ташкилотлар истеъмоли учун 1500 сўм қилиб белгиланган.
Ҳозирги кунда 1 кВт электр сарфи 295 сўм 4-5 кишилик оиланинг истеъмоли 60-70 минг сўм, 1 м3 табиий газ 380 сўм, ҳудди шу оиланинг истеъмоли 200 мингдан 250 минг сўмни ташкил қилмоқда. Бир ой давомида 15 минг литр сув истеъмол қилса унинг нархи 15-16 минг сўм атрофида бўлади. Бугунги кунда ичимлик суви нархи коммунал тўловлар орасида энг паст кўрсатгични ташкил этмоқда.
Вилоятимизда ичимлик суви тизимини ва оқова сув тармоқларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини бажариш учун Осиё тараққиёт банкининг жуда катта миқдорда кредитлари йўналтирилган. Олдинги тариф нархларига ушбу харажатлар киритилмаганлиги сабабли Молия вазирлиги томонидан вилоят ғазначилиги ҳисоб рақамига инкассо талабномаси қўйилмоқда.
Жамиятнинг яна бир оғриқли нуқтаси шундаки, бу ерда ишчи-ходимларнинг ойлик маошлари жуда паст. Бу ўз навбатида иш самарадорлигини пасайишига ва кадрлар қўнимсизлигига олиб келмоқда. Шу ҳолатлар жамият томонидан истеъмолчиларга етказиб берилаётган ичимлик суви ва оқова сув хизматлари тариф нархларини оширилишини талаб қилмоқда. Шу сабабли тариф нархларини оширишга тўғри келди.
Шунингдек матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудларда ичимлик сув ва канализация тизимини яхшилаш ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишларини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги баёни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 25.09.2020 йилдаги “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳадаги инвестиция лойиҳаларини самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6074-сонли фармони ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳам ахборот берилди.
Матбуот анжуманида “Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига Жиззах вилоятининг ичимлик сув таъминоти тизимини яхшилаш” лойиҳаси бўйича маълумот бериб ўтилди.
Жорий йилнинг 10 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Раматов, Жиззах вилоят ҳокими Э.Салиев ва қатор масъул ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ўтган йиғилишда лойиҳани тезлаштириш мақсадида 2020 йилга қўшимча 50 млрд.сўм маблағ ажратилиши бўйича келишиб олинди.
Лойиҳа доирасида:
- қуввати 100 минг м3/сутка бўлган 1-кўтариш насос станцияси ҳамда сув тиндиргич;
- 1-кўтариш насос станциясидан “Узунбулоқ” сув тозалаш иншоотигача диаметри 1200 мм бўлган узунлиги 16,6 км магистрал ичимлик сув қувури қурилиши;
- қуввати 100 минг м3/сутка бўлган “Узунбулоқ” сув тозалаш иншооти қурилиши;
- узунлиги 166 км бўлган “Узунбулоқ - Гагарин” магистрал ичимлик сув қувури қурилиши;
- “Жиззах” сув тақсимлаш иншооти (СТИ) қурилиши;
- “Жиззах” СТИдан Жиззах шаҳригача узунлиги 4,0 км бўлган магистрал ичимлик сув қувури қурилиши белгиланган.
Мазкур ишлар “Ўзбеккоммуналлойиҳақурилиш” ДУК лойиҳа ташкилоти томонидан амалга оширилмоқда. Лойиҳа амалга ошгач Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Дўстлик, Пахтакор, Мирзачўл ва Жиззах шаҳридаги 600 минг аҳолининг марказлашган ичимлик сув таъминотини яхшилаш кўзда тутилган.
Лойиҳа асосида, 2018-2020 йиллар учун жами 248,0 млрд.сўм ажратилиб, 246,54 млрд.сўм ўзлаштирилди ва пудратчи ташкилотга 234,2 млрд.сўм тўлаб берилди. Объектда жами 75,8 км қувурлар ётқизилди, 3 та иншоот қурилиши (1-кўтарма насос станцияси, “Узунбулоқ” сув тозалаш, Жиззах сув тақсимлаш иншооти)да қурилиш ишлари давом этмоқда.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!