» » Испаниянинг “Кадис” футбол клуби ва BMB TRADE GROUP ўртасида беш йиллик стратегик ҳамкорлик шартномаси имзоланди

Испаниянинг “Кадис” футбол клуби ва BMB TRADE GROUP ўртасида беш йиллик стратегик ҳамкорлик шартномаси имзоланди

30 ноябрь 2021 г 1 195 Комментарии: 0

Ўзбекистонда 2030 йилгача футболни янги босқичга олиб чиқиш концепцияси доирасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, BMB Trade Group компанияси томонидан ҳам Ўзбекистон ва Испания футбол жамоалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга қаратилган инвестициявий лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Хусусан, мамлакатимизнинг Мадриддаги дипломатик ваколатхонаси томонидан 2021 йилнинг август ойидан буён Испаниянинг “Кадис” футбол клуби ва Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси бош ҳомийси бўлган BMB Trade Group инвестицион-консалтинг компанияси раҳбарияти ўртасида қатор учрашувлар ўтказилди.

Жорий йилнинг 16-17 октябрь кунларии Жиззах шаҳрига “Кадис” футбол жамоаси раҳбарияти ташриф буюрганди. Ушбу ташриф давомида BMB Trade Group компанияси, “Кадис” ва “Сўғдиёна” жамоалари мутасаддилари ўртасида музокаралар бўлиб ўтган эди.

Учрашувда томонлар келажакда ўзаро стратегик ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, малакали кадрлар тайёрлашда чет эл методикасини мамлакатимизда жорий этишга келишиб олганди.

Шу йилнинг 28 ноябрь куни BMB Trade Group компанияси кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ва “Кадис” футбол клуби вице-президенти Рафаэль Хесус Камарролар ўртасидаги музокарлар якунига етди.

Келишув доирасида бир қатор йўналишларда ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган. Хусусан, BMB Trade Group компанияси Испаниянинг “Кадис” ва Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоалари ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиши, “Кадис” футбол жамоаси мутахассислари томонидан ўзбек футболчиларини тайёрлаш учун махсус дастурни яратиш белгиланган.

Бундан ташқари, 2022 йилнинг август ойида “Сўғдиёна” футбол жамоаси базасида малакали мураббийларни жалб этган ҳолда “Кадис” футбол академиясини ташкил этиш, 16 ёшгача бўлган маҳаллий футболчиларни Испания клубида жорий этилган дастур асосида Кадис шаҳрида ўқитиш, Жиззахда янги очиладиган академиядаги иқтидорли футболчиларга қўшимча машғулотлар ҳамда улар чет элда фаолиятини давом эттириши учун шароит яратиш кўзда тилган.

Шунингдек, ҳамкорлик доирасида Жиззахда очиладиган “Кадис” футбол академиясига Испаниянинг машҳур чарм тўп усталарини тажриба алмашиш учун жалб қилиш, бошқарув ходимлари учун “Кадис” ФК дастури бўйича малака оширишни ташкил этиш (1 ой муддатда), “Сўғдиёна” ёшлар терма жамоасини Испания футбол клуби методлари бўйича тайёрлаш каби вазифалар ҳам ўрин олган.

Умуман олганда, ушбу келишув чет эл технологиялари ва стандартларини миллий футболимизга жорий этиш ҳамда Ўзбекистонда футболни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида белгиланган бошқа йўналишлардаги муҳим вазифаларни ўз ичига олади.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!