Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар самарадорлиги муҳокама қилинди
10 февраль 2022 г 1 009 Комментарии: 0
Кун тартибида вазирликлар ва идоралар коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар самарадорлиги муҳокама қилинди.
Йиғилишда таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, раҳбар ва ходимлар учун барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилаётганлигига қарамай, давлат органлари, хўжалик бирлашмалари тизимида коррупциявий жиноятлар сони ортиб бормоқда.
Ушбу ҳолатлар амалга оширилаётган ислоҳатларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиб, жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.
Хусусан, сўнги икки йилда республика бўйича 9576 нафар шахслар турли кўринишдаги коррупциявий жиноятлар учун жавобгарликка тортилиб, бу жиноятлар оқибатида давлатга ва фуқаролар манфаатларига етказилган зарар қарийиб 2 трлн. сўмни ташкил этади.
Вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар тизимида коррупция ҳолатлари аксарият холларда турли коррупциявий схемалардан фойдаланган ҳолда бюджет маблағларини талон-тарож қилиш билан боғлиқдир.
2021 йилда республика бўйича 1 трлн. сўм бюджет маблағларини талон-тарож қилиш ҳолатлари аниқланиб,бу қилмишлар учун 2769 нафар шахслар жиноий жавобгарликка тортилган.
Ижро органларида коррупциявий жиноятлар таъмагирлик ва бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш жумладан, кредит ажратиш, лицензия ва рухсатнома бериш, бюджет маблағларини ўзлаштириш, давлат харидларини амалга оширишда қонун талабларига риоя қилмаслик билан боғлиқдир.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятида коррупция ҳолатлари табора ортиб бормоқда. Сўнги икки йилда маҳаллий ҳокимликларнинг 155 нафар ходимлари коррупциявий жиноятлар содир этганлиги учун жавобгарликка тортилган.
Мазкур шахсларнинг 11 нафарини ҳокимлар, 60 нафарини ҳоким ўринбосарлари ва 84 нафарини ҳокимликларнинг мутахассислари ташкил этади.
Ушбу давр мобайнида ҳокимлик ходимлари томонидан 18 млрд. сўмдан ортиқ бюджет маблағлари талон-тарож қилинган.
Бундан ташқари, давлат харидларини амалга оширишда танлов талабларини бажармаслик, тўғридан-тўғри шартномалар тузиш, тендер талабларига риоя этмаслик, товарларни юқори нархларда харид қилиш ва аукцион савдолар тартибини бузиш каби холатларда коррупция учун шароит яратилган ва йўл қўйилган.
Жиззах вилояти бўйича 2021 йилда 260 нафар мансабдор шахс коррупциявий жиноятларни содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Вилоят хокимлиги коррупцияга қарши
ички назорат шўъбаси раҳбари С.Мелибаев
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!