Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Ғаллаоролдаги “Оқтом” маҳалласи учун янги бино фойдаланишга топширилди
15 август 2022 г 522 Комментарии: 0
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, туман ҳокимлиги, туман секторлари ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, маҳалла фаоллари, ёшлар, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда юртимизда маҳалла институти фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли мурожаатлари билан ишлашда унинг ўрни ва ролини янада ошириш мақсадида соҳа ходимларига зарур шарт-шароитлар яратилаётгани, бугунги кунда юртимизнинг барча ҳудудлари сингари Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларида ҳам қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари учун янги бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилаётгани ва буларнинг барчаси мамлакатимизда амалга оширлаётган туб ислоҳотлар самараси экани таъкидланди.
Иштирокчилар “Оқтом” МФЙ янги биносининг хоналарини кўздан кечириб, маҳалла ходимлари учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Ўтган 2021 йилда “Маҳалла” фонди томонидан Жиззах вилоятидаги 54 та фуқаролар йиғинлари компьютер жамланмаси ҳамда 66 та фуқаролар йиғинлари мебель жиҳозлари билан таъминланди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг тақсимотига асосан 838 нафар маҳалла ходимига 1 миллиард 400 миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди. 17 нафар “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони соҳиблари “Маҳалла” фонди ҳисобидан сиҳатгоҳларда соғлигини тиклади.
Ўтган 6 ой мобайнида ижтимоий ҳимояга муҳтож ва табиий офатдан жабр кўрган 802 нафар фуқарога жами 264 миллион 556 минг сўм миқдорида хайрия ёрдами кўрсатилди.
“Маҳалла” фондининг шаҳар, туман бўлинмалари ҳузуридаги “Саховат ва кўмак” жамғармасига юридик ва жисмоний шахслар томонидан жами 8 миллиард 708 миллион 761 минг сўм хайрия маблағлари жамланиб, 12 минг 828 оилага 5 миллиард 65 миллион 430 минг сўм ижтимоий ёрдамлар кўрсатилди.
Бундан ташқари, “Темир дафтар”даги 997 оилага жами 2 миллиард 369 миллион 148 минг сўм, “Аёллар дафтари”даги 175 нафар хотин-қизни қўллаб-қувватлаш учун 166 миллион 732 миллион сўм миқдорида маблағ сарфланди.
Мазкур тадбир жараёнида “Маҳалла” фонди ҳисоб рақамига тушган маблағлар ҳисобидан шаҳар ва туманлардаги 16 та маҳаллага компьютер жамланмалари ҳамда 34 та маҳаллага мебель жиҳозлари тарқатилди.
Очилиш маросимидан сўнг маҳалла биносининг ўзида “Маҳалла” фонди вилоят бошқаруви раиси Абдумажид Саттаровнинг фуқаролар қабули ташкил қилиниб, Ғаллаорол туманидаги маҳаллалардан қабулга келган фуқароларнинг соғлигини тиклаш ва даволатишда моддий ёрдам ажратиш, оилавий аҳволи ночорлиги сабабли бир марталик моддий ёрдам ажратиш каби масалалардаги мурожаатлари эшитилди.
“Оқтом” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган фуқароларнинг хонадонларига борилиб, “Маҳалла” фонди ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа турдаги совғалар тарқатилди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!