» » Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги электрон тижорат соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади

Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги электрон тижорат соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади

17 октябрь 2022 г 378 Комментарии: 0

Жорий йилнинг 29-сентабрида “Электрон тижорат тўғрисида”ги ЎРҚ–792-сон Қонун Президент томонидан имзоланди.

Қонунга кўра, Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги электрон тижорат соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Электрон тижоратда сотувчи, хизматларни етказиб берувчи ёки ишларни бажарувчи сифатида иштирок этувчи юридик ёки жисмоний шахслар шунингдек электрон тижоратда товарларнинг харидори, истеъмолчиси сифатида иштирок этувчи юридик ёки жисмоний шахслар электрон тижорат иштирокчиларидир.Сотувчи электрон тижоратни давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига ега.

Харидор қуйидаги ҳуқуқларга эга:

шартномалар тузиш орқали товарларни сотиб олиш;

товарлар, ишлаб чиқарувчи ва товарларни сотиб олишнинг бошқа шартлари тўғрисида тўлиқ ахборот олиш;

электрон тижорат соҳасида амалга ошириладиган операцияларда иштирок етиш учун шартларнинг тенглигини талаб қилиш;

ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини талаб қилиш.

Харидор:

шартнома тузиш тўғрисидаги таклиф қабул қилинганидан кейин шартнома тузиш учун зарур бўлган ҳужжатларни ва маълумотларни тақдим этиши;

тўлов тизимлари операторларига тўловларни амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни қонунчиликка мувофиқ тақдим этиши шарт.

Харидор қонунчиликка ҳамда шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Электрон тижорат операторлари жумласига қуйидагилар киради:

телекоммуникация тармоқлари операторлари ва провайдерлари;

электрон савдо майдончалари операторлари;

тўловга оид хизматларни етказиб берувчилар;

электрон тижорат субъектларининг электрон ҳужжатларини ва электрон хабарларини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар.

Электрон тижоратда шартнома тарафлар ўртасида шартноманинг шартларини электрон ҳужжатлар ва (ёки) хабарларни тасдиқлаш йўли билан келишиш орқали электрон ҳужжат шаклида расмийлаштирилади.

Электрон тижоратда ҳужжатларни шакллантириш тарафларнинг келишувига кўра амалга оширилади.

Электрон тижорат операторларига ёки сотувчиларига шартнома тарафларини идентификация қилиш имконини берадиган, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш чоғида ахборот тизимлари орқали шакллантирилган электрон тарздаги чеклар, квитанциялар, хабарлар ва бошқа ҳужжатлар товарлар (ишлар, хизматлар) сотиб олинганлигини тасдиқлайдиган қоғоздаги шунга ўхшаш ҳужжатларга тенглаштирилади.

Электрон тижоратдаги ҳужжатда ҳужжатни имзолаган шахснинг розилигини ифодалайдиган ҳамда уни идентификация ва аутентификация қилиш имконини берадиган электрон тасдиқлаш усуллари (“SMS”, “Face-ID”ва бошқалар) ҳам имзо сифатида тан олинади.

Электрон тижоратдаги электрон ҳужжатлар, шунингдек электрон шаклда қайд этилган, ўз юборувчисини идентификация қилиш имконини берадиган ахборот қоғозда расмийлаштирилган ва ўз қўли билан имзоланган ҳужжатларга тенглаштирилади ҳамда улардан шартнома тузилганлигининг далили сифатида фойдаланилиши мумкин.

Шартнома фақат ахборот тизимларидан фойдаланилган ҳолда тузилганлигига асосланиб, ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин эмас.

Электрон тижорат соҳасида тўловлар қуйидаги усуллар билан амалга оширилади:

нақд пул маблағлари билан – нақд пул маблағлари тўлов воситаси тарзида виртуал терминаллар “E-POS” орқали қабул қилинганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларни ҳамда сотувчи ва сотилган товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисидаги ахборотни ўзида акс эттирадиган ҳужжатларни харидорга тақдим этиш орқали;

пул маблағларини банк ҳисобварағидан ўтказиш орқали – пул маблағларини банк ҳисобварағидан (шу жумладан банк карталарининг ҳисобварағидан) ўтказиш воситасида, шу жумладан шахсий кабинет (масофадан хизмат кўрсатиш тизими) орқали ёки тўлов ташкилотининг тизими орқали ўтказиш воситасида;

электрон пуллардан фойдаланган ҳолда – электрон пуллар тизимида очилган электрон ҳамёндаги пул маблағларини ўтказиш воситасида.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!