» » O'zLiDeP 19 ёшда: Халқ ишончини қозониш осонмас

O'zLiDeP 19 ёшда: Халқ ишончини қозониш осонмас

15 ноябрь 2022 г 474 Комментарии: 0

Ўша кезлари партия тузиш ташаббуси билан чиққан ишчи гуруҳ таркибига шахсан менинг номзодим ҳам киритилганидан ҳамон ўзгача фахру ифтихон туяман.

Қолаверса, 2008 йилдан бери маслакдошларим менга юксак ишонч билдириб, партиянинг вилоят кенгаши раиси вазифасига лойиқ кўришгани алоҳида масъулият ва жавобгарлик юклайди.

Ана шу ўтган унутилмас йиллар давомида бу сиёсий куч фаолиятида қатнашар эканман, унинг босқичма-босқич шаклланиб, айниқса халқ орасида нуфузи ортиб бораётганини бевосита кузатиб келяпман. Аслида ҳам шундай. 19 ёш, инсон умрига қиёсан олгандаям, энг навқирон, ғайратга тўлган дамлар ҳисобланади. Бу сафда кўплаб маслакдошлар дўстлар билан ҳамфикр, ҳамроҳликда фаолият олиб бордик. Ўзбекистон Қаҳрамонлари – Парда Зиётов, Анорбой Эшматов, Пахтакор туманидаги таниқли фермер Муҳаммад Сувонқулов, фахрийларимиздан Норқул Нишонов ва бошқа яна ўнлаб, юзлаб фидойи инсонлар биз билан бир сафда туриб хизмат қилиб келишяпти.

Энг қувончлиси, бугунги кунда ёнимизда кўплаб ёш авлод вакилларининг камарбаста бўлаётгани, ўзлари билан янгича фикр, дунёқараш, сиёсий тафаккур олиб келишаётганидан мамнунмиз. Мисол учун, дастлаб вилоят партия ташкилоти таркибида 1 052 нафардан иборат маслакдошни бирлаштирган 24 та бошланғич партия ташкилоти фаолият юритган бўлса, ҳозирда қуйи бўғин фаоллари сони 85 672 нафарни, бошланғич партия ташкилотлари сони эса 914 тани ташкил этмоқда.

Сўнгги олти йилда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга берилаётган юқори эътибор сабаб, партия сайловолди дастурида илгари сурилган мақсад ва вазифаларни қўллаб-қувватлайдиган юртдошларимиз сони кескин ошди. Олти йилда партия сафи 40 549 нафар маслакдошларимиз билан ҳам сифат, ҳам сон жиҳатдан ўсди.

Ҳар қандай сиёсий элитанинг мавқеини, обрўсини белгилаб берадиган жараён – бу сайловлардир. Ўтган вақтда партиямиздан кўрсатилган номзодлар беш марта Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтган сайловларда иштирок этиб, ғалаба қозонишга муваффақ бўлди.

Бу ҳолатни маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловлар жараёнида ҳам кузатиш мумкин. Дастлабки сайловларда халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) кенгашларига партиядан 72 нафар депутат сайланган бўлса, бугунги кунда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида жами 146 нафар O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари фаолият олиб боришмоқда. Уларнинг 26 нафари халқ депутатлари вилоят кенгашининг депутатлари ҳисобланади.

Амалий ҳаракатлар партияси сифатида ном қозонган O‘zLiDeP мустақиллигимизни, мамлакатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшди. Халқ орасида катта сиёсий обрў ва мавқега эга бўлди. Айни пайтда, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва унинг “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича тузилган партия ишчи гуруҳлари томонидан анчагина залворли ишлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, еттита устивор йўналиш ва 100 та мақсаддан иборат бўлган Тараққиёт стратегиясининг барча йўналишларида аҳоли фаровонлиги, инсон қадрини улуғлаш ғояси ўз ифодасини топган. Ушбу ғояларни ҳаётга жорий этишда камарбасталик қилиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, маҳаллий кенгаш депутатлари, партия ходимларидан иборат 21 та, шунингдек, 14 та ҳудудий партия ташкилотларида ишчи гуруҳлар тузилган. Жумладан, Жиззах вилоят кенгашида ҳам.

 Агар партиянинг босиб ўтган тарихан қисқа, мазмунан бой йўлига назар солсак, O‘zLiDePни бежиз амалий ҳаракатлар партияси дея тан олинмаслиги аён бўлади. Биргина, кенгашимиз томонидан жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида амалга оширилган ишлар ҳам фикримиз исботи. Қайд этилган вақтда маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан жами 840 дан ортиқ депутатлик сўровлари чиқарилгани, 96 га яқин мутасадди шахс ҳисоботи тинглангани, маҳаллий кенгаш сессияларига жами 53 та масала киритилганига гувоҳ бўламиз. Аҳоли томонидан қилинган 268 та мурожаатнинг аксар қисми ўз ечимини топган бўлса, ечими вақт талаб қилинадиган 57 та мурожаат депутатлик назоратига олинган.

 Бу шунчаки қуруқ рақамлар эмас. Унинг замирида Президентимиз олиб бораётган халқпарвар сиёсатни бир тану бир жон бўлиб қўллаб-қувватлаётган, сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилган ислоҳотлар самарасининг ҳар бир маҳалла, хонадон, ҳар бир инсон ҳаётида ўз аксини топишига астойдил ҳаракат қилаётган минглаб маслакдошларимизнинг саъй-ҳаракати, фидойилиги ётибди, десак муболаға бўлмайди.

Энг муҳими, қўлга киритилаётган бу муваффақиятлар бизни хотиржамликка ундамайди. Аксинча, йиллар давомида орттирилган сиёсий тажриба, ҳар бири мазмун ва моҳиятга тўла ўтган йиллар, қўлга киритилган ютуқ ва муваффақиятлар салмоғи Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдевори қўйилаётган бугунги кунда, албатта қўл келиши, барчамизни янги марралар сари чорлаши шубҳасиз.

Эркин ХОЛМАТОВ,

 O‘zLiDeP Жиззах вилоят кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Жиззах вилоят кенгашидаги

 O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!