» » Мақсад, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш

Мақсад, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш

19 январь 2023 г 615 Комментарии: 0

Аҳолини табиий газ билан таъминлаш мақсадида автотранспорт воситаларига сиқилган газ қуйиш шохобчаларига чекловлар жорий этилди. Шунинг оқибатида йўл ҳақи ошишининг олдини олиш учун Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ҳудудида мунтазам тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда.

Худди шундай тарғибот тадбири Жиззах шаҳридаги автотураргоҳлар ва автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчаларида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи ҳайдовчилар ўртасида амалга оширилди.

Республикамиз ҳудудига кириб келган совуқ об-ҳаво бир қатор ноқулайликларни туғдирмоқда. Йўллар сирпанчиқ, транспорт воситаларининг ҳаракати бироз камайган. Бу албатта, йўловчи ташиш билан шуғулланувчи такси ва автобусларга бўлган  талабни оширади. Шу сабабдан ҳам шаҳар ичида ва шаҳарлараро қатновчи автотураргоҳларда ҳайдовчиларга йўл ҳаққини сунъий оширмаслик, йўллар музламалиги сабабли тезликни оширмаслик, оралиқ масофани сақлаган ҳолда ҳаракатланиш тавсия  этилди.  

– Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва юзага келиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисалари, аҳоли орасида норозиликлар келиб чиқишининг олдини олишдир, – дейди Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХ бошқармаси Ахборот хизмати гуруҳи мутахассиси Сабоҳат Давлатова. – Шунингдек, ҳайдовчиларга транспорт воситасининг техник ҳолати соз эканлиги, йўловчиларга хушмуомилада бўлишлик, йўлларда ҳаракатланиш маданиятига амал қилишлик тушунтирилиб, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишликка тарғиб этувчи буклетлар ҳам тарқатилди.  

Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида чекловлар ўрнатилган эди. Бу албатта, аксарият  сиқилган газга мослаштирилган автобусларнинг ҳам ҳаракатини чеклади. Жамоат транспорти ҳаракатида ҳам узилишларга сабаб бўлди. Жорий йилнинг 16 январь кунидан Жиззах шаҳрида жамоат транспорти йўналишларида ҳаракатланувчи транспорт воситалари қисман ёқилғи билан таъминланди ва йўналишларда ҳаракатланувчи автобусларнинг 35 фоизи йўловчилар хизматига жалб этилди. Автобусларга газ тўлдириш шохобчаларида вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари бириктирилиб, ҳаракат хавфсизлиги таъминланмоқда.  

Мутасадди ташкилот ва ваколатли органлар билан кўрилган чоралар натижасида Жиззах шаҳридаги йўловчи ташувчи автобуслар “Жиззах – Метангаз” МЧЖ ҳамда  “Жиззах – Автогаз” МЧЖ  томонидан  газ ёқилғиси билан таъминланмоқда. Жиззах шаҳридаги барча йўналишлардаги автобуслар ҳаракатини тиклаш бўйича масъуллар томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.  

– Жиззах шаҳри кўчалари бўйлаб, йўл-транспорт ҳодисаларига учраган автомашиналар махсус транспорт воситаларига юкланиб, “Огоҳлик автокарвони”ни ташкил этдик, – дейди Жиззах вилоят ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Ахборот гуруҳи раҳбари, майор Эркин Очилов. – Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида аянчли ҳолатга келиб қолган, ушбу огоҳликка тарғиб қилувчи автокарвондаги автомашиналар инсонларни бир зуа бўлса-да ҳушёрликка ундаши шубҳасиз.  

Тарғибот автокарвони давомида вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан аянчли йўл транспорт ҳодисаларининг сабаблари ва уларнинг  олдини олиш борасида ҳайдовчи, йўловчи ва пиёдалар ўртасида тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилди.  

Тарғибот тадбирлари барча шаҳар ва туманларда ташкил этилмоқда.  

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!