» » Жиззах вилоятида маҳаллабай тизими амалда

Жиззах вилоятида маҳаллабай тизими амалда

05 апрель 2023 г 405 Комментарии: 0

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров аҳоли муаммоларига ечим топиш мақсадида маҳаллабай тизими асосида фуқаролар ва масъуллар билан учрашмоқда.

Жумладан, 3-сектор раҳбари Фориш тумани “Оқтом” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фаолият юритаётган “Буюк жавоҳир тимсоли” фермер хўжалигида бўлди. Фермер билан суҳбатлашиб, унинг дарду ташвишларини тинглади, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

“Буюк жавоҳир тимсоли” фермер хўжалиги 450 гектар ер майдонига эга. Ўтган 2022 йилда ана шу ер майдонининг 45 гектарига интенсив усулда токзор бунёд этди ва оқтомликларнинг 10 нафарини доимий, 200 нафарини мавсумий иш билан банд этди. Ушбу интенсив боғдаги ток кўчатлари ўтган йилнинг ўзида нишона бериб бошлаган бўлса, бу йилдан ҳосилга кириши кутилмоқда.

Фермер хўжаликда ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланилмоқда. Хусусан, 70 гектар майдонда бодом, 2 гектарда мевали боғ, 60 гектар ерда эртаки пиёз парваришланаётир. Фермер ушбу маҳсулотларнинг бир қисмини ички бозорга, қолган қисмини экспорт қилиш ниятида. Айни пайтда, боғдорчиликдаги юмушлар кўпайиб, бу ерда доимий меҳнат қилиш учун 20 киши талаб этилмоқда.

Булардан ташқари, ушбу кўптармоқли фермер хўжалиги ҳисобида 600 бошдан ортиқ қўй ва эчки ҳам мавжуд. Уларни парваришлаш учун 3 нафар фуқаро бириктирилиб, доимий иш билан таъминланган. Чорва моллари учун 15 гектар беда ва 15 гектар ғалла парвариш қилинаётир.  

Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида, фермер хўжалиги боғида меҳнат қилаётган мавсумий ишчилардан ташқари, 120 гектар ер оилаларга 1 йиллик ижарага берилди. Бу ерга 25 оила иш билан таъминланди.

– Фермер хўжалигимизда етиштирилаётган маҳсулотларни қайта ишлаб, қадоқлаб, хорижий давлатларга экспорт қилиш ниятимиз бор, – дейди “Буюк жавоҳир тимсоли” кўптармоқли фермер хўжалиги раҳбари Камол Холматов. – Яқинда Ўзбекистон Республика Боғдорчилик агентлиги раҳбари Ҳусниддин Каримов даламизга келди. У киши билан хўжалигимизда “Агрологистика” марказини ташкил этиш масаласида суҳбатлашдик. Марказнинг умумий лойиҳа қиймати 38 миллиард сўмни ташкил этиб, унда 500 тонналик махсус совутгичли омборхона, узум ва бошқа ҳўл меваларни қуритиш, тозалаш, қадоқлаш цехлари барпо этилади, маҳсулотларни ташиш учун 3-4 дона фура автотранспорт воситаси, зарур қишлоқ хўжалиги техникаларини олиш талаб этилади. Ушбу “Агрологистика” маркази тўлиқ ишга тушгач, яна қўшимча 50 киши доимий ва даромадли иш ўрнига эга бўлади. Мақсадимиз банд бўлмаган юртдошларимизни иш билан таъминлаш, уларнинг оилавий бюджетига доимий даромад келиб турадиган манба яратиб, камбағаллик даражасидан чиқишига кўмаклашишдан иборат.  

Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи “Буюк жавоҳир тимсоли” фермер хўжалигида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо бериб, унинг тажрибасини оммалаштириш лозимлигини алоҳида таъкидлади. 3-сектор раҳбари, генерал-майор Ғайрат Қодиров ишни маҳаллабай тизимида ташкил этиб, раҳбарлигидаги ҳудудни ўрганишда, МФЙ, ҚФЙ раислари, ҳоким ёрдамчилари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, мутасадди вакиллар ва оддий фуқаролар билан учрашиб, уларнинг дарду ташвишларини, муаммоларини тинглаб, улар томонидан кўтарилган масалаларни имкон қадар жойида бартараф этиш каби эзгу ишларни олиб боришда давом этмоқда.  

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!