» » Меритократия тамойили амалда

Меритократия тамойили амалда

06 июль 2023 г 663 Комментарии: 0

Яқин тарихимизга назар соладиган бўлсак ҳали Давлат фуқаролик хизмати, унинг нуфузини ошириш, соҳада меритократия тамойилини қўллаш, вакант лавозимларга очиқ мустақил танлов орқали ишга қабул қилиш, инсон ресурсларини ривожлантириш каби тушунчалар амалиётда қўлланилмас эди.

Меритократия – бу (луғавий маъноси лотин ва грекча сўзлар бирикмасидан ташкил топган бўлиб, лотинчада “meritus”-“муносиб” ва грекчада “kratos” – “ҳокимият, бошқарув”) бошқарув тамойили бўлиб, шахсларнинг ижтимоий келиб чиқиши ва молиявий ҳолатидан қатъи назар, давлат бошқарувида раҳбарлик лавозимларини энг қобилиятли ва муносиблар эгаллаши зарур, деган мазмунни англатади.

Шу ўринда ҳақли саволлар туғилади: Ўзбекистонда Давлат фуқаролик хизмати (ДФХ) тушунчаси қачон пайдо бўлди? Соҳада меритократия тамойилининг қўлланилиш ҳолати қандай? 

Соҳага доир муҳим ҳужжатлар имзоланди

Президентимизнинг давлат раҳбари сифатидаги фаолиятини дастлабки йилларида олиб бораётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда мамлакатимизни модернизация қилиш бўйича устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида кўплаб муҳим ҳужжатлар имзоланди. 

Қайд этиш жоизки, ушбу муҳим ҳужжатлар таркибида Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида” ги фармони ислоҳотларга дастуриламал бўлиб хизмат қилган асосий ҳужжат ҳисобланади. Ушбу фармон билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси тасдиқланди. Ҳаракатлар стратегиясининг  биринчи устувор йўналиши – Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари деб номланди. Ундаги муҳим вазифалардан бири давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш этиб белгиланди.

Ушбу муҳим вазифалар ижроси ҳар йилнинг бошида тасдиқланадиган Давлат дастурларида аниқ чора-тадбирлар, ижрочи масъуллар, молиявий манбалар ва муддатларнинг белгилаб олиниши ва ресурсларнинг тўғри йўналтирилиши ҳисобига таъминланиб борилди. 

Ислоҳотларнинг тизимли давоми сифатида давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 18 январдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, йил давомида амалга ошириладиган устувор вазифалар белгиланди.

Хусусан, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш соҳасида ижро этувчи ҳокимият тизимини оптималлаштириш, маъмурий ислоҳотларни давом эттириш, давлат бошқарувида замонавий менежмент услубларини кенг қўллаш, давлат хизматларини ривожлантириш, давлат хизматига малакали кадрларни кенг жалб этишга қаратилган ягона кадрлар сиёсатини шакллантириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколат ва масъулиятини қайта кўриб чиқиш, уларнинг мустақиллигини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Ўз навбатида, давлат органлари ва ташкилотлари малакали мутахассислар билан етарли даражада таъминланмаётганлиги, кадрлар малакасининг юклатилган вазифалари, замонавий эҳтиёжларга номувофиқлиги, қабул қилинаётган қарорларнинг ижро ҳокимияти органлари ва уларнинг қуйи тизими томонидан жойларда самарали ижро этилишини таъминлашда кадрлар салоҳиятининг етарли даражада эмаслиги каби бир қатор тизимли муаммоларнинг мавжудлиги кадрлар сиёсати ва ДФХ тизимида янги ислоҳотлар ўтказилиши зарурлигини англатар эди. 

Ушбу долзарб масалани ҳал этиш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар ижроси ўлароқ, 2019 йилнинг 3 октябрида давлатимиз раҳбари томонидан иккита муҳим ҳужжат Юртбошимизнинг “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва ДФХ тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори имзоланди.

Ушбу фармон ва қарор асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги давлат органлари ва ташкилотларида инсон ресурсларини ривожлантириш ҳамда ходимларни бошқариш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул бўлган ДФХ ишлари бўйича ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

Адолатли, очиқ ва шаффоф тизимлар жорий этилди

Бундан, атиги 3 ёки 4 йил илгари давлат хизматига ишга кириш истагида бўлган инсонлар шахсий ҳужжатлари тўпламини қўлига олиб, ташкилотма-ташкилот юриб, ўзига мос бўлган бўш иш ўрнини излаб, сарсон бўлишга мажбур эди. Бўш иш ўрни топилганда ҳам, давлат ташкилотларида ишга киришда коррупциянинг юзага келиши, расмиятчилик ва бюрократияга имкон берувчи шароитларни йўқ қилиш юзасидан ҳали очиқ ва шаффоф механизмлар тизимли ташкил этилмаганлиги ҳамда ишга киришда инсон омилининг юқорилиги сабабли, бундай вазиятларда коррупцион ҳолатларга дуч келмасликка ишониш имконсиз эди.

Агентлик томонидан сўнгги 3 йилда илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш асосида, ДФХ соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилди ва бунинг натижасида “меритократия” тамойилини амалда қўллашнинг аниқ механизмлари яратилди. 

Хусусан:

– “ДФХ ягона электрон ахборот-таҳлил тизими” дастурий аппарат комплекси (vacancy.argos.uz портали) ишлаб чиқилди ва соҳада вакант лавозимларни очиқ мустақил танловлар ўтказиш орқали қобилиятли ва салоҳиятли кадрлар билан тўлдириш амалиёти йўлга қўйилди;

– давлат хизматчиларининг касбий кўникмалари ва компетенцияларини ривожлантиришга йўналтирилган платформа (ilm.argos.uz) ишлаб чиқилди ҳамда барча фуқаролар учун эркин фойдаланиш имконияти яратилди;

– давлат хизматчилари тўғрисидаги маълумотларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва ҳаққоний шакллантирилиши учун “Давлат фуқаролик хизматчисининг шахсий кабинети” (my.argos.uz) тизими яратилди;

– ДФХга ишга қабул қилинувчи номзодларнинг билим салоҳиятини аниқлаш мақсадида марказлашган тартибда тест синовларини ўтказишни таъминловчи test.argos.uz модули ишлаб чиқилди ва ишга туширилди;

– республика, ҳудудий ва туман (шаҳар) даражасидаги раҳбарлик лавозимларига салоҳиятли кадрларни саралаб олиш ва уларнинг захирасини доимий равишда юритиб бориш мақсадида zaxira.argos.uz платформаси ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди;

 –“ДФХ соҳасида инсон ресурсларини бошқариш” ахборот тизими (hrm.argos.uz) яратилди ва ишга туширилди. У орқали давлат органларида фаолият юритаётган ходимлар ҳисобини юритиш, ташкилий-штат тузилмасини электрон шакллантириш, меҳнат интизоми ҳисобини юритиш, ҳужжатларни рақамли юритиш ва кадрлар масалаларига оид ҳисоботларни электрон тарзда шакллантириб бориш имкониятлари яратилди;

– давлат бошқаруви органлари раҳбарлари фаолиятининг самарадорлигини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (ЭМСК) асосида баҳолаш ахборот тизими (samaradorlik.uz) ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди.

Кадрлар сиёсати соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришда “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (ЎРҚ-788, 08.08.2022 й.) қабул қилинганлиги алоҳида аҳамиятга эга. Мазкур Қонунга мувофиқ ДФХ лавозимларининг давлат реестри, гуруҳлари ва тоифалари, малака даражалари, ДФХга кириш тартиби ва шартлари ҳамда уни ўташ тартиби аниқ белгилаб берилди. Қонун соҳада меритократия тамойилини амалда кенг қўллашнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Меритократия тамойили: амалиёт ва самара

Агентликнинг Жиззах вилояти филиали томонидан 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб 2023 йилнинг 15 июнига қадар амалга оширилган ишлар юзасидан қисқа статистик рақамларни келтириб ўтиш мақсадга мувофиқ. 

Жумладан, филиал томонидан жами 7 минг 78 та, шундан, 2021 йилда 1 минг 427 та, 2022 йилда 5 минг 114 та ва 2023 йилнинг 1 январидан 15 июнига қадар 537 та очиқ мустақил танловлар ташкил этилди. Ушбу танловларда иштирокчилар томонидан жами 75 минг 594 та ариза келиб тушган бўлиб, ўтган давр мобайнида 1 та вакант лавозим учун келиб тушган аризаларнинг ўртача сони 11 тани ташкил этади. Шу билан бирга, айрим лавозимлар учун ўтказилган танловларда 100-120 талаб номзодлар ҳужжат тақдим этган. Рақамлардан кўринадики, ДФХга ишга киришда адолат ва шаффофликнинг таъминланиши натижасида танлов иштирокчилари ўртасида соғлом рақобат муҳити шаклланди.

Ўтган 2022 йилнинг 4 августида давлатимиз раҳбари раислигида Давлат хизматини ислоҳ қилиш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Раҳбарлик лавозимларига номзодлар маҳаллада одамлар билан ишлаган, уларнинг муаммосини ўз кўзи билан кўриб, ҳал қилган кадрлар орасидан танлаб олинади”, деб таъкидланган эди.

Шундан сўнг, давлатимиз раҳбари топшириғига кўра, Агентлик томонидан “Маҳалладан – республикагача” тамойили асосида кадрларни ўстиришнинг янги тизими – “Салоҳиятли кадрлар захираси” яратилди. Ушбу кадрлар захирасига Агентлик томонидан республика миқёсида жами минг нафар, шу жумладан, Жиззах вилоятидаги 308 та маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият юритиб келаётган ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари орасидан 32 нафар энг салоҳиятли номзодлар саралаб олинди. Ушбу номзодларнинг “Шахсий ривожланиш режалари” асосида касбий компетенциясини узлуксиз равишда ошириш мақсадида малака ошириш курслари ташкил этилди. Шунингдек, ҳудудий, туман ва шаҳар даражасидаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида стажировка ўташи ва ҳудудий даражадаги тажрибали раҳбарларга дублёрлик асосида бириктириш ҳисобига тажриба ошириши тизимли ташкил этилди. 

Агентлик томонидан 2022 йилда ҳудудий ва туман (шаҳар) даражасидаги давлат ҳокимияти органларининг раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш учун муносиб номзодларни танлаш ва тайёрлаш бўйича янги тизим – “Миллий кадрлар захираси” яратилди. Агентликнинг Жиззах вилояти филиали томонидан вилоят ҳокими қарорига мувофиқ ташкил этилган ишчи гуруҳи билан биргаликда ушбу кадрлар захираси учун жами 160 дан ортиқ даъвогар орасидан 65 нафар энг муносиб номзод саралаб олинди. Агентлик томонидан ишлаб чиқилган махсус платформа (zaxira.argos.uz) орқали номзодларнинг шахсий маълумотлар базаси шакллантирилди. 

Шунингдек, малака ошириш курслари, дублёрлик асосида стажировка ўташ ва мустақил таълим олишни ташкил этиш каби самарали механизмларни қўллаган ҳолда номзодларнинг касбий компетенцияларини узлуксиз равишда ошириш ишлари ташкил этилди.

Умуман олганда, Агентлик томонидан ишлаб чиқилган захира тизими (яъни, “Миллий кадрлар захираси” ва “Салоҳиятли кадрлар захираси”) – давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, раҳбарликка тасодифан келиб қолишнинг олдини олиш, миллий, республика, тармоқ ва ҳудудий даражаларда профессионал кадрларни тайёрлашга хизмат қилади. Ҳозирда Агентлик томонидан ушбу захира тизими илғор хорижий тажриба ва миллий амалиёт уйғунлиги асосида янада такомиллаштириб борилмоқда.

Бугунги кунда ҳар бир соҳани ривожлантиришда ҳамда юзага келиши мумкин бўлган коррупцион ҳолатларнинг олдини олишда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, хусусан, маълумотларни тўплаш, қайта ишлаш ва ундан самарали файдаланиш жараёнларини рақамлаштириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлмоқда. 

Агентлик томонидан соҳага ахборот технологияларини кенг жорий этиш, хусусан, ДФХ лавозимларига энг муносиб кадрларни танлаш ва саралаш, уларнинг касбий компетенцияларини адолатли ва холисона баҳолаш, кадрларга оид шахсий маълумотлар билан ишлаш ҳамда улар фаолиятини баҳолаш ва мониторинг қилиб бориш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш ҳисобига ДФХ трансформациясининг ғоявий платформаси шакллантирилмоқда.

Юқорида келтирилган рақамлардан кўринадики, ДФХда ишга қабул қилишда очиқ танлов тизимининг жорий этилиши, тенг имкониятлар, адолат мезонлари ва шаффоф механизмларнинг қўлланилиши, том маънода меритократия тамойилининг жорий этилиши натижасида соҳага қобилиятли ва салоҳиятли кадрларни кенг жалб этиш ҳамда уларнинг “карьера модели” асосида лавозим поғонасидан босқичма-босқич кўтарилишини таъминлаш имконияти яратилди.

Биргина жорий йил бошидан буён Жиззах вилояти бўйича “Салоҳиятли кадрлар захираси” га меритократия тамойили асосида киритилган номзодлардан 3 нафари турли раҳбарлик лавозимларига тайинланганлиги Агентлик томонидан захира тизимининг тўғри йўлга қўйилганлиги исботидир.

Энг муҳими, узоқ йиллар давомида оддий одамлар онгида “Таниш-билишинг бўлмаса, давлат ишига кириш имконсиз...”, “Танишинг бўлмаса, ишда кўтарилмайсан” ёки “Ишга киришда ё заринг, ё зўринг бўлсин экан...” каби мазмундаги қотиб қолган стереотиплар энди ҳақиқат эмас. Энди ўз билими, қобилияти ва салоҳиятига ишонган, интилувчан ҳар бир фуқаро ДФХда ўзи истаган ва малака талабига мос бўлган лавозимда ишлаш имкониятига эга. Давлат фуқаролик хизматига кириш ҳамда лавозим поғоналаридан ўсишда адолат, тенглик ва шаффофлик принциплари амалда ишлаётганлиги халқнинг давлатга бўлган ишончи ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан дахлдорлик ҳиссининг ошишига хизмат қилмоқда десак, муболаға бўлмайди.

Бундай натижаларни мамлакатимизда “инсон қадри учун” тамойили асосида олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг таркибий қисми бўлган ДФХ жозибадорлигини ошириш юзасидан амалга оширилган ишларнинг дастлабки ижобий натижалари сифатида қайд этиш жоиз. 

Баҳром Яхшибоев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш Агентлиги Жиззах вилояти филиали раҳбари ўринбосари

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!