Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда заъфарон туганак пиёзбошлари экилди
07 октябрь 2023 г 543 Комментарии: 0
Италиядан келтирилган навбатдаги заъфарон туганак пиёзбошларини Бахмал туманида намунавий экиш тадбири ўтказилди.
2020 йилдан бошлаб BMB HOLDING ва FIN.OPERA s.r.l. (Италия) компаниялари таъсисчилигида ташкил этилган BMB-OPERA ZAFFERANO қўшма корхонаcи томонидан 304,5 га ер майдонида заъфарон етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича инвестицион лойиҳа Жиззах вилояти Бахмал туманида амалга ошириб келинмоқда.
Мазкур қўшма корхонанинг плантацияларида Италиядан келтирилган навбатдаги заъфарон туганак пиёзбошларини намунавий экиш тадбири бўлиб ўтди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Жиззах вилояти ва Бахмал тумани ҳокимликлари, ОАВ ходимлари, журналист ва блогерлар, ижтимоий тармоқ фаоллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир аввалида “BMB Holding” компанияси Кузатув кенгаши раиси "Дўстлик” ордени соҳиби Бекзод Маматкулов пресс-тур қатнашчиларига маълумот бериб ўтди.
Хусусан, лойиҳа доирасида 2020 – 2022 йилларда Италиядан қарийб 70 миллион донадан ортиқ заъфарон туганак пиёзбошлари келтириб экилди. 2023 йилда навбатдаги заъфарон туганак пиёзбошларини экиш ҳисобига ушбу ўсимлик плантацияларининг умумий майдони 400 гектарга етади.
Шунингдек, лойиҳа доирасида заъфарон кластери атрофида пазандачилик, фармацевтика ва бошқа тармоқлар учун маҳсулотларни қайта ишловчи қўшимча қувватлар барпо этилаётгани ҳисобига ҳудудда минглаб қўшимча иш ўринлари яратилишига эришилади. Бу қанчадан-қанча оилалар доимий даромад манбаига эга бўлади, деганидир.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, BMB Zaʼfaron бренди остидаги маҳсулот Европанинг “Analisi Chimiche Ed Ecologiche Sas”, “Laboratori di Ricerche Analitiche e Tecnologiche su Alimenti e Ambiente” (Италия),
“QC LAB McCormick France” (Франция) ҳамда Чонг Кинингсон (Корея Республикаси) лабораторияларида икки босқичли чуқурлаштирилган текширувдан ўтказилиб, ISO 3632-1/2011 халқаро стандартлари асосидаги таҳлил натижасида ранг, ҳид ва таъм кўрсаткичлари бўйича I категория сифат даражаси сертификатига эга бўлди.
Шунингдек, АҚШ Озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситаларини назорат қилиш бошқармаси (FDA - Food and Drug Administration) Ўзбекистондан АҚШга BMB Zaʼfaron бренди остида заъфарон маҳсулотини импорт қилишга рухсат берди.
BMB Zaʼfaron маҳсулоти экспорт ҳажмини ошириш мақсадида Италиянинг Милан шаҳрида “ORO ROSSO Milano” Италия – Ўзбекистон қўшма корхонаси таъсис этилган. Ушбу бренд остида заъфарондан 20 турдаги паста (макарон) маҳсулотлари, зайтун ёғи, ширинликлар, спиртли ичимликлар ва кремлар ишлаб чиқарилиб АҚШ ва Европа бозорларига экспорт қилинмоқда.
Албатта, ҳар соҳада муваффақиятнинг муҳим омили – бу маркетинг сиёсати самарали олиб борилишига боғлиқ. Шу маънода, BMB HOLDING “ORO ROSSO Milano” брендини Европа бозорларида танитиш мақсадида Италиянинг “Милан” ва “Монца” футбол клублари билан узоқ муддатли ҳамкорлик шартномаси имзолаган.
Шу билан бирга, жорий йилнинг 4 июль куни Жиззах шаҳрида BMB Za’faron меҳмонхона ва ресторанлар тармоғи расман очилди. Шу йилнинг ўзида, яъни декабрь ойида ушбу меҳмонхона ва ресторанлар тармоғини кенгайтириб, Тошкент шаҳрида ҳам очиш режалаштирилган.
Эътироф этиш жоизки, BMB Za’faron бренди остидаги заъфарон маҳсулоти ички ва ташқи бозорларда тобора харидоргир бўлиб бормоқда. Эндиликда компаниянинг экспорт географияси Италия, Австрия, Жанубий Корея, АҚШ, Тожикистон ҳамда Саудия Арабистони каби мамлакатларни қамраб олади. Лойиҳа доирасида,
- 2020 йилда – 1,8 млн. евро;
- 2021 йилда – 4,2 млн. евро;
- 2022 йилда – 5,7 млн. евро, жами 2020-2022 йилларда 11,7 млн. евродан ортиқ қийматдаги қарийб 2,0 тонна заъфарон маҳсулотлари экспорти амалга оширилди.
Жорий йилда ушбу кўрсатгични 10,0 млн. еврога етказиш режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 8-9 июнь кунлари Италияга амалга оширган расмий ташрифи давомида 2027 йилга қадар заъфарон плантацияларини 2 000 гектарга етказиш бўйича умумий қиймати 80 млн. еврога тенг инвестиция шартномаси имзоланди. Лойиҳани амалга ошириш доирасида 2020-2022 йиллар давомида
32,4 млн. евро инвестиция жалб этилган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсатгич 8,4 млн. еврони ташкил этмоқда.
Кўзланган марралар очиқланди, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида сўз юритилди. Зеро, халқ манфаати ва Юртбошимизнинг юксак эътирофи холдинг жамоасига етарли масъулият юклаши баробарида, эртанги ёрқин кунлар учун катта умид ҳам бағишламоқда.
Мазкур йирик халқаро инвестициявий лойиҳа амалга оширилиши натижасида нафақат минтақамиз, балки дунё бўйлаб бир ҳудудда жойлашган энг йирик заъфарон плантацияси барпо этилмоқда. Ўзбекистон ушбу маҳсулотни етиштириш ва экспорт қилиш бўйича халқаро бозорда муносиб ўрин эгаллайди.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!