Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Пахтакор туманидаги «Тошкент» маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси фойдаланишга топширилди
05 январь 2024 г 242 Комментарии: 0
Бинонинг очилиш маросимида туман ҳокимининг ўринбосари, Хотин-қизлар бўлимининг бошлиғи, Дилбар Шоназарова, Нуроний жамғармаси туман бўлимининг бошлиғи Бахтиёр Маҳамматов, Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимининг бошлиғи Атҳам Алтиев ҳамда меҳнат фахрийлари, маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Айтиш мумкинки, мавжуд 915 та хонадонда 3464 киши истиқомат қиладиган ушбу маҳалла шу вақтга қадар ўз биносига эга бўлмаган эди. Маҳалла аҳлининг янги йилнинг илк кунлариданоқ орзулари ушалди, десак, муболаға бўлмайди. Давлат-хусусий шерикчилик асосида тадбиркор Парвиз Нуралиев томонидан қарийб 479 миллион сўм маблағ эвазига бунёд этилган 6 хонали замонавий бино янги фойдаланишга топширилди. Бинода барча шароитлар мавжуд бўлиб, фаолият юритиш учун моддий-техника воситалари ва мебель жиҳозлари билан таъминланган.
– Республикамиз Президенти томонидан 2024 йил «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилинди, –дейди МФЙ раиси Сайёра Қўнишева: - Янги йилнинг илк кунларида янги бинода фаолият бошладик. Ярим асрдан кўпроқ вақт давомида тор хоналарда фаолият олиб борган эдик. Жой етишмаслигидан бизларга мурожаат билан келган фуқароларни қабул қилишга қийналган пайтларимиз ҳам бўлган. Бугун эса янги, барча шароитларга эга бино қуриб берилди. Президентимизнинг “Маҳалла халқ билан давлат ўртасида кўприк бўлиши керак», деган сўзларида жуда катта маъно мужассамдир. Бу борада жамиятимиз асоси бўлган маҳалла ҳал қилувчи ўрин тутади. Маҳалла тинч бўлса, юрт тинч бўлади. Маҳалла обод бўлса, мамлакат обод бўлади. Шу боис, бундан буён маҳаллада самарали иш олиб бориш фаолиятимизнинг бош мезонига айланади.
Тадбирда иштирок этган нуроний отахон ва онахонларимиз келгусида мазкур иншоот кўп йиллар давомида халқимизга хизмат қилишини ва юртимизни тинчлигини Аллоҳдан сўраб, дуога қўл очишди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!