» » “Сўғдиёна”нинг мухлисларига байрам туҳфаси

“Сўғдиёна”нинг мухлисларига байрам туҳфаси

18 июнь 2024 г 197 Комментарии: 0

Айни пайтда футбол мухлисларининг асосий диққат эътибори Германияда ўтаётган Европа чемпионатига қаратилган бўлса-да, ашадий ишқибозлар учун ўзларининг суюкли футбол жамоасининг ўйини биринчи ўринда туриши, шубҳасиз.

Ўзбекистон чемпионати суперлига баҳсларида бугун 11-тур учрашувлари якунига етади. Ушбу турнинг 2 та асосий марказий ўйини бўлиб ўтди. Жиззахда “Сўғдиёна” чемпионатимиз карвонбошиси бўлиб турган Қаршининг “Насаф” клубини қабул қилди.  

Учрашув меҳмонларнинг ҳужуми билан бошланди, ўйиннинг илк дақиқасидаёқ “Насаф” ҳужумчиси Бобур Абдухолиқов мезбонлар жарима майдонида қулай вазиятдан фойдалана олмади.  

Ўйиннинг 10 дақиқаси қашқадарёлик футболчиларнинг босими ва ҳужумлари остида кечди. Сўнгра устунлик майдон эгалари тарафга ўтди. Жиззахликлар меҳмонлар жарима майдончаси яқинида “Насаф” ҳимоячиларига қарши босимни кучайтирди. Натижада Акмал Мозговой тўп узатишда хатога йўл қўйди. Бундан мезбонлар  умумли фойдаланиб қолди. “Сўғдиёна” ва чемпионат тупурари македониялик легионер Люпче Дориев қаршиликларнинг 2 нафар ҳимоячисини ортда қолдириб, ўйиннинг 17-дақиқасида меҳмонлар дарвозабони Абдувоҳид Неъматов билан бирга бир вазиятга чиқиб борди ва унга ҳеч қандай имконяит қолдирмади – 1:0.  

Бу Дориевнинг жорий мавсумдаги киритган 9-голи ва у тўпурарлар баҳсида якка пешқдам бўлиб олди. Яна бир эътиборли томони, Люпче бугун топ клублар эътиборида, ёзги трансферда македониялик легионерга “совчилар” келиши ҳам мумкин, аммо у бошқа клубга ўтмоқчи бўлса, ё “Сўғдиёна” ёки унинг ўзи жорий мавсум учун тузилган шартномани бекор қилиши талаб этилади.  

Меҳмонлар дарвозасига киритилган голдан сўнг “Насаф” футболчилари бор эътиборни ҳужумга қаратган бўлса, мезбонлар 2-рақам остида тўп сурди. Биринчи бўлимнинг ўзида “Насаф” кўплаб хавфли вазиятларни юзага келтирди, аммо ҳисобни тенглаштириш имконини топа олмади. Ўз навбатида, “Сўғдиёна” қарши ҳужумда янада хавфлироқ ўйин намойиш этди, лекин улар ҳам тўп киритиш имкониятидан фойдалана олмади. Шу тариқа биринчи бўлим кичик (1:0) ҳисобда ниҳоясига етди.  

Иккинчи бўлимда жорий мавсумда чемпионликни мақсад қилган Рўзиқул Бердиев шогирдлари ҳужумни янада кучайтирди, ўйинни бошқарган ҳакам Аскер Нажафалиев ўйиннинг 54-дақиқасида “Сўғдиёна”нинг ёш ҳимоячиси Отабек Аҳадовга қизил карточка кўрсатиб, майдондан четлатди ва меҳмонларнинг ишини анча енгиллаштирди. Натижада мезбонлар жарима майдонида хавфли вазиятлар, дарвозаси томон зарбалар, тўпга эгалик қилиш, бурчак ва жарима зарбалари сони ортган бўлсада, тўп йўлига “Сўғдиёна” легионер посбони ва сардори Милан Митрович ёки ҳимоячилар тўсиқ бўлаверди.  

Учрашувнинг 90-дақиқасида Аскер Нажафалиев “Сўғдиёна”нинг ёш иқтидорли ҳужумчиси Самандаржон Мавлонқуловга шу учрашувнинг ўзида 2-бор сариқ карточка кўрсатди ва у ўз-ўзидан қизилга айланди. Аслида “Насаф”нинг тажрибали ҳимоячиси Шерзод Насруллаев Самандаржонда сариқ карточка борлигини билиб, атайлаб, мутлақо шарт бўлмаган вазиятда уни туртиб юборди, табийки, Мавлонқулов унга жавобан нимадир деди ва бу вазиятда ҳакам ҳар иккисига сариқ карточка кўрсатди. Бу эса мезбонларнинг майдонда 9 киши бўлиб қолишига олиб келди.  

Учрашувнинг 2-бўлимига қўшиб берилган 9 дақиқа “Сўғдиёна” жарима майдончасида кечган бўлсада, 2 киши кам бўлиб ўйнаган мезбонлар ўз дарвозаси даҳилсизлигини сақлаб қолди ва “Насаф”ни жорий мавсумдаги биринчи мағлубиятини тан олишга мажбур этди.

“Сўғдиёна” мамлакат чемпионатида “Насаф”ни Жиззахда охирги марта 2020 йилда 3:1 ҳисобида мағлуб этган экан, Қарши жамоаси орадан 4 йил ўтиб мағлуб этилди ва жиззахлик футболчилар  ўз мухлисларига ажойиб, матонатли ғалабани туҳфа этди.

Ушбу турнинг қолган баҳсларида қуйидаги натижалар қайд этилди: “Металлург” (Бекобод) – “Бунёдкор” (Тошкент) – 0:0, “Нефтчи” (Фарғона) – “Сурхон” (Термиз) – 1:1, “Қизилқум” (Навоий) – “Андижон” (Андижон) – 3:3, “Пахтакор” (Тошкент) – “Навбаҳор” (Наманган) – 0:0.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!