» » Янги Ўзбекистоннинг келажак ёшлари учун янги имконият ва ҳуқуқий кафолатлар яратилди

Янги Ўзбекистоннинг келажак ёшлари учун янги имконият ва ҳуқуқий кафолатлар яратилди

02 июль 2024 г 390 Комментарии: 0

Маълумки, давлатимиз рахбари раислигида 28 июнь куни ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар сарҳисоби, янги вазифа ва таклифлар муҳокамасига бағишланган кенг қамровли видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Мамлакатимизнинг келажаги бўлмиш ёшларимизни ҳар томонлама етук, билимли, салоҳиятли шахс, комил инсон сифатида тарбиялаш масаласига бугун ўзига хос тарзда, замонавий усуллар асосида ёндашилмоқда, уларнинг барча ҳуқуқ ва эркинликлари, имконият ва манфаатларини ҳимоя қилишда ташкилий-ҳуқуқий асослар замон билан ҳамнафас такомиллашиб бормоқда.

Биргина охирги етти йилда ёшларга оид 100 дан зиёд қонун ва қарорлар қабул қилиниб, 200 дан ортиқ имтиёзлар берилгани фикримизнинг яққол далилидир.

Ёшлар барча даврларда жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этиб келинган. Шарқ Уйғониш даврида ҳам, жадидлар фаолиятида ҳам, жамиятнинг янгиланишида ёшларнинг ўрни беқиёс бўлган. Шу жиҳатдан мунтазам шаклланиб борувчи бу қатлам доимий йўналтириб ва қўллаб-қувватлаб туришни талаб этади... Бу эса, давлат томонидан ёшларнинг мамлакат манфаатлари­ йўлида эркин ижтимоийлашуви ва ўзини самарали намоён этиши учун мақбул шароит ва имконият яратиш ҳамда ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар тизими ёшларга оид давлат сиёсатини англатади. Шу боис, давлатимиз рахбари томонидан ташкил этилган мулоқотда ёшларга янги имконият ва ҳуқуқий кафолатлар берилди.

Жумладан:

  • Мамлакатимиз жадал ривожланиши учун “тўртинчи саноат” касблари жуда муҳим. Шу мақсадда ёшларнинг физика, кимё, биология, технология, муҳандислик, математика билан боғлиқ касбларга қизиқишини ошириш учун янги тизим бўлади. Олий ўқув юртлари қошидаги жами 73 та академик лицейда тажриба тарзида “Халқаро бакалавриат” ва “A-Level” дастури жорий қилинади. Бу дастурлар асосида сертификат олган ўқувчилар ўша олийгоҳга имтиҳонсиз, контракт асосида қабул қилинади;
  • “SAT” тестида 75 фоиздан юқори натижа кўрсатган ўқувчилар мамлакатимиз университетларига ҳам грантга қабул қилинади;
  • Ногиронлиги бўлган ёшларга чет тили бўйича миллий сертификат олишда компьютерда имтиҳон топшириш шароити яратилади;
  • Ёшларимиз халқаро олимпиадаларнинг назарий қисмида ҳар доим юқори натижаларга эришса-да, лаборатория машқларини бажаришда пастроқ балл олаяпти. Шу боис энди Президент мактаблари агентлиги қошида Олимпиадаларга тайёрлаш маркази очилиб, махсус лабораториялар билан жиҳозланади. Халқаро олимпиадада қатнашувчи терма жамоа режа асосида ушбу марказда тайёргарлик кўради. Бунинг учун ҳар бир фан бўйича малакали олим ва хорижий мутахассислар жалб қилинади;
  • Олий таълимнинг биринчи ва иккинчи курсларидаги фанлар техникумлар билан уйғунлашади. Техникумда яхши ўқиган ёшларга халқаро классификаторнинг тегишли даражасига мос келувчи диплом берилади. Уларга олийгоҳни иккинчи ёки учинчи курсдан ўқишни контракт асосида давом эттириш имконияти берилади. Касби бўйича малака даражаси ва икки йиллик стажи бор ёшлар корхона тавсияси билан контракт асосида олий таълимга қабул қилинади;
  • 1 августдан бошлаб, ахборот технологиялари соҳасида ўзини ўзи банд қилган ёшларга IT-парк резиденти мақоми берилади. Улар уч йил муддатга барча солиқлардан озод қилинади. IT-парк томонидан уларга тиббиёт, спорт ва офисдан фойдаланиши учун “ижтимоий карта” берилади;
  • Ёшларни катта даромад келтирадиган касбларга ўргатиш, юқори қўшилган қиймат яратадиган лойиҳаларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар тадбиркорлиги жамғармаси Ёшлар агентлиги тизимига ўтказилади. Лойиҳанинг тайёр бизнесга айланиб, даромад келтиришгача барча жараёнда кўмаклашилади. 14 та туман танлаб олиниб, “тўртинчи саноат” касбларига ўқитиш маркази очилади;
  • Жамғарма томонидан ҳудудлардаги Ёшлар саноат зоналарида бинолар қурилиб, “саноат ипотекаси” асосида юқори қиймат яратадиган лойиҳалар учун ёшларга 7 йилда бўлиб тўлаш шарти билан берилади. Бунда биринчи йили тўлов ундирилмайди;
  • Ҳар бир вилоятдаги биттадан Баркамол авлод марказида “Креатив саноат парклари” ташкил қилиниб, уларга IT-парк резидентлари учун назарда тутилган имтиёзлар берилади. Бу жойлар ёш тадбиркорлар, илм ва бизнес ўртасида мулоқот майдончаси бўлади. Жамғарма бу ердаги ёшларнинг “стартаплари”га уч йилга 100 миллион сўмгача ссуда беради;
  • Магистрал йўллар бўйида 50 мингта кўчма савдо нуқталари ташкил қилиниб, ёшларга ижарага берилади. Бунда дастлабки 6 ойда ёшлар ижара ҳақи ва солиқ тўламайди;

Шунингдек, бугунги ёзги таътил даврида мактаб, коллеж, олий ўқув юртларининг стадионлари, спорт зали, бассейн ва кутубхоналари маҳалла ёшлари учун доим очиқ бўлиши белгиланди. Шунингдек, ёз мавсумида спорт мусобақалари, ижодий танловлар ва кино кунлари ўтказилиши айтилди. Ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва уларнинг даромадларини ошириш мақсадида меҳнат ярмаркалари ташкил қилиниб, 350 минг ёшларни ишга жойлаштириш чоралари кўрилади. Шунингдек, 100 минг кишини қурилиш ишларига жалб қилиш мумкин.

Ҳотин-қизларга кўмаклашиш, шароитларини яхшилашга эътибор давом эттирилади. Оғир шароитга тушиб қолган хотин-қизлар учун барча ҳудудларда 1 хонали ижтимоий уйлар қурилади. Улар ишга жойлашиб, “оёққа туриб олгунга қадар”, ушбу уйларда 3 йил давомида бепул яшаши мумкин бўлади.

Соғлиги туфайли ишга қатнай олмайдиган қизлар хонадонида касаначилик ёки масофавий иш билан таъминланади. Бундан ташқари, уч ёшгача фарзанди бор талаба-қизларга масофавий таълим олиш имконияти яратилади.

Бўлиб ўтган йиғилиш очиқ мулоқот шаклида бўлди. Юртимизнинг турли ҳудудларидан қатнашган ҳамда чет элларда ўқиётган ёшлар ўз фикр ва таклифларини Давлатимиз рахбарига билдирди.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир ота-она, ҳар бир хонадон, ҳар бир маҳалла, бугунги кунда фарзандларимиз, ёшларимиз таълим-тарбиясини энг асосий вазифа сифатида билиб, ёшларни халқимизга ёт ва янги авлод онги учун зарарли бўлган салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш, миллат ва давлат тараққиётини дунё ҳамжамиятига кўрсатишга қодир бўлган ёш авлодни тарбиялаши ҳам қарз, ҳам фарздир. Зеро, инсон ҳаёти одоб-ахлоқ, таълим-тарбия билан бевосита боғлиқ.

Муҳтарам юртбошимизнинг ёшлар учун яратиб берган ушбу имкониятлар Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда асос бўлади.

Янги Ўзбекистоннинг келажак ёшлари учун янги имконият ва ҳуқуқий кафолатлар яратилди.

Муродбек Раҳмонбердиев

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи

Жиззах вилояти Кенгаши раиси;

Ҳалқ депутатлари Жиззах

вилояти Кенгаши депутати.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!