» » Сайёҳларни Жиззахга нима жалб этмоқда?

Сайёҳларни Жиззахга нима жалб этмоқда?

24 сентябрь 2024 г 273 Комментарии: 0

Жиззах вилоятида туризм хизматлари сифат жиҳатдан яхшиланиб, сайёҳлар оқими тобора ошиб бормоқда. Инфратузилмадаги ўзгаришлар кўзни қувонтиради.

Дарҳақиқат, Зомин, Бахмал, Фориш ва Янгиобод туманларида туризм ва зиёрат туризмини, Шароф Рашидов, Ғаллаорол, қисман Дўстлик ва Пахтакор туманларида гастрономик, Айдар – Арнасой кўллар тизими атрофидаги Арнасой, Фориш туманлари ва Жиззах шаҳрида эко, гастрономик ҳамда зиёрат туризмини ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд.

Жорий йилнинг 8 ойи давомида Жиззах вилоятига 298 минг нафар хорижий ва 976 минг нафар маҳаллий сайёҳлар келгани қайд қилинган. Чет эллик сайёҳларнинг асосий қисмини Хитой, Жанубий Корея, Италия, Мексика, Польша, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция ва Швейцария давлатлари фуқаролари ташкил этмоқда. Уларга туризм объектларида яратилган шароитлар, миллий урф-одатлар, ҳунармандчилик буюмлари, маҳаллий таомлар, ҳудудларнинг бетакрор табиати, хушманзара тоғлар ва адирликлари манзур бўлиб, 5 кунлик “7 юлдуз” туризм ҳалқаси бўйлаб саёҳат қилиш завқ бағишлайди.

— Бу йил Жиззах вилоятида туризм хизматлари экспортини 50 миллион АҚШ долларидан ошириш мақсад қилинган, — дейди вилоят туризм бошқармаси бошлиғи Азиз Эгамбердиев. — Сайёҳларни муносиб кутиб олиш ва уларнинг мароқли дам олишини таъминлаш учун 2024 йилнинг ўтган даврида 1 та меҳмонхона, 9 та хостел, 11 та оилавий меҳмон уйи фаолияти йўлга қўйилди. Йиллик режа 80 фоизга бажарилди. Бу вилоятга келаётган хорижий сайёҳларни тўлиқ жойлаштириш имкони яратилганидан далолат беради.

Сўнгги йилларда Фориш туманида ҳам туризм соҳасини изчил ривожлантириш, янги туристик объектларни ишга туширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

— Ҳудуддаги “Дўстлик”, “Ўхум”, “Сайёд”, “Учқулоч” маҳаллаларини босқичма-босқич туризм маҳаллаларига айлантириш мақсадида меҳмонхоналар, туризм ва хизмат кўрсатиш масканлари, туристик даволаш-соғломлаштириш мажмуаси, хостел ҳамда оилавий меҳмон уйлари бунёд этилаяпти, — дейди вилоят туризм бошқармаси бош мутахассиси Дилором Холмирзаева. — Туманда 2023 йилда умумий қиймати 5 млрд. 787 млн. сўм бўлган 2 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди.

Айтиш лозимки, Жиззах вилоятида экстремал-тоғ туризмини ривожлантириш, айниқса, тоғ чўққисини забт этиш, ғорда сайр, сноуборд, тоғ велосипеди учун ажойиб имкониятлар бор.

Бугунги кунда хайкинг (тоғ сўқмоқларида пиёда юриш) бутун дунёда оммалашиб боряпти. Туркистон тоғ тизмаси бу мақсад учун жуда мос келади, аммо гап бундай саёҳатни ташкил этиб берадиган мутахассислар ҳақида борганда масалага жиддий ёндашиш зарур. Сайёҳ ўзи сайр қиладиган ҳудуднинг хавфсизлигига тўла ишонч ҳосил қилиши, гид-инструктор эса уни қизиқарли ва қулай сўқмоқларга бошлаб бориши керак. Демак, жисмоний, мукаммал техник тайёргарлик ҳамда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмасига эга экстремал ва тоғ туризми бўйича мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Сентябрь ойининг дастлабки ўн кунлигида ташкил этилган икки кунлик ўқув семинарда вилоятда фаолият олиб бораётган гид-йўлбошчилар учун назарий билимлар берилди. Аҳамиятлиси, Россия Федерациясидан мутахассис – пиёда туризми бўйича олий тоифали тренер, спорт устаси Борис Карпов ҳамда Ўзбекистон Экстремал ва тоғ туризми федерацияси раиси Леонид Козловский жалб этилди.

Бахмал, Зомин ва Фориш туманларида экстремал ва тоғ туризми учун имкониятлар аниқланган. 4 йилдан буён Бахмал туманида экстремал тоғ туризми бўйича халқаро мусобақа ўтказиб келинаётганлиги ҳам вилоятнинг сайёҳлик салоҳиятини яққол намоён этади.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!