Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Хотин-қизлар даромадли иш билан таъминланмоқда
25 октябрь 2024 г 194 Комментарии: 0
Инсон ҳамиша ўз меҳнати билан қадрланади. Ҳалол пешона тери эвазига оиласига, хонадонига қут-барака, фаровонлик киради.
Президент Халқ қабулхоналарининг тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш фаолияти ҳам айни шу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. Бу борада Жиззах вилоятида қатор ибратли ишлар йўлга қўйилиши натижасида кўплаб ёшлар ва хотин-қизлар даромадли иш ўринларига эга бўлмоқда.
Бахмал туманида истиқомат қилувчи 75 нафар хотин-қизларга Халқ қабулхонаси ҳисобидан тикув машиналари ва электр печлари олиб берилиб, уларнинг ишлаб даромад топиши, бири икки, рўзғори бут бўлиши учун қўшимча имконият яратилди. Шунингдек, томорқадан самарали фойдаланиш, чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик, асалари боқиш йўналишларида иш бошлаб, бугунги кунда рўзғорига яхшигина даромад келтираётганини алоҳида эътироф этиш лозим.
— Фаолият олиб бораётган «секторлар», «еттилик»лар Халқ қабулхоналари ходимлари билан биргаликда маҳаллаларда уйма-уй юриши натижасида аҳолидан тушган мурожаатлар таҳлил қилинди. «Мурожаатдан даромадгача» ғояси асосида туманда 75 нафар ишсиз хотин-қизларга тикув машиналари берилиб, уларнинг бандлиги таъминланди. Шу билан бирга, 22 нафар тадбиркорларга бириктирилиб, кунлик даромад олиши йўлга қўйилди. Бу масалани янада кенгайтириш сектор раҳбарлари, жойлардаги «еттилик» аъзолари ва бизнинг кундалик вазифамиз сифатида белгилаб олинган, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бахмал туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Фурқат Мухторов.
Тикув машинаси берилган 75 нафар хотин-қизлар ва чеварчилик соҳасида бой тажрибага, энг муҳими, ўз харидорларига эга бўлган тадбиркорлар ҳисобига кичик кооперациялар ташкил қилинган.
Хусусан, «Наврўз» қишлоғида яшовчи Зулайҳо Йўлдошева ўзи ва маҳалладаги хотин-қизлар меҳнати орқали тикилган кийим-кечакларни пойтахт бозорларига етказиб, даромадини ошириб бормоқда. Буюртмаси кундан-кун кўпайиб бораётган бу оилавий корхонага яна 9 нафар янги тикув машинаси берилган хотин-қизлар бириктирилиб, ишчилар сони 22 нафарга етказилди. Бу айни пайтда моддий имкониятларнинг ҳам кўпайишига хизмат қилмоқда.
– Тикувчилик цехимиз очилганига 6 ой бўлди. Шунга қарамасдан ҳозирда кўплаб хотин-қизлар ишли бўлишди. Меҳнатимизга қараб ҳафталик, ўн беш кунлик, ойлик маош оляпмиз. Бир ойлик маошимиз ўртача уч миллион сўмни ташкил қилади. Бунинг натижасида рўзғоримизга ҳам анча барака кирди. Ўзимнинг уч нафар фарзандим бор. Уларнинг кийим-кечаклари, еб-ичишлари учун анча ёрдам бўляпти, — дейди тикувчи Муборак Эшбекова.
Тумандаги «Бахмал» маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият кўрсатаётган тадбиркор Манзура Астонова ҳам янги тикув машинаси берилган хотин-қизларга ўргатувчи сифатида бириктирилган. Ҳозирда бу чекка маҳаллада ҳам кўплаб хотин-қизлар меҳнати ортидан даромадга эга бўлмоқда.
—Ўзим асосан уй шароитида тикувчилик қилар эдим. Бир дона тикув машинам бор эди. Кейин кредит асосида қўшимча 3-4 та олдим. Маҳалламиз томонидан ишсиз аёлларни шу соҳага ўргатиш бўйича шароит яратиб берилди. Мана, ҳозир шунинг ортидан яна бир қанча иш излаган қўни-қўшниларимиз даромадга ҳам кириб қолишди. Эндиликда ёш қизлар ва келинчаклар учун ҳам ўқув марказларини йўлга қўйдик. Ушбу курсларни битирганларга махсус сертификат берилади. Демак, улар ҳам келажакда ўз маҳаллаларида фаолият олиб бориб, кафолатли даромад қилади. Муҳими, улар ҳеч кимга муҳтож бўлмайди, – дейди тадбиркор Манзура Астонова.
“Давлат” маҳалласида ҳам худди шундай тикувчилик жамоаси шакллантирилган. Ҳозирда уларнинг ҳам ўз маҳалласига нафи тегмоқда. Уй рўзғор буюмлари, тўй-маросимларда маҳалладошларининг эҳтиёжи учун хизмат қилаётган меҳнат жамоаси моддий имкониятларини ҳам тобора ошириб боряпти. Аёллар либослари, болалар кийимлари, кўрпа-ёстиқ, айниқса, ёш келинлар учун буюртмалар ўз ўрнида маҳалладаги ёш қизларнинг ҳам чеварчиликка қизиқишини оширмоқда.
Туман Халқ қабулхонаси томонидан «Мурожаатдан даромадгача» лойиҳаси асосида сектор раҳбарлари, Халқ қабулхонаси ҳамда «Маҳалла еттилиги» билан биргаликда уйма-уй юриш, оммавий қабулларда аниқланган мурожаатларни ўрганиш баробарида, ҳозирги кунда ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш 75 нафардан 133 нафарга етказилди. Лидер тадбиркорлар рўйхати ҳам 22 тадан 45 тага ошган.
Ўзининг амалий тасдиғини топган халқ билан мулоқотнинг бундай янги тизими ана шундай механизм асосида босқичма-босқич кенгайтириб борилмоқда.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!