Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахдаги "Велотрек" BMX спорт мажмуаси UCI сертификатига эга бўлиш остонасида
21 апрель 2022 г 695 Комментарии: 0
Спортчиларимизнинг халқаро мусобақалардаги муносиб иштироки билан ҳудудларда бир-биридан кўркам, замон талабларига жавоб берадиган велоспорт мажмуалари бунёд этилмоқда ва мавжудлари таъмирланмоқда.
Маълумки, Жиззахда 3400 ўринга мўлжалланган замонавий "Велотрек" BMX спорт мажмуаси 2021 йили бунёд этилган эди.
Айтиш лозимки, бундай иншоотлар дунёда атиги 32 та бўлиб, юртимиздаги трасса бу йўналишдаги 33-иншоот ҳисобланади.
Конференция ва спорт зали, VIP майдон, 2 та теннис корти, 2 та мини-футбол учун майдончалар ва 100 ўринли меҳмонхона ҳар қандай кишида илиқ таассурот қолдириши шубҳасиз.
Ўзбекистонда ягона бўлган мазкур иншоотни халқаро талаб меъёрлари бўйича керакли ҳужжатларга эга чиқишига шароит яратиш ва шу асосда мамлакатимизда нуфузли мусобақаларни қабул қилишга эришиш учун куни кеча Ўзбекистонга Халқаро велосипедчилар иттифоқи (UCI)нинг махсус делегацияси келди.
4 кишидан иборат UCI делегацияси Жиззах шаҳрида қад ростлаган BMX трассаси ва унинг атрофида барпо этилган мажмуалар билан яқиндан танишади.
Режага биноан улар дастлаб трасса бўйлаб ҳаракат қилиб кўришади ва ўз фикрларини билдиришади. Шундан сўнг делегация аъзолари умумий хулосани тақдим этишади.
Жиззахдаги мазкур спорт иншооти халқаро стандарт ва меъёрларга жавоб беради деб топилса, ушбу аренада келажакда турли таснифдаги халқаро мусобақаларни ўтказиш ҳуқуқини берувчи UCI сертификати тақдим этилади.
Бу эса Ўзбекистон спорти, хусусан велоспортни янги йўналиш билан бойишига хизмат қилади.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!